Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:51

Жийданинг гули тўкилди


Сешанба куни эндигина 25 га кирган Мўминжон (ўнгда) жасади тупроққа қўйилди.
Сешанба куни эндигина 25 га кирган Мўминжон (ўнгда) жасади тупроққа қўйилди.

Ўз ялтироқ кийимларию қимматбаҳо машиналарини кўз-кўз қилувчи гуруҳлардан фарқли қўшиқларини ўзбекнинг жайдари манзараси фонида куйлаб шуҳрат топган “Божалар” бошига тушган фожеа кўпчиликни қайғуга солди.

“Божалар” гуруҳи хонандаси Мўмин Ориповнинг жанозаси сешанба эрталаб ўқилди. Машҳур хонанда Тошкентдаги “Тешик қопқоқ” мозористонида дафн қилинди.

Одатда¸ ўйинқароқ ëш-яланг мухлис болаларнинг юзлари жиддий¸ мухлис қизларнинг кўзларидан шашқатор ëш оқар эди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда хонандани сўнгги йўлга кузатган ҳамкасби Бахтиëр.

“Божалар” гуруҳи хонандалари Тожикистондаги концерт дастурларидан сўнг Тошкентга қайтаётганида¸ 28 июндан 29 июнга ўтар кечаси автоҳалокатга учради.

Гуруҳ аъзолари кетаётган “Ласетти” русумидаги енгил автомашина катта тезликда “Камаз” юк машинаси билан тўқнашиб кетгани фожеали оқибатга олиб келди.

Сешанба куни жасади тупроққа берилган Мўмин Орипов воқеа жойида нобуд бўлди.

Жаҳонгир Позилжонов ва гуруҳ раҳбари Жавлоннинг Термиздаги касалхонада секин –секин ўзига келаëтганини сурхондарëлик врачлар тасдиқлашди.

“Жийда гуллаганда” қўшиғи ижрочининг ўлим кунида олдингидан бошқача маҳзун бир оҳанг касб қилгандай янграмоқда.

Яна баҳор келиб жийда гуллаганда¸ асаларининг унга оҳиста қўнганини “Божалар” гуруҳи солисти Мўминжон энди кўра олмайди.

Сешанба эрталаб Мўминжон мангу йўлчилика чиқди¸ дейди унинг тобутига елка тутган ҳамкасби Бахтиëр.

Бахтиëр: Эрталаб бомдодда Мўминжонни қўйиб келдик. Жаҳонгир ва Жавлонлар тирик. Улар Термиз касалхонасида ëтишибди. Мўмин 25 ëш экан.

Озодлик: Жанозада одам кўп бўлдими?

- Ҳа¸ тумонат одам келди. Роса кўп бўлди. Тобут сузиб кетди. Мўмин киноларда ҳам ўйнаган эди.

Кинолар ëзадиган Жаҳонгир тузук. Оëғи синган¸ бош мияси чайқалган. Ҳозир Термиздаги касалхонада.

Энди булар машинада келишаëтган экан¸ Камазнинг тагига кириб кетиб қолишибди. Концертдан кейин овқатланиб¸ бирпас дам олмасдан¸ “қайтамиз” деб йўлга тушишган.

“Самолëтда бориб келинглар” дейишса¸ “Машинада тезроқ бориб келамиз” деб машинада кетишган. Ўзи Америкадан келишганига тўрт-беш кун бўлган эди. Америкада 15 кун концерт қўйиб келишган эди¸ дейди Бахтиëр.

“Божалар” гуруҳининг чет элдаги мухлисаларидан бири Севара учун бу хабар кутилмаган ва нохуш бўлди.

- Шокка тушдим. Умуман гапира олмайман. Нима дейишни ҳам билмайман. Жуда ҳам кутилмаган бахтсиз ҳодиса бўлибди. Яхши болалар эди¸ дейди Севара.

Севара эшитган хабар қўшиқда айтилган аччиқ ҳаëт ҳақиқати эди.

Ярангизни янгилашга йўқ ният¸
Бунинг барчаси оддий ҳақиқат.


Бундан атиги уч кун олдин Мўминжон “Мен энди кетар бўлдим” деб куйлаган эди.

Кетар бўлдим ман¸
Учар бўлдим осмонларга¸
Ман кетар бўлдим-


“Божалар” гуруҳининг ўлими ҳақида ўзбек матбуотидаги жимлик турли миш-мишлар урчиши учун замин яратди.

“Термиздаги касалхонанинг тезкор бўлимида қолаëтган гуруҳнинг қолган икки аъзоси ҳам ўлибди”¸ деган хабарнинг баъзи интернет нашрларида эълон қилиниши¸ шундоқ ҳам ғуссага ботган қариндош-уруғларнинг дилини оғритди¸ дейди Бахтиëр.

- Телевидениедан бу ҳақда айтишмади. Кеча интернетда “Жаҳонгир ҳам ўлди” деб нотўғри хабар тарқатиб юборишибди. Жаҳонгир ўлмаган. У Термиз шаҳридаги касалхонанинг реанимация бўлимида ўтибди. “Мўминдан кейин Жаҳонгир ҳам ўлди”¸ деб нотўғри хабар тарқатиб юборишган¸ дейди Бахтиëр.

Ўзбекистоннинг ялтироқ қўшиқ дунëсини ëритишга интилаëтган www.shov-shuv.uz нашри муҳаррири Жаҳонгирдан бу ҳолатга изоҳ сўрадик.

- Бошқа сайтларни билмадим¸ лекин биз тўғри маълумот бераяпмиз. Ҳақиқатан нотўғри маълумот бериб юборишаяпти¸ дейди Жаҳонгир.

Жаҳонгирнинг айтишича, “Божалар” гуруҳи автоҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар тагига фавқуллода кўп изоҳ қўйилмоқда.

- Инсон қанчалик машҳур бўлса¸ у инсон кўпчиликда қизиқиш уйғотади. Кимдир аниқ бўлмаган маълумотни эшитиб¸ кимгадир айтиб беради ва бу катта гапга айланиб кетади. Ўзбекчиликда биласизку¸ шунақа нарсалар кўп бўлади. Битта ëлғонга иккита ëлғон қўшилиб¸ шу билан тарқалиб кетиб қолади. Шунинг учун ҳам ҳақиқий бўлаëтган нарсани кўпчилик билмайди¸ дейди Жаҳонгир.

Суҳбатдош “Божалар” гуруҳининг эл орасида машҳур бўлиш сабаблари ҳақида гапирар экан¸ улар эл дилидаги оддий гапларни куйлашар ва клипларини ҳам Дубай ва Парижда эмас¸ Жиззахдаги товуқхона¸ Сергелидаги эски гаражда олаверишар эди¸ башанглик ва олифталикдан зада томошабин учун “Божалар” тамсил қилган қўшиқ дунëси ҳузур бешигидай туюлар эди¸ дейди.

Ўз вақтида “Божалар” гуруҳи айтган қўшиқлар ва улар ижросидаги кинолар ўзбек матбуотида танқид ҳам қилинган эди. Эски авлод ва янги авлод ўртасидаги эстетик қадриятлар тўқнашувидан туғилган бундай мақолалар¸ аслида “Божалар” шуҳратига шуҳрат қўшган эди¸ дейди Жаҳонгир.

- Фильмлар тўғрисида танқидлар бўлган бўлиши мумкин¸ дейди Жаҳонгир.

Сешанба куни тупроққа берилган Мўминжонни шахсан танир эдим¸ исми жисмига мос мўмингина бола эди¸ деб эслайди суҳбатдош.

- Асосан ўзини ижод томондан кўрсатишни яхши кўрадиган инсон эди. Кимларгадир ëрдам бериб¸ дуосини олганини эшитганман. Одамларнинг дуосини олишган болалар эди¸ дейди Жаҳонгир.

Баҳор келиб¸ жийда гуллаганда
Асалари қўнар экан гулларга
Севги хумор салом севишганларга
Ишлар қалай привет жаноналарга...


“Божалар” гуруҳи хонандаси Мўминжоннинг ўлими хабари¸ унинг мухлисаларининг кўзини ëшга тўлдирди. Илоҳим гуруҳнинг қолган аъзолари тузалиб кетиб¸ яна қўшиқлар айтсин¸ дейди Жаҳонгир.

Озодлик мухбири Сурхондарë билан боғланиб¸ Термиз шифохоноси тезкор бўлимида қолаëтган “Божалар” гуруҳи раҳбарининг аҳволи яхшилангани хабарини олди.

“Божалар” гуруҳининг Термиз касалхонасида ўзига келаëтган хонандаси айтган қўшиқ мисраларидан эса умид иси келади.

Аввало менинг замин узра боримга шукур
Балки бу синов¸ унда йўқ аëв
Инсон умиди ëнади гўëки олов...
XS
SM
MD
LG