Линклар

logo-print

Орзуимиз Ҳаммер - Нексиясигаям шукур


Тошкентлик суҳбатдошимизнинг айтишича, шу кунда тошкентлик ёшларнинг тушига Hammer машинаси кирадиган бўлган.

Тошкентлик суҳбатдошимизнинг айтишича, шу кунда тошкентлик ёшларнинг тушига Hammer машинаси кирадиган бўлган.

Бугунги кунда ўзбекистонликларнинг кўпчилиги учун Ласетти ва Нексия автомашиналари энг нуфузли машина бўлиб ҳисобланади. Хорижий автомобиллар эса мамлакат кўчаларида онда-сонда кўриниб қолади.

Ўтган асрнинг 90-йилларида урф бўлган “Ниссан” қўшиғида “Эски шаҳар” гуруҳи хонандаси давр ёшларининг орзуси бўлмиш япон автомашинаси ҳақида куйлаганди.

Орадан қарийб йигирма йил вақт ўтганига қарамай, ўзбек ёшлари ҳамон япон ва немис машиналари ҳақида орзу қилишдан воз кечганлари йўқ. Фақат бу орзу кўпчилик ўзбекистонликлар учун ушалмаслигича қолаётир.

Бундай орзулардан чарчаган ўртаҳол ўзбек бугун Асака заводидан чиққан машинани сотиб олса ҳам боши осмонга етади.

Жиззахлик Ўктам аканинг Жигули - ВАЗ-2106 машинаси бор, унинг эндиги нияти Нексия машинасини харид қилиш.

- Нексия машинасини олиш ниятим бор. Daewooнинг машиналари ҳозир замонавий, кўзга ташланадиган, тез юрадиган машиналар. Унча-мунчага бузилмайди.

Ҳозир 2003-2004 йилда чиққан, ҳайдалган Нексия машиналарини бозордан тахминан 12-13 миллион сўмга олиш мумкин. Сал пул тушса, Нексия олиш ниятим бор. Ҳозир кўпчиликда Нексия ва Ласетти машиналари, дейди жиззахлик суҳбатдош.

Гувоҳи бўлганингиздек, Ўктам ака пул йиғиб, орзусини амалга оширмоқчи. Лекин хоразмлик Алишер исмли йигит орзуси ушалишига ишонмайди. Унинг нияти Ласетти машинасига эга бўлиш.

- Мен Ласетти машинам бўлишини хоҳлайман. Чиройли машина. Кўриниши яхши. Пули бозорда 45 миллион сўм. Олиш имконияти йўқ¸ лекин орзу-да, дейди хоразмлик Алишер.

Аммо Ўзбекистонда ҳамма фақат Нексияю Ласетти ҳайдайди, десак тўғри бўлмайди.

Тошкентлик суҳбатдошимизга кўра, ўзига тўқ, бойвачча оилалардан бўлган тенгдошларининг орзуси фақат хориж машиналаридир.

- Ҳамманинг орзу қиладиган машинаси бу Hummer, лимузин каби чет эл машиналари. Тошкентда BMW, Mersedes, Wolksvagen каби машиналар кўпайиб қолди, дейди тошкентлик йигит.

Қашқадарёлик Муҳаммадсолиҳ акага кўра, хориж машиналарини фақат амалдорлар харид қилиш имконига эга.

- Чет эл машиналари кам. Бу каби машиналар ҳокимият вакилларида бор. Қолган одамларда Нексия¸ Ласетти каби машиналар бор, дейди Муҳаммадсолиҳ ака.

Жиззахлик Ўктам аканинг айтишича, Ўзбекистонда хориж машиналари камлигига ҳукумат томонидан ўрнатилган тартиб-қоидалар сабаб бўлаяпти.

- Одамлар растаможка қиммат бўлгани учун иномарка ололмайди. Шунинг учун чет эл машиналари камроқ. Ҳар-ҳар замонда кўриб қоласиз. ЎзДЭУ машинасини эса ҳар қадамда кўрасиз.

Жиззахда ҳар-ҳар замонда Jeep¸ Hyundai, Зайчик (Mersedesнинг бир турини назарда тутмоқда – таҳр.) деган машиналарни кўриб қоласиз, дейди жиззахлик суҳбатдош.

Ўктам аканинг айтишича, бугунги кунда собиқ иттифоқ даврида урф бўлган машиналар деярли эътибордан қолган.

- Менинг укаларим таксист, улар: “Клиентлар келса, Москвичга минмайди, фақат Дэу машиналарига минади, Жигулига зўрға минишади”, дейишади. Одамлар машина танлайдиган бўлиб қолишган, дейди Ўктам ака.

Хоразмлик Бобожоновлар оиласида эски Запорожец машинаси бор. Оила бекасининг айтишича, машинадан уч йилдан буён фойданилмайди.

- Запорожец машинамиз бор¸ лекин бузуқ. Икки-уч йилдан бери ҳайдалмасдан ëтибди. Яхши юриб турган эди. Ҳозир бензинлар ҳам қиммат. Бензинга пул етмаслиги учун машинани ҳайдамаймиз, дейди хоразмлик аёл.

Хуллас, бугунги кунда ўзбек автоҳаваскори Hummer машинасини орзу қилиб, Нексия минаяпти. Нексияга қурби етмаганлар эса гаражида Запорожеци борлигига ҳам шукур қилиб яшаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG