Линклар

Ўзбек мардикорига ҳақ берилди

  • Барно Анвар

Россиядаги аксар ўзбек муҳожирлари ҳам иш берувчи¸ ҳам миграция маъмурлари¸ боз устига¸ тақирбошлар зулми остида яшаб¸ ишлашади.

Россиядаги аксар ўзбек муҳожирлари ҳам иш берувчи¸ ҳам миграция маъмурлари¸ боз устига¸ тақирбошлар зулми остида яшаб¸ ишлашади.

30 июн кундан бошлаб Россияда кучга кирган янги қонун ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳаққини ҳимоялашни кўзда тутса-да¸ кузатувчилар бу қонунни амалга ошириш механизми йўқлигини айтмоқдалар.

Россия президенти Дмитрий Медведев россияликларнинг Ўзбекистон, ўзбекистонликларнинг Россиядаги меҳнат фаолиятини тартибга солувчи қонунни имзолади.

Мазкур қонун Россияда шартнома асосида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳамда Ўзбекистонда шартнома асосида ишлаётган россиялик меҳнат муҳожирларининг меҳнат фаолиятини тартибга солиш ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзда тутади.

Қонун 2007 йилнинг 4 июлида Тошкентда имзоланган “Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида тузилган келишув” асосида қабул қилинди.

Гарчи¸ кўзга кўринган бир неча депутатлар кескин норозилик билдирган бўлса-да, қонун матни 5 июн куни Россия Давлат думасида қабул қилинган, 17 июн куни Федерация кенгаши томонидан маъқулланган эди.

Келишувга эришилганидан қарийб икки йил ўтиб, Россия президенти томонидан имзоланган мазкур қонун Россияда юрган миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирларининг ҳақ-ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилади ва Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирининг ўта абгор аҳволини яхшилашга қодирми, деган саволлар билан биз Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилотининг Меҳнат муҳожирлари билан ишловчи эксперти Елена Буртинага мурожаат қилдик.

Озодлик: Елена, қонун матни билан танишиб чиққач¸ шундай тушунча ҳосил бўлдики, бу қонун Россияда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳаққинигина ҳимоя қилади. Аммо, одатан, иш берувчилар ишга ёлланувчиларга шартномасиз ёxуд оғзаки келишув билан ишлашни таклиф қилади. Қонунда иш берувчи ва ёлланувчи ўртасида меҳнат шартномасини тартибга солиш масаласи нечоғлиқ ечимини топган?

Елена Буртина: Ҳа, ҳақиқатда ҳам шундай бир жиддий муаммо бор. Россиялик иш берувчилар, ўзбекистонлик иш берувчилардан хабарим йўқ, одатда, нафақат хориж фуқаролари, балки, россиялик ишга ёлланувчилар билан ҳам меҳнат ёxуд фуқаровий-ҳуқуқий шартномаларни тузишдан қочади.

Шу билан иш берувчи ўзининг зиммасидаги мажбуриятлардан осонгина бўйин товлаши, ишга ёлланган меҳнат муҳожири эса ҳақсиз қолса-да, ҳаққини ундира олмаслиги мумкин.

Муаммо шундаки, бу қонунда иш берувчини ўз мажбуриятларини бажаришга мажбур қилувчи меxанизм йўқ. Шартнома ундай бўлсин, бундай бўлсин, дейилган билан шартнома тузилишини таъминлайдиган механизм йўқ. Демакки, бу масала ҳануз очиқ қолмоқда.

Озодлик: Қонуннинг 10-моддасида “Меҳнат муҳожирига тўланадиган ҳақ ва унга ҳозирланадиган меҳнат шароити, мисол учун, айни иш ва лавозимда бўлган Россия фуқаролари шароитидан паст бўлмаслиги керак” дейилган. Ўзбек меҳнат муҳожири эса россиялик иш берувчини арзон ва беозор ишчи кучи бўлгани учун қизиқтирмоқда. Шундай экан, қонуннинг бу моддаси ишлармикан?

Елена Буртина: Албатта, хорижлик ишчи сифатида ўзбекистонлик ишчининг меҳнат ҳақи ва шароити россиялик ишчиникидан кам бўлмаслиги керак. Аммо, яна ўша муаммо — ишчига шу шароитни тайин қилинишини таъминлайдиган шартнома масаласи очиқ қолаяптику?!

Россиялик иш берувчи агар россиялик ишчига тўлаган ҳақ ва ундан давлатга тўланадиган солиқни тўлашга мажбур бўлар экан, ортиқча жавобгарлиги бўлган хорижлик ишчини ёллаб нима қилади?

Табиийки, у меҳнат шартномасидан бўйин товлайди. Уни шартнома тузишга мажбур қилувчи механизм эса йўқ.

Озодлик: Ҳақиқатда ҳам, қонунда Россияда юрган ўзбек муҳожирларини қийнаган кўплаб муaммолар — иш ҳақи, дам олиш кунлари, тиббий ёрдам, иш шароитида вафот этган муҳожирнинг жасадини юртига жўнатиш каби масалалар тилга олинган ва бунда барча масъулият иш берувчининг зиммасига юкланган, шундайми?

- Ҳужжат билан танишиб, менда ҳосил бўлган хулоса шу бўлдики, меҳнат муҳожирининг меҳнат фаолияти ва ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқ мажбурият тўлиқ иш берувчининг зиммасига юкланган.

Келишувни имзолаган икки давлат ҳукуматлари эса зиммасига ҳеч қандай мажбурият олмаган. Молиявий нари турсин, меҳнат муҳожирининг ҳуқуқий ҳимояси бўйича ҳам бирорта масъулиятни ҳукуматлар зиммасига олмаган.

Барча мажбурият зиммасига юкланган иш берувчини эса бу мажбуриятларни бажартирадиган механизм йўқ. Демак, бу қонун амалда қўлланган тақдирда ҳам, вазият эски ҳаммом, экси тослигича қолади, афтидан¸ дейди Елена Буртина.
XS
SM
MD
LG