Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:03

Ҳўкизнинг шохига урса¸ туёғи зириллайди


30 июн кундан бошлаб Черкизов бозори дарвозаларига¸ "Бозор ишламайди"¸ деган ëзув билан улкан қулф осилди.
30 июн кундан бошлаб Черкизов бозори дарвозаларига¸ "Бозор ишламайди"¸ деган ëзув билан улкан қулф осилди.

Москва шаҳридаги Черкизов бозорида ишлаётган минглаб марказий осиёлик ҳаммол бозор Москва расмийлари томонидан 29 июн куни ёпилгани учун 30 июнга ўтар тунни шаҳар вокзалларида, хиёбонларида ўтказди.

Зириллаган туёқлар

Черкизов бозори шу қадар каттаки, у ҳақда гапирганлардан бири “Черкизов бозори шаҳарнинг ичидаги шаҳар” деса, бошқаси “Кичкина давлатнинг ичида давлатга ўхшаб қолган жой. Ëтадиган жойлари ҳам ўшанинг ичида¸ дам оладиган жойлари ҳам ўшанинг ичида. Ҳар хил банклари¸ пул жўнатадиган жойлари¸ ўзларининг охраналари¸ ўзларининг идоралари. Ташқаридан биров киритилмайди. Шунақа¸ жуда ҳам катта бозор” деди.

Тошкентдаги Ипподром бозори Черкизовга қиёсласа¸ бир бозорчадир, дейди суҳбатдошларимиздан бири.

- Бу бозор 1000 гектардан кўпроқ жойни эгаллаган. Чунки унинг атрофида бир нечта меҳмонхоналари бор. СССР даврида бу ерда спорт мусобақаларини ўтказишган. Жуда катта жой¸ дейди суҳбатдошларимиздан бири.

РТРнинг “Вести-Москва” дастури мухбири хабар қилишича, Черкизов бозори савдо расталарининг 80 фоизи Москва Жисмоний тарбия институти ҳудудида жойлашган.

Ана ўша “шаҳар ичидаги шаҳар”да, ёки “давлат ичидаги давлат”да қанча ўзбек ишлашини ҳеч ким аниқ айта олмайди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” нодавлат ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроевнинг айтишича,

- Тожиклар¸ ўзбеклар¸ фақат аравакашлик қиладиганлар бу бозорда тахминан 15 мингдан кўп¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Черкизов бозорида алоҳида “Узбекская линия” деб аталувчи ўзбек растаси ҳам бор.

- Ўша ерда чойхона¸ ўзбек ошхоналари бор¸ ўзбек қозонлари туради. Ишдан кейин чойхонага кирсангиз¸ асосан Ўзбекистон фуқароларини кўрасиз. Ҳаммаси ўзбек тилида гапиришади. Ўзингизни худди Ўзбекистоннинг шаҳарларидан бирида бўлгандай ҳис қиласиз¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Кун бўйи юк ташиб, тушликни, кечки овқатни шу ернинг ўзидаёқ еб оладиган ўзбекистонлик 10 минглаб ҳаммол тунни бозорнинг ўзидаги ётоқхоналарда ўтказади.

Кўпчиликники “ит ётиш¸ мирза туриш”, дейди яна бир суҳбатдошимиз Анваржон.

- Ëтиш шароитлари жуда ҳам оғир аҳволда. Умуман¸ одам яшаса бўлмайдиган жойларда одамлар яшайди. Ҳатто канализацияларда ҳам одамлар яшайди¸ дейди Анваржон.

Черкизов бозорининг ўзбек ҳаммоллари ана шундай оғир шароитдан ҳам маҳрум бўлди. Чунки бозор 29 июн куни ёпиб қўйилди. Натижада:

- Уларнинг ҳаммаси ҳозир кўчада қолган. Нима бўлишини ҳеч ким билмаяпти. Кеча кечқурун бир мухбир билан вокзалга бордик. Черкизов бозорида ишлайдиганларнинг ҳаммаси вокзалларда юрибди. Уларнинг ëтадиган жойлари йўқ¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Зарба еган шох

Москва расмийлари бозорнинг бир ойга ёпилганини айтмоқда.

Ваҳоланки, бундан икки ҳафта муқаддам “Вести-Москва” дастури Москва шаҳри ҳокими Юрий Лужковнинг мана бу гапини эшиттирган эди.

- У ерда жуда катта спорт комплекси қуриш керак. Бозордаги мавжуд ёпиқлар ўрнига яхши, пухта савдо марказлари қуриш керак, деган эди Москва мэри.

Демак, бозор, афтидан бир ойга эмас, биратўла ёпилганга ўхшайди.

Черкизов бозори кимники, деган савол жавобини излай бошласангиз, сўнгги фикрнинг ҳақиқатга яқинлигини сезасиз.

Гап шундаки, Черкизов бозори соҳиби, Россия олигархларидан бири, озарбайжонлик Тельман Исмоиловнинг Туркияда бир улкан меҳмонхона қурганидан Бош вазир вазир Путин жуда норози бўлган.

Нима учун пулини Россияда эмас, Туркияда сарфлайди, деган Путин.

Москвалик таҳлилчиларнинг аксарияти¸ бозорнинг ёпилишини ана ўша норозилик маҳсули сифатида кўришмоқда.

Лекин энди бу бошқа мақола мавзуи.

Ҳа, айтганча, Черкизовнинг ёпилиши сифатида бозор ҳудудида 6 мингта контейнерда умумий қиймати 2 миллиард долларлик контрабанда мол борлиги аниқланганини рўкач қилишган.

6 та эмас, 60 та эмас¸ 6 мингта контейнер.

Агар шунча мол контрабанда бўлса, текширувчилар Путиннинг аччиғи чиққунича кўр бўлишганакану¸ энди очилиб кетибдида кўзлари-а?!
XS
SM
MD
LG