Линклар

logo-print

Ўзбек сўми 15 ëшда

  • Фаррух Юсуфий

Бир бозорлик учун бир сумка сўм кўтариб боришнинг ўзиëқ¸ оддий одамлар назарида¸ сўмнинг 15 йил давомида топган қурбидан далолатдир.

Бир бозорлик учун бир сумка сўм кўтариб боришнинг ўзиëқ¸ оддий одамлар назарида¸ сўмнинг 15 йил давомида топган қурбидан далолатдир.

Мустақил давлатчилик атрибутларидан бири саналмиш ўзбек миллий пул бирлиги учун бу 15 йил қандай кечди, бугунга келиб ўзбек сўмининг қадру қиммати қандай?

Ўзбекистон Марказий банкининг исми ва овозини бермаслигимизни илтимос қилган ходими ўзбек сўми 1994 йилнинг 1 июлида муомалага киритилганида ундан кутилган умидлар тўла рўёбга чиққани ва унинг, яъни сўмнинг мамлакат иқтисодининг ажралмас қисмига айлангани, мамлакат ва жаҳон миқёсида ўз ўрнини топгани, ўзбекистонликлар орасида ҳам ўзига яраша обрў орттирганига оид фикрларни айтди.

- Иқтисодиëтимиз қанақа ривожланган бўлса¸ пулимизга ҳам муносабат шунақа. Пулимизнинг одамлар орасидаги авторитети ҳам шунга ўхшаб кетади¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Олмаотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жубаев ўзбек сўми муомалага киритилганида¸ Ўзбекистон Молия вазирлигида пул-кредит сиёсатига алоқадор лавозимда ишлаган.

Сапарбой ака мустақил давлат атрибутларидан бири ўлароқ, ўзбек миллий валютасининг тарихи 1994 йил 1 июлидан бироз аввалроқ, сўм-купоннинг жорий қилинишидан бошланган эди, деб эслайди.

- 1993 йил 15 ноябрдан муомалага киритилган ўзбекнинг сўм-купони¸ бу бизнинг миллий валютамиз киришининг олдинги қадами эди. Биз шу вақтда Россиянинг рублидан воз кечиб¸ сўм-купон киритдик.

Сўм-купон ўзбек миллий валютасининг биринчи қадами бўлган. Миллий валюта деган тушунчани биз шу ердан бошлашимиз керак¸ дейди Олмаотадаги Евроосиё институти иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жубаев.

Иқтисодчи ўзбек миллий валютасининг тарихини тўрт босқичга бўлиш мумкинлигини қўшимча қилади.

- 1994 йил 1 июлдан бошлаб миллий валюта кучга кирди. Шу пайтгача амалда бўлиб келган 1000 сўм-купонини 1 ўзбек сўмига алмаштириб¸ сўмни амалга киритганмиз.

Шу боисдан ўзбек иқтисодиëтига боғлиқлигига қараб Ўзбекистон сўмини тўрт даврга бўлган бўлардим. Биринчиси¸ сўм-купон давримиз¸ дейди Олмаотадаги Евроосиё институти иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жубаев.

Ўзбек сўмининг жорий қилиниши эса, деб давом этади Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ амалдори, миллий валюта умрининг иккинчи босқичи бўлди.

Сапарбой Жубаев: Иккинчиси¸ 1994 йил 1 июлдан 1999 йилнинг бошларигача бўлган давр. Мен буни ривожланиш даври¸ деган бўлар эдим. Шу вақтда бизнинг умидларимиз катта эди. Пулимизга муносабат яхши эди. Иқтисодиëтимиз ҳам ўзига яраша ривожланаëтган эди.

Озодлик: Ўша умидлар амалга ошдими?

- Аввалига ошди¸ деб айтиш қийин. Чунки 1999 йилдан бери ўтган 10 йил давомида бизнинг иқтисодиëт халқнинг умидини оқлади¸ деб айта олмаймиз. Бугунги кундаги пулнинг етишмаслиги¸ нақд пулнинг қисиб ушланиши бу сунъий чекламалар.

Узоққа бориш керак эмас. Қўшнимиз Қирғизистон¸ Қозоғистон¸ Россияларда 1994 йилдан 1999 йилгача бўлган аҳвол Ўзбекистондагидан ëмонроқ эди. Лекин уларда пул-кредит муаммоси бирданига эркинлашиб кетди. Бунинг асосий кўриниши чет эл валютасининг эркин алмаштирилишида кўринар эди.

Бизда сўм-купон давридан бошлаб 1999 йилгача эркин алмаштирилишда имконият бор эди¸ аммо биз шу имкониятдан фойдаланмадик¸ дейди Олмаотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жубаев.

Исми сир тутилишини истаган Марказий банк ходимига кўра, ўзбек сўмининг бошиданоқ эркин конвертация қилинмаганига Ўзбекистонда иқтисодий ривожланишнинг машҳур ўзига хос ва мос бешта тамойилига риоя қилиш мақсади бор эди¸ дейди. Унинг фикрича, бугун Ўзбекистон иқтисодининг изчил ривожланаётгани бу чоранинг энг тўғри бўлганига далил бўла олади.

Бу беш тамойилдан бири, деб эслатади Марказий банки вакили¸ бозор иқтисодиётига собит қадамлик билан босқичма-босқич, тадрижий ривожланиш тамойилига изчил риоя қилиш орқали ўта бориш, бугунги кунда жамиятимиз турли жабҳаларини атрофлича ўрганиб бориш ижтимоий воқеликдаги фикр ривожи ва уни мақсадли бошқариш масалаларини кун тартибига қўяди.

Ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ ходими Сапарбой Жубаев 15 йилдан бери пул-кредит сиёсатининг қаттиқ назоратда қолаётгани ортида на мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, на оддий халқ турмуши ва тирикчилигини енгиллатиш мақсади турарди, дейди. Ривожланишнинг беш тамойилига келсак, деб давом этади у, бу ҳокимият тепасидагиларнинг бутун итиқодиётни ўзига бўйсиндириш учун бир баҳонаси бўлган¸ холос.

- Мен у пайтда пул муомаласининг жуда ўртасида юрган одамлардан биттаси эдим. Биз¸ ëш иқтисодчилар “Шуни эркинлаштиришимиз керак. Шунда бизнинг иқтисодиëтнинг қайси даражада эканлигини биламиз” деб кўп таклифлар берган эдик.

Бизнинг бешта тамойилимизнинг ичида “Реформатор давлат” деган тамойил бор. Бу бизнинг иқтисодиëтимизни эгаллаган тамойил бўлиб қолди. Давлат раҳбарлари иқтисодиëтни бошқаришни ўз қўлига олиб олди.

Иқтисодиëтнинг ўзининг қонунлари бор. У эркин бўлиши керак. Уни бошқарадиган¸ уни регулироват қиладиган ўзининг иқтисодий тетиклари бор. Биз эса административ тетикка ўтиб олдик. Административ тетикда раҳбарларнинг қизиқиши умумий давлат қизиқишидан сал юқорироқ келди.

Иккинчи томондан¸ пул сиëсати тадбиркорларни бўйсунтиришга олиб келадиган йўл бўлиб қолди. Агар ўзимизнинг сўмимиз эркин бўладиган бўлса¸ тадбиркорлар банкдан қанча керак бўлса кредит олиб¸ уни алмаштириб¸ конвертация қилиб ишлайверар эди.

Ўзининг пулини олиш учун ҳам¸ уни конвертация қилиш учун ҳам қандайдир одамларга бориб ялинадиган¸ яъни тадбиркорларни қўлда ушлаб туриш инструменти бўлиб қолди¸ дейди Олмаотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жубаев.

Ҳокимият тепасидагиларнинг пул-кредит сиёсатидан ўз мақсадларида фойдаланишига мисоллардан бири, дейди Сапарбой ака.

- 1994 йилдан 1999 йилгача сўмнинг долларга бўлган расмий курси билан қора бозор орасидаги фарқ икки баробаргача етди. 1994 йил 1 июлда бир доллар етти сўм бўлган бўлса¸ куз пайтларида пахта йиғими вақтларида бирдан сакраш бўларди ва 1995-1996 йилларда бир долларнинг расмий курси 50 сўм бўлган пайтда¸ қора бозордаги курс 100-105 сўмга айланиб кетган эди. Фарқ кўпайиб кетди.

Афсуски¸ бу фарққа қизиқадиган одамлар раҳбариятга кириб қолди. Улар шу вақтда халқ истеъмол қиладиган товарларни импорт қилиб¸ ўзлари икки-уч баробар фойда топар эди¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Сапарбой ака 90чи йиллар иккинчи ярмида олиб борилган валюта сиёсати самарасиз экани, унинг оддий ўзбекистонликлар турмушига салбий таъсир қилишини ҳукумат раҳбарлари жуда яхши биларди, лекин уларнинг шахсий манфаатлари давлат манфаатларидан устун келди, деб хулоса қилади.

- Шу вақтларда ўзим Молия вазирлигида¸ банклар ассоциациясида ўтирганим учун мен бунақа дейишга қийналаман. Бизнинг раҳбариятда шу нарсада олдин иқтисодиëтимизни бир ўртадан туриб бошқариб ривожлантириб оламизми деган умид бўлдими.

Лекин¸ сизнинг гапингиз ҳам тўғри¸ бунинг яхши натижага олиб келмаслигини биларди. Буни билмайдиган одамнинг ўзи йўқ¸ чунки бизнинг жаҳон иқтисодиëтидан хабаримиз бор.

Ривожланишга фақат эркин сиëсат олиб келиши маълум эди. Шунинг учун шунақа деса ҳам бўлади¸ дейди Олмаотадаги Евроосиё институти иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жубаев.

Шундай қилиб, Сапарбой ака таъбири билан айтганда, биринчи навбатда ҳукуматдорлар учун омон-омон даври бўлган ўзбек сўми тарихининг иккинчи босқичи 2000 йиллар бошларигача давом этди.

- 2003 йилда бизнинг халқаро валюта жамғармасининг саккизинчи пунктига кирадиган давримиз бошланган. Ярим йилча эркин конвертацияга илинган давримиз ҳам бўлди. Шу вақтда бозор курси билан расмий курс яқинлаштирилиб¸ иқтисодиëтни озгина бўлса ҳам эркинлаштириш¸ пул-кредит сиëсати озгина эркин бўлиб¸ халққа кредитлар эркин бериладиган вақт бошланган эди. Лекин минг афсуски¸ 2005 йилги Андижон воқеалари сабаб бўлдими ëки бошқа сабаблар бўлдими¸ оддий ўзбекистонликлар кўксига бироз шамол теккан ўзбек сўми умрининг учинчи босқичи тугади.

2005 йилдан кейин тўртинчи давр бошланди. Яъни ўртадан бошқариладиган авторитар сиëсат бошланди. Ҳозирги вақтда долларга нисбатан расмий курс 1465 сўм бўлса¸ бозор курси 1800 сўм. Ўртадаги фарқ катта бўлиб кетди.

Бундан келиб чиқадиган бўлсак¸ миллий сўмимизнинг иқтисодиëтимизни ривожлантиришга ëрдами бўлиши қийин деб айтган бўлардим. Ўртадан бошқариладиган қийин аҳволга тушиб қолдик¸ дейди ўзбекистон молия вазирлигининг собиқ амалдори.

Марказий банк ходими бу фикрларга қўшилмайди. Унинг айтишича, ўзбек сўмининг эркин конвертация қилиниши 2003 йилда жорий этилган бўлса, бугун ҳам уни истаган валюта айирбошлаш шаҳобчасида алмаштиришингиз мумкинлиги¸ беш тамойилга кўра¸ иқтисодиётнинг босқичма-босқич эркинлашаётганига далилдир.

Сапарбой ака бу фикрни инкор қилади.

- Пул сиëсати мутахассислар учун маълум. Марказий банк пул сиëсатини асосан учта восита орқали тартибга солади. Булар – банкларга бериладиган кредитнинг процент ставкаси билан¸ ҳар банкда йиғиладиган пулнинг резервний ставкаси билан ва очиқ бозорда савдоси билан яъни қимматли қоғозларни чиқариб¸ савдода сотиш билан. Бу бутун жаҳонда шунақа. Ўзбекистонда бу нарсаларни ишлатишнинг ўрнига маъмурий буйруқбозлик йўлига ўтиб қолган¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Бугун пул-кредит сиёсатининг яна назорат қилинаётганига айланмадаги нақд пулнинг жуда чеклангани, хусусан бюджет ташкилотлари ишчиларининг маошлари нақд пулда эмас, пластик карточкаларга ўтказилаётгани ҳам оддий мисоллардан биридир, деб қўшимча қилади иқтисодчи.

Марказий банк ходимига кўра, пластик карточкаларни жорий қилишдан асосий мақсад, нақд пулни чеклаш эмас, балки биринчи навбатда ўзбекистонликлар учун қулайлик яратиш, уларни ривожланган давлатларда удум бўлган пластик карточкалардан фойдаланиш маданиятига ўргатишдир.

“Одамларга ҳайрон қоласан, уларга фақат нақд пул бўлса бўлди”, деб хуноб бўлади суҳбатдошимиз.

Бошқа бир суҳбатдошимиз андижонлик шифокорнинг айтишича эса, бугун ҳатто пластик карточкаларни олишга мажбур бўлганлар ҳам маошларини вақтида ололмаяпти.

- Ҳозир ўзи 30 фоиз мажбурий ушлаб қолаëтган эди. Ҳозир ўша одамлар ойликни олиш учун 30 фоиз эмас¸ 100 фоиз ойлигини пластик карточкага ўтказишга рози. Ўтказилган фоизнинг ҳам пулини олишгани йўқ улар.

Тошкент пластик карточкага ўтказиш керак деб айтаяпти¸ булар эса сансоларлик қилаяпти. Балки бу ерда қандайдир наф ëтгандир. Ойликларни ҳеч бўлмаса бир ой кечиктириб берсин. Уч ойлаб ойлик бермайди. Одамлар нимага тирикчилик қилади унда, дейди андижонлик шифокор.

Сапарбой Жубаев нақд пулни чеклаш орқали айланмадаги пул ҳажмини назорат қилиш ортидаги асосий сабабни бундай тушунтиради.

- Мен юқорида айтганимдай бутун тадбиркорларни¸ бутун корхоналарни ўзига бўйсундириш сиëсати юқорироқ турибди¸ деб ўйлайман. Бундан бюджет ташкилотларида ишлайдиган халқимиз ҳам қийналаяпти. Оддий халқ қийналмоқда, дейди Сапарбой ака.

Нақд пулнинг чеклангани фарғоналик Алимардоннинг савдосига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Нақд пул билан муомала қилишга одатланган Алимардон даромади бир йил аввалгига солиштирганда 4-5 баробар камайиб кетганини айтади.

Алимардон: Олдин 300-400 бўлган бўлса¸ ҳозир 100.

Озодлик: 300-400 нима бу? 300-400 минглик савдо қилганмисиз?

Алимардон: Ҳа.

Озодлик: Ойига-а?

Алимардон: Йўқ¸ бир ҳафтада.

Озодлик: Ҳозирчи?

Алимардон: Кунига 10-15 минг бўлиб қолди.

Озодлик: Демак¸ тўрт-беш баробар камайиб кетибдида.

- Ҳа¸ шунақа. Ҳеч ким келмаяпти. Бозорга ҳамма егани бораяпти шекилли. Ҳар ким ҳар хилда. Кимдир зўр¸ кимдир сўтак¸ кимдир умуман пачоқ. Олдин ким зўрган бўлса¸ ҳозир ҳам шулар зўр¸ дейди Алимардон.

Лекин Алимардон бу қийинчиликлар сабаби ҳукумат юритаётган сиёсатда эмас, ҳар куни телевизорда эшитадигани халқаро молиявий кризисда бўлса керак, деб хаëл қилади.

Алимардон: Энди кимда бор¸ кимда йўқ. тортилиб қолдида.

Озодлик: Нимага шунақа бўлди?

- Кризис туфайли бўлса керак¸ дейди Алимардон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG