Линклар

logo-print

Тошкентга аталган тортиқ


Кейинги пайтларда¸ Тожикистонда Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадор¸ деган айб билан қамалиб¸ жазога тортилаëтганлар сони кўпаймоқда.

Кейинги пайтларда¸ Тожикистонда Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадор¸ деган айб билан қамалиб¸ жазога тортилаëтганлар сони кўпаймоқда.

Тожик махсус хизматлари мамлакатда Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларини ов қилишда давом этаркан, таҳлилчилар буни Тошкент ва Душанбе ўртасидаги махфий келишув ҳосиласи дея баҳоламоқдалар.

30 июн куни Cўғд вилоят ички ишлар бошқармаси жорий йил январ ойида Афғонистоннинг Кобул шаҳрида қўлга олинган Анвар Қаюмовнинг Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси эканлиги тўла тасдиқлангани ҳақида маълумот тарқатди.

- Ўтказилган суриштирув ва тергов ишлари натижаларига кўра, Анвар Қаюмов Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоси бўлиб чиқди. 1998 йили у Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Исфара шаҳар бўлими раҳбари сифатида фаолият олиб борганига иқрор бўлди.

Бундан ташқари, Анвар Қаюмов ташкил этган жиноий гуруҳ аъзолари минтақадаги раҳбар шахслар, депутатлар, милиция вакилларига қуролли ҳужум уюштириш, қотиллик каби жиноятларда ҳам айбланмоқда, деди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот маркази вакили Диловар Ализода.

Ички ишлар бошқармаси масъулига кўра, Анвар Қаюмов 2003 йилда Афғонистонга ўтиб, Тоҳир Йўлдош гуруҳига қўшилган.

Расмий маълумотларга мувофиқ, шу пайтгача Сўғд вилоятида ЎИҲнинг 40 нафар аъзоси қамоққа олинган, ҳаракатнинг яна 20 дан ортиқ аъзосига қидирув эълон қилинган.

Расмийларнинг фикрича, Тожикистон ҳудудида террорчилик амалиётларини содир қилаётган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзолари халқаро террорчилар бўлиб ҳисобланади.

Аммо сўғдлик кузатувчи Абдусамат Султонов республикада ЎИҲ фаолияти ҳақида кўп гапирилаётганига қарамай, шу пайтгача уларга нисбатан қўйилган айблар аниқ фактлар билан тасдиқланмаганини айтади.

- Ўн йилдан ортиқки, республикада ЎИҲ ҳақида катта шов-шувлар кўтарилмоқда, қанчадан-қанча тожикистонлик қамалиб кетди. ЎИҲ ёки Туркистон исломий ҳаракати дейсизми - иккиси бир ташкилот. Аслини олганинингизда, бизнинг мамлакатимиз учун бу ташкилот бир ёт-бегона нарса. Ахир тожикларнинг ЎИҲга нима алоқаси бор?

Шу пайтгача қўлга олинганларнинг аксарияти тожиклар. Назаримда, куч ишлатар тизимлар ўз мавқеини кўтариш учун шундай хулосалар чиқаришмоқда, дейди Абдусамат Султонов.

Таҳлилчи Мунаввар Содиқов эса Тожикистонда диндорларга қарши бошланган кампания сабабини бошқа ёқдан қидириш ўринлироқ¸ деган фикрда.

- Ислом Каримов ҳокимият тепасига келгач, Ўзбекистонда ЎИҲ, Ҳизбут-Таҳрир, Ваҳобийлик, Акромия каби оқим ва ташкилотлар таъқиб эта бошладилар.

Менимча, бу борада икки президент ўртасида ўзаро сўзлашув бўлиб ўтган. Гарчи бу ҳақда ҳеч қаерда гапирилмаса ҳам, менда “улар бу йўналишда бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳақида келишиб олган” деган фикр бор.

Авваллари Тожикистонда турли оқимларга нисбатан хайрихоҳларча муносабатда бўлардилар. Энди эса Ўзбекистонда бу ташкилотларга қарши қўлланган усуллар билан бизда қўлланилаётган усулларнинг фарқи бўлмай қолди, дейди Мунаввар Содиқов.

Тожикистонлик таҳлилчи мамлакатда Ўзбекистон исломий ҳаракатига алоқадорликда гумон қилинаётганларнинг таъқиб қилинаётганини ҳам икки президент ўртасидаги махфий келишув ҳосиласи сифатида баҳолайди.

Қайд этиш жоизки, Сўғд вилоят судида ўтказилган маҳкама мажлисларида Ўзбекистон исломий ҳаракатининг аъзолари деб гумон қилинган шахслар ўз айбларига иқрор бўлмаганлар.
XS
SM
MD
LG