Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:16

Масжидлар камаядиган бўлди


Тожикистонлик таҳлилчилар масжидларни қайта рўйхатга олиш жараёнидан расмийлар ўзларига хайрихоҳ бўлмаган масжидларни ёпиб қўйиш учун фойдаланиши мумкинлигини қайд этмоқдалар.
Тожикистонлик таҳлилчилар масжидларни қайта рўйхатга олиш жараёнидан расмийлар ўзларига хайрихоҳ бўлмаган масжидларни ёпиб қўйиш учун фойдаланиши мумкинлигини қайд этмоқдалар.

Жорий йилнинг 1 июлидан Тожикистонда “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун асосида барча масжидларни қайта рўйхатга олиш жараёни бошланди.

Тожикистондаги масжидлар Маданият вазирлигининг дин ишлари бўйича бошқармасида келгуси 6 ой давомида қайддан ўтишлари лозим.

Масжидларни қайдга олиш жараёни бугундан бошланганини маълум қилган вазирлик расмийси Саидбек Маҳмадуллоев масжидлар янги қонун талабларига жавоб бериши зарурлигини таъкидлади.

- Қонуннинг 15-моддасига биноан шу кунгача қайдга олинган ва қонун доирасида фаолият қилиб келган масжидлар фақат низомномаларини янги қонунга мувофиқлаштиради, холос.

Аммо янги ташкил этиладиган масжидлар учун бешта талаб бор.

Улардан асосийси - қишлоқ жойлар учун 100 кишигача ва кўп қаватли бинолар аҳолиси учун эса мингдан беш мингтагача намозхонлар рўйхати кўрсатилиши шарт.

Бундан ташқари, бу масжидлар ўз ҳудудидаги ер учун сертификатга ҳам эга бўлиш лозим. Ўшандагина бу масжидлар фаолияти учун қонуний рухсат берилади.

Агар аҳоли сони бундан озроқ бўлса, у ҳолда, масжид қуриш таъқиқланади, деди Маданият вазирлиги расмийси.

Расмийга кўра, Дин тўғрисидаги қонуннинг эски варианти билан қайддан ўтган масжидлар олдида ибодатга қатнайдиган намозхонлар сони бўйича муаммо бўлмаган.

Ҳатто ўнта намозхон рўйхати кўрсатилган аризалар асосида ҳам бир маҳаллада битта масжид қуриш учун рухсат берилган.

“Янги қонун туман ва шаҳарлардаги маҳаллаларда намозхонлар сони мингтагача бўлмаса, масжид қуришга рухсат бермайди, бу тожикистонлик намозхонлар ҳуқуқларини поймол қилиш эмасми?” деган саволимизни вазирлик расмийси жавобсиз қолдирди.

Расмий маълумотларга кўра, шу кунларда Тожикистон ҳудудида тахминан 3260 та масжид фаолият кўрсатади.

Саидбек Маҳмадуллоевнинг таъкидича, бу масжидларнинг ҳаммаси рўйхатдан ўтган ва қонун доирасида ишлаб турибди.

Аммо биз билан суҳбатлашган ва исми ошкор этилишини истамаган маҳалла масжиди имоми ўн йилдирки ўзларига тегишли масжидни эски қонун асосида рўйхатдан ўтказа олмаганини айтади.

- Шу кунгача масжидимиз ҳужжатсиз фаолият кўрсатиб турибди. Ўтган давр мобайнида уни рўйхатдан ўтказишга доир барча уринишларимиз натижа бермади. Негалигини ўша расмийлар билади. Лекин мана янги қонун имзоланибди, яна бир марта қайддан ўтиш учун уриниб кўрамиз, деди суҳбатдошимиз.

Муродали исмли бошқа бир суҳбатдошимиз Қаротегин маҳалласидаги масжид эски қонун бўйича жуда кўп машаққатлар билан рўйхатдан ўтганини эсларкан, маҳалла аҳли олдида турган галдаги оворагарчиликлардан юраги ҳапқираётганини айтади:

- Масжидларни қайддан ўтказишдаги энг қийин жараён ўша ҳудудга тегишли ер учун сертификат олишдир. Биздаги ҳужжатлар республика қонунчилиги талабларига жавоб беришига қарамай, уни рўйхатдан ўтказиш учун роса саргардон бўлган эдик. Негаки, ер учун сертификат берилмаган эди.

Мана, бу йил талаблар янада кучайтирилибди. Сертификатга намозхонлар миқдори кўрсатилган рўйхат ҳам қўшилибди. Бу, ўз навбатида, масжидларнинг рўйхатдан ўтиш жараёнини қийинлаштиради, дейди Қаротегин маҳалласи фаолларидан бири Муродали ака.

Айни пайтда тожикистонлик таҳлилчилар мамлакатдаги масжидларнинг кўпи янги қонун талаблари асосида қайддан ўта олмаслигини ва маҳаллий ҳукуматлар томонидан беркитиб қўйилиши ёки бутунлай бузиб ташланишидан хавотир билдирмоқдалар.

Эслатиш жоизки, “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун шу йил апрел ойида Тожикистон парламенти томонидан тасдиқланганидан сўнг Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссияси экспертлари президент Имомали Раҳмондан бу ҳужжатни имзоламасликни сўраганди.

Улар мазкур ҳужжат кўп жиҳатдан тожикистонлик намозхонлар, қолаверса, барча фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини чеклаб қўйиши юзасидан хавотир билдирган эдилар.

Аммо, шунга қарамай, шу йил май ойида мазкур ҳужжат Тожикистон президенти томонидан имзоланиб, қонуний кучга кирди.

1 июлдан бошлаб эса республика масжидлари ана шу қонун асосида қайтадан рўйхатга олина бошлади.
XS
SM
MD
LG