Линклар

Рус рулеткаси айланишдан тўхтадими?

  • Абдулла Искандар

Янги арбат кўчасидаги машҳур Метелица казиноси пештоқидаги чироқлар июн охирида ўчирилди.

Янги арбат кўчасидаги машҳур Метелица казиноси пештоқидаги чироқлар июн охирида ўчирилди.

1 июлдан бошлаб Россияда қиморхоналар фаолиятига чек қўйилди ва қимор бизнесидаги ярим миллионга яқин одам ишсиз қолди. Эндиликда фақат тўрт минтақага русча Лас Вегас яратишга изн берилди.

Иқтисодий бўҳрон гиробида қолган¸ завод ва фабрикалар ўз ишини тўхтатаëтган Россияда ўйин автоматлари ва қиморхоналарга чеклов ўрнатилди.

Ҳукумат қарорига кўра¸ қиморхоналар ва ўйин автоматлари махсус белгиланган тўрт ҳудудда фаолият олиб бориши мумкин¸ холос.

Қиморга ишқибоз ва дунë луғатига рус рулеткаси деган калимасини киритган Россия¸ эртанги кунини васвасасиз ўтказиш ниятидами?

Ҳар ҳолда Москвадаги казиноларнинг тунда кўзни қамаштирувчи фонарлари бирин-кетин ўчмоқда.

Москва марказидаги Янги арбат кўчасидаги машҳур казино пештоқидаги чироқлар июн охирида ўчириб қўйилди. Қулф солинган казино эшигига иккита камтаргина битик илинган. Биттасида “16 йил бизга ишонганингиз учун раҳмат” дейилган бўлса¸ иккинчисида бинонинг ўз янги ижарачисини кутаëтгани айтилади.

Екатерина Пушкова казинога ëндош уйда яшайди. У қўлида фотоаппарат билан казино биносини суратга олмоқда.

- Бу Москва тарихининг бир бўлаги. Ҳар ҳолда 16 йил ўтибди. Биз бу казино ëнида яшаймиз. Йўқотиш ва топиш¸ қайғу ва шодлик¸ бепарволик ва ўкинч туйғулари билан лиқ тўлган жуссалар кириб чиқар эди бу бинога.

Қиморхона ҳақида қанча афсона ва чўпчаклар оғиздан оғизга ўтиб юради. “16 йил ишонч учун раҳмат” деган жумла кўнглимга алланечук ғамгин таъсир қилди¸ дейди Екатерина Пушкова.

Казино ўтган асрнинг 90- йилларида Москвада кузатилган ëввойи капитализм ëдгоридай кўринади.

Ўшанда бирдан бойиб қолган янги руслар қиморхона чархпалаги устида миллионларни хохолаб кулган ҳолда¸ қиммат шампан шаробларидан ҳўплаб¸ бемалол бой беришар эди.

Америка киноларида кўрилган ғарбона ҳаëт шаклига уюш истаги ўта кучли эди.

Кечаги қартабоз қаллоблар¸ “гардкам” деб чойхонада ошиқ отган ўзбек чапанилари¸ кечагина комсомол идораларида мулозим бўлган ва давр гардиши боис бойиган олигархлар рулетка атофидаги доирани бирлаштиришди.

Улар эгнидаги олтин тугмали олчаранг камзиллар чўнтаги¸ бой берилишини кутаëтган кўк пуллар билан лиқ тўла эди.

Уларга кечагина ангишвона –ўймоқ ўйнаб одамларни чув туширган йигитчалар¸ капалакнусха галстук тақиб хизмат қилишар эди.

2006 йилда Росия президенти Владимир Путин бойларнинг бу янги эрмагига нуқта қўйиш ҳақидаги қарорини очиқлади.

2006 йилги қарор қиморхоналар фаолиятини 2009 йил 1 июлда ëпилажагини билдирди.

Истисно сифатида Узоқ шарқда битта¸ Олтой ўлкасида битта¸ Калининградда яна битта ва Азов денгизи бўйида биттадан қиморхона қоладиган бўлди.

Бу ҳудудлар гўëки Россияда яратилажак Лас Вегаслар каби кўрилди.

Майкл Боучер Россиядаги қиморхоналар тармоғига 10 йилдан бери раҳбарлик қилади. Аммо бугунга келиб Боучернинг идораси ҳам ëпилиш арафасида.

Боучер Россияда Лас Вегас тарзидаги ҳудуднинг бугун-эрта барпо бўлишига шубҳа билдирди.

- Россияда икки йилнинг нари берисида тўртта Лас Вегас қурамиз деган иддао бор. Қурилиши кутилаëган ҳудудларга на газ борган¸ на сув борган ва на тузукроқ йўл бор. Атрофда на ҳукумат¸ на аҳоли бор. Хуллас¸ бу иддонинг амалга ошишига ишонмайман¸ дейди Боучер.

Боучерга кўра¸ маҳаллий газеталар “мана бу ерда рус Лас Вегаси барпо бўлади” деб¸ одамсиз ëбонлар расмини чоп қилмоқда.

Бу вақтда қимор бизнесида банд бўлган 400 минг киши ишсиз қолди. Россия хазинаси бир миллиард долларлик солиқ тушумидан ҳам айрилди.

Бир нарса йўқотилар экан¸ унинг кутилмаган бир жойда пайдо бўлишини совет кишилари яхши эслайди.

Масалан¸ ароққа чеклов қўйилганида¸ одамлар оққанддан ясалган самагон дарëларини ҳосил қилишган ва тракторлар моторини совутадиган антифризларни ичганлар ҳам бўлди.

Тошкентдаги қиморхоналар таъқиқланганида эса қимор бизнеси Тошкент яқинидаги Қозоғистонга тегишли Сариоғочга кўчганини ҳам кўпчилик эслайди.

Худди шу тахлит Москвадаги қиморхоналар тўрини безаган ютуқ автоматлари ер ости йўллари ва дискотекаларда кўзга ташланмоқда.

Россия спорт қўмитаси қимор автоматлари қўйиш учун изн беришни авж палласига чиқарди.

Майкл Боучер назарида¸ бу иккиюзламачликдан бошқа нарса эмас.

- Москвада 3000 та ютуқ автомати бор эди. Ҳозир эса вазият ўнгланмайдиган тарафга қараб кетмоқда.

Ҳар бир киши 20 долларга изн олиб¸ 1000 долларга ўйин автомати сотиб олиб¸ хоҳлаган ерида қаққайтириб қўйиб қўни-қўшни¸ қариндошлари билан қимор ўйнайвериши мумкин. Дарвоқе¸ аллақачон шундай бўлди ҳам¸ дейди Майкл Боучер.

Боучерга кўра¸ қиморбозлик бизнеси кўринмайдиган тарзда давом этаверади. Бу эса¸ Боучер назарида¸ хайрли ишорат эмас.
XS
SM
MD
LG