Линклар

Ўзганда яна бир жангари ўлдирилди


2009 йилнинг 29 июнида кечга яқин Ўзган туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан яна бир қуролли жангари ўлдирилди. Буни Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Жениш Аширбаев тасдиқлади.

Маълум бўлишича, ўзларидаги маълумотларга асосланган милиция ходимлари 27 июн куни Ўзганда ўтказилмиш амалиётда ўлдирилган жангариларнинг тарафдорларини қидириш ишларини давом эттираётган пайтда кунбоқар экилган далада қуролланган кишига дуч келганлар.

Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, у милиция ходимларига қарата ўт очган ва граната улоқтирган. Ўзаро отишма чоғида қуролли киши ўлдирилган, бир милиция ходими енгил жароҳат олган.

Эслатиб ўтамиз, 27 июн куни Ўзган туманининг Қўшқўрғон участкасида Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан 3 жангари ўлдирилганди. Қўмита тарқатган баёнотда айтилишича, жисмонан йўқ қилинган шахслар “Исломий жиҳод гуруҳи” аъзолари ва халқаро террорчилардир.
XS
SM
MD
LG