Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:45

Сайлов пойгасига “жинлар” ҳам қўшилди


Қирғиз мухолифати лидерларидан бири Азимбек Бекназаров фикрича, мухолифат номзоди Алмазбек Атамбаевни унинг рақиблари жинга чалдиришмоқчи бўлган.
Қирғиз мухолифати лидерларидан бири Азимбек Бекназаров фикрича, мухолифат номзоди Алмазбек Атамбаевни унинг рақиблари жинга чалдиришмоқчи бўлган.

Қирғизистон президентлик сайловига бир ойдан камроқ вақт қолар экан¸ олий мансаб учун бораëтган курашда ҳар хил ноқонуний усуллар¸ҳатто шайтоний кучларнинг ҳам ишга солинаëтгани айтилмоқда.

Кўп мамлакатларда сайловолди тарғиботи жараёни шов-шувларсиз ўтмаган. Қирғизистонда эса бунақа сенсацияларни асосан мухолифат вакиллари тақдим этадилар.

Масалан, қирғиз мухолифатидан президентликка ягона номзод Алмаз Атамбаев жалолободликлар билан учрашув чоғида ўз мувозанати ва сўзлаш қобилиятини йўқотиб қўйди.

Президентликка номзод ҳар бир сўзни ўта қийналиб талаффуз қилди, мувозанатини сақлаши учун эса икки киши уни икки томонидан суяб турди.

Ўша учрашув чоғида қирғиз мухолифати лидерларидан бири Азимбек Бекназаров мухолифат номзоди Алмазбек Атамбаевга “кўз теккани, мухолифат номзодини жинга чалдириш мақсадида рақиблари уни “куф-суф” қилдиришгани” тўғрисида баёнот берди.

Амалдаги президент Қурмонбек Бакиевга хайрихоҳ бўлган оммавий ахборот воситалари эса бу ҳолатни “Алмазбек Атамбаев сайловчилар билан учрашувга маст ҳолатда борди, мухолифат номзоди танасига суқилиб кирган жинни тузланган бодринг суви билан қувиб чиқариш керак” деган масхараомуз мазмунда шарҳладилар.

Алмаз Атамбаев тарафдорлари бу маълумотни ўз номзодлари шаънига айтилган ҳақорат сифатида баҳоламоқдалар.

- Сайловда нопок методлар қўлланилаётгани аниқ сезилиб қолди. Рақиблар очиқдан-очиқ нопок усуллар билан кураш олиб бормоқдалар. Буни матбуотда берилаётган ахборотлар ҳам тасдиқлаб турибди.

Амалдаги президент Бакиевга асосий рақиб экани айтилаётган Алмаз Атамбаевни сайловчилар олдида обрўсизлантириш учун барча усуллардан фойдаланилмоқда, деди сайлов жараёни мониторингини олиб бораётган кузатувчи Динара Ўшурахунова.

Алмазбек Атамбаев эса матбуотда ўзи ҳақида пайдо бўлган кинояли ахборотларни ҳақорат сифатида қабул қилишини ва бундай ҳақоратларни тарқатган телеканалларни судга беришини маълум қилди.

Айни пайтда қирғиз мухолифатидан президентликка ягона номзод бўлган Алмазбек Атамбаев ҳукумат томонидан унга нисбатан турли тўсиқлар қўйилаётгани ҳақида баёнот берди.

Алмазбек Атамбаевнинг тарғиботчилари эса ҳуқуқ-тартибот тузилмалари уларга ташвиқот варақалари тарқатишларига халақит бераётганини айтадилар:

- Ташвиқот варақалари, газеталарни тарқатишимизга маҳаллий ҳокимиятлар қаттиқ халақит қилмоқдалар. Бундан ташқари, бизнинг тарғибот варақаларимизни ўқиётган сайловчиларни ҳам “Нега Атамбаевнинг варақасини ўқияпсан”, деб босим кўрсатишяпти, деди Атамбаевнинг ишончли вакили Жирғалбек Турдиқўжўев.

Бироқ Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси “кўз теккан” президентликка номзоднинг тарафдорлари билдираётган айбловлар асоссиз эканини айтмоқдалар.

Марказий сайлов комиссияси расмийси Самат Бўрибоев фикрича, Алмазбек Атамбаев тарғиб қилинган варақаларда бошқа номзодларга нисбатан ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар борлиги аниқланган.

Шу важдан ҳам жой-жойларда бу варақаларни тарқатишга тўсқинлик қилинган бўлиши мумкин ва буни президентликка номзодга босим кўрсатиш сифатида қабул қилмаслик керак.

- Айрим номзодларнинг ишончли вакиллари, Бош прокуратура бизга варақаларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар борлиги юзасидан маълумотлар беришган. Шунинг учун ҳам Марказий сайлов комиссияси бу масалани ўрганиб чиқди.

Ҳақиқатан ҳам Алмаз Атамбаевнинг тарғибот варақаларида бошқа номзодларни обрўсизлантириши мумкин бўлган маълумотлар борлиги аниқланди.

Шунинг учун Марказий сайлов комиссияси номзод Атамбаевни огоҳлантирди, деди Самат Бўрибоев.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси расмийси бу қарор мухолифат номзодига босим кўрсатиш воситаси эмаслигини алоҳида таъкидлади.

Негаки, Алмаз Атамбаевга огоҳлантириш берилган куни Марказий сайлов комиссияси амалдаги президент Қурмонбек Бакиевга тегишли бир қатор билбордлар ноқонуний ўрнатилгани ва улар олиб ташланиши шартлиги тўғрисида ҳам қарор чиқарган.

Қирғизистонда президентлик сайловлари 2009 йилнинг 23 июлида бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG