Линклар

"Ўзбекистонда ўзгариш бўлишига умид йўқ"


Freedom House ташкилоти ҳам 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистондан ҳайдаб чиқилган халқаро гуруҳлардан биридир.

Freedom House ташкилоти ҳам 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистондан ҳайдаб чиқилган халқаро гуруҳлардан биридир.

Freedom House ташкилоти 30 июн куни эълон қилган “Ўтиш давридаги давлатлар” туркумидаги янги ҳисоботда Ўзбекистондаги демократия ва фуқаролик жамияти вазияти қўрқинчли деб топилди.

“2008 йилда Ислом Каримов конституцияга қарши учинчи муддат президентликни бошлаганидан бери Ўзбекистондаги ночор вазият янада баттарлашди.

Аммо 2008 йил давомида Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга нисбатан стратегик эҳтиëжнинг кучаюви¸ Ғарб давлатларини ўз танқидларини ичга ютиш ва Андижон воқеалари муносабати билан жорий этилган санкцияларни олиб ташлашга мажбур қилди“¸ деб бошланади ўтган йилги жараëнлар таҳлилига бағишланган янги ҳисобот.

2004 йилдан бери Марказий Европадан то Евроосиë минтақасига чўзилган 29 давлатдаги демократик ривожланиш суръатини кузатиб келаëтган “Ўтиш давридаги давлатлар” туркуми муаллифлари¸ у ëки бу мамлакат¸ хусусан Ўзбекистондаги вазиятни 7 кўрсаткич бўйича баҳолайдилар.

Миллий демократик Бошқарув¸ Сайлов жараëни¸ Фуқаролик жамияти¸ Эркин матбуот¸Маҳаллий демократик бошқарув¸ Адлия тизими мустақиллиги ва Коррупция вазиятига бағишланган алоҳида бўлимларда нафақат махсус олинган соҳалардаги вазият ўрганилади¸ балки бу вазиятга 1 дан 7 гача бўлган оралиқда баҳо ҳам берилади - 1 демократик прогресдаги энг юқори баҳо бўлса¸ 7 унинг энг қуйисини англатади.

“Ўтиш давридаги давлатлар” туркумининг Ўзбекистонга бағишланган янги ҳисоботида Ўзбекистон 7 кўрсаткичдан бештаси бўйича энг ëмон баҳо – 7 га лойиқ деб топилди.

- Ижроия ҳокимияти яна мамлакатни тўлиқ назоратда ушлашни давом эттирди ва ҳозирги режим ҳокимиятда қолар экан¸ бу вазиятнинг ислоҳ қилинишига ишонч учун мутлақ асослар йўқ. Шу боис Ўзбекистоннинг миллий демократик бошқарув бўйича рейтинги 7 баллигича қолдирилди¸ дейилади ҳисоботнинг Миллий демократик бошқарув бўйича баҳоси изоҳида.

- 2008 йил давомида Ўзбекистон расмийлари ëхуд мамлакатда рўйхатга олинган бирор фуқаролик гуруҳидан сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича бирор таклиф бўлгани йўқ. 2009 йилга белгиланган парламент сайловлари яқинлашар экан¸ мамлакатда янги¸ ҳақиқий муқобил партияларнинг сайловда қатнашишига йўл очувчи бирор жараëн кузатилмади. Шу боис¸ сайлов жараëни бўйича ҳам Ўзбекистон рейтинги яна 7 баллигича қолдирилди¸ дейилади дейилади ҳисоботда.

- Мамлакатда бирорта мустақил сиëсий¸ ижтимоий ëхуд диний гуруҳ¸ айни пайтда¸ эркин матбуот ва мустақил журналистлар қолмагани ва буларга яқин орада йўл берилишига оид бирор ишорат йўқлиги боис¸ Ўзбекистоннинг ҳам Фуқаролик жамияти¸ ҳам Эркин матбуот бўйича кўрсаткичи яна энг тубанда – 7 баллда қолдирилди¸ дейилади “Ўтиш давридаги давлатлар” туркумининг Ўзбекистонга оид янги ҳисоботида.

Адлия тизими мустақиллиги вазиятига ҳам энг паст 7 балл баҳо берган Озодлик уйи ҳисоботида Ўзбекистондаги маҳаллий демократик бошқарув вазиятига 6.75 балл¸ коррупция авҳолига эса¸ 6.50 баллик баҳо берилган.

Ҳисоботда¸ Ўзбекистонда 2009 йили нималарни кутиш мумкинлигига ҳам қисқача тўхталган ҳисобот муаллифи¸ Ислом Каримов ҳокимиятда қолар экан¸ на 2009 йил ва на ундан кейинги йилларда мамлакатдаги вазиятнинг ўзгариши мумкинлигига ишонч берувчи бирор аломат йўқлигини таъкидлайди.

Дунë бўйлаб демократия ва инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи Freedom House – Озодлик уйи ташкилотининг “Ўтиш давридаги давлатлар” туркумидаги йиллик ҳисоботлари коммунистик режимдан демократик бошқарувга ўтишига умид қилинган собиқ социалистик давлатлардаги жараëнлар таҳлилига бағишланади.

“Ўтиш давридаги давлатлар” туркумидаги ҳисоботлар хориж ҳукуматлари¸ шунингдек йирик бизнес ширкатлари томонидан у ëки бу мамлакатдаги вазиятнинг нақадар барқарорлигини баҳолаш учун қўлланиладиган нуфузли тадқиқотлардан бири ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG