Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:52

"Божалар" солисти ҳалок бўлди


Сурхондарё вилоятида содир бўлган автоҳалокат "Божалар" гуруҳи солисти Мўмин Ориповнинг (ўнгда) умрига нуқта қўйди.
Сурхондарё вилоятида содир бўлган автоҳалокат "Божалар" гуруҳи солисти Мўмин Ориповнинг (ўнгда) умрига нуқта қўйди.

Ўзбек ёшлари орасида шуҳрат қозонган “Божалар” гуруҳи хонандалари Тожикистондаги концерт дастурларидан сўнг Тошкентга қайтаётганида автоҳалокатга учради.

Аввалроқ гуруҳ ижрочиларидан бири Мўмин Орипов воқеа жойида нобуд бўлган, Жаҳонгир Позилжонов ва гуруҳ раҳбари Жавлон касалхонада оғир аҳволда қолаётгани хабар қилинган эди.

30 июн куни эрталаб ўзбекистонлик айрим манбалар хонанда Жаҳонгир Позилжоновнинг ҳам Термиз касалхонасида ҳаётдан кўз юмганлиги ҳақида маълум қилдилар. Аммо бу хабар, ҳозирча ўз тасдиғини топмади.

Айни пайтда Ўзбекистон шоу-бизнеси билан боғлиқ воқеалардан хабардор манбалар душанба куни Жаҳонгирнинг оёғи операция қилингани ва ҳозирда у ўзини анча яхши ҳис қилаётгани ҳақида айтмоқдалар.

Мазкур фожеа 28 июндан 29 июнга ўтар кечаси Сурхондарё вилоятида содир бўлган.

Гуруҳ аъзолари кетаётган “Ласетти” русумидаги енгил автомашина катта тезликда “Камаз” юк машинаси билан тўқнашиб кетгани хабар қилинмоқда.

Ҳодиса юзасидан энг сўнгги тафсилотларни бериб бораётган www.sardormirzo.com сайтининг хабар қилишича, Мўмин Ориповнинг жасади кеча Тошкентдаги Себзор даҳасидаги уйига келтирилган.

Марҳумнинг жанозаси бугун эрта тонгда ўқилди.

Ушбу воқеа “Божалар” гуруҳининг юз минглаб ишқибозлари учун оғир йўқотиш бўлди.

-Афсус, жуда фожеали хабар. Майкл Жексоннинг ўлими ҳам бунчалик таъсир этмаганди, ростини айтсам. Ўзидан кетмаган ўзимизнинг оддий болалар эди.

“Жийда гуллаганда” қўшиғи жуда ёқарди менга. Уларнинг қўшиқларини биздан катталар ҳам яхши кўриб эшитишарди. Аллоҳ раҳмат қилсин, дейди “Божалар” гуруҳи мухлисларидан бири.

2000 йилда пайдо бўлган “Божалар” гуруҳи ўзларининг “Жийда гуллаганда”, “Бойвачча” ва “Хоразмча” қўшиқлари билан ўзбек ёшлари орасида машҳур бўлди.

“Божалар”нинг жуда содда ва айрим ҳолларда ҳажвий кўринган ашулалари матни остида ўзбек ёшларининг бугунги ҳаёти, дарди ва орзулари яширинганини сезиш мумкин.

Мўмин Орипов ва Жаҳонгир Позилжоновлар нафақат хит қўшиқлар ижрочилари сифатида, балки “Бойвачча” ва “Нортой” каби бир қатор бадиий фильмлар қаҳрамонлари сифатида танилган.
XS
SM
MD
LG