Линклар

Ўзбекистонда пишган ғишт ишлаб чиқариш саноатини ривожлантиришга аҳамият бериладиган бўлди. Бу ҳақда 30 июн куни Ўзбекистон президентининг қарори эълон қилинди.

Қарорда 2010 йилнинг 1 январигача пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарни модернизация қилиш, ностандарт ва тежамсиз печларнинг махсус энергия ва ресурсларни тежайдиган технологияларга алмаштирилиши назарда тутилган.

Тошкентдаги “Абдурашид” хусусий корхонаси мулозимларидан бирининг айтишича, бу қарорнинг уларга ҳам бевосита боғлиқлиги бор:

- Албатта¸ бу қарорнинг бизга боғлиқлиги бор. Бугун эрталаб Тошкент шаҳар ҳокимиятида ана шу масалага бағишланган мажлис ҳам бўлиб ўтди. Биз бир йилда 9-10 миллионтагача пишган ғишт ишлаб чиқаришимиз мумкин.

Лекин ҳозир Тошкент атрофида мавсумий заводлар пайдо бўлган. Улар маҳсулотининг нархи арзон¸ аммо сифати паст. Шундай бўлса-да¸ сифатли ғишт ишлаб чиқарадиган катта заводларнинг қиммат ғиштига харидор тобора камайиб бормоқда. Бу бугунги кундаги катта муаммолардан бири, дейди корхона мулозими.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида пишган ғишт ишлаб чиқарадиган ўнлаб хусусий корхоналар пайдо бўлди. Ҳозир Ўзбекистон қурилиш бозорининг ғиштга бўлган асосий эҳтиёжини ана шу заводлар қоплайди. “Ўзқурилишматериаллари” ҳиссадорлик компанияси эса бу корхоналар ишини назорат қилиб боради.

Янгийўлдаги ғишт заводларининг бирида ишлаётган мутахассисга кўра, сўнгги йилда Ўзбекистонда пишган ғиштга бўлган талаб анча сусайган. Бунинг сабаби эса:

- Қурилиш камайиб кетди. Бу эса қурилишга кредитлар ажратилиши билан боғлиқ. Бизда эса ипотека кредити ишламай бир жойда қотиб қолди.

Мана қаранг, ипотека кредити бўйича ёш оила уй олиш учун уй-жой нархининг 25 фоизи миқдорида маблағ киритиши лозим. Агар ота-оналар ёки қариндошлар ёрдам бермаса, ҳозирги ёш оилалар бунча пулни бир умр ҳам йиға олмайди.

Агар ёш оилага уй берилиб, у тўловни нолдан бошласа ва бу қурилишни давлат ўз зиммасига олса ҳамда устама фоизлар камайтирилса, кейин қурилиш кўпайиши мумкин.

Бугун, мисол учун 50 миллион сўм турадиган уйнинг 25 фоизини ёш оила тўлай олмайди, дейди ўз исмини билдиришни истамаган ғишт заводи мулозимларидан бири.

Суҳбатдошларимизнинг айтишларича¸ ҳозир бу заводларда ишлаб чиқарилган пишган ғиштнинг ҳар донаси пул ўтказиш орқали 120-130 сўмдан сотилaяпти. Тошкент қурилиш моллари бозорларида эса унинг нархи:

Шавкат ака: Оддий¸ стандарт майда ғишт заводида 120 сўм экан. Бундан ташқари қалинлиги тўққиз сантиметрлик полтора бор. У 150 сўм экан. Хом¸ майда ғишт 100 сўмдан экан.

Хомини ҳам реализация қилишаяпти. Пишган ғиштга қурби етмаганлар хом ғишт олаяпти. Фундаментнинг устидан беш-олти қатор пишган ғишт терадида¸ бинонинг қолга қисмини хом ғишт билан кўтараверади. Нарх-наво шунақа.

Озодлик: Аҳолининг харид қуввати борми шунга?

- Йўқ. Бирор бир ўзига тўқ оила ëки у ëқ бу ëқда оқиб келадиган жойи бўлган оилалар қураяпти. Бу ëқдаги оддий халқ қандай чувринди бўлса¸ шундайлигича ўтирибди. Шуларнинг ичида биттаси мен ўзим. 2000 йилда эски уйимни бузиб¸ қайтадан тиклаб қурганман. Ҳали ҳам сомон сувоқда ўтирибман. Алибастр қилишга қурбим етмайди¸ дейди Тошкентлик Шавкат ака.

Жиззхалик қурувчи Анорбой аканинг айтишича, вилоятда пишган ғиштнинг нархи Тошкентдагига қараганда икки баробар арзон. Лекин унинг сифати жуда ëмон.

- Бизнинг Жиззах вилоятида жуда кам. Анқонинг уруғи. Бўлса ҳам сифати йўқ. Ишлаб чиқараëтган ғиштлари бир ëмғирда ивиб кетаяпти.

Совет пайтида пишган ғишт урилишидан олдин бир ярим соат сувда турарди. Ундан кейин олиб растворнинг устига қўйиларди. Ҳозир растворнинг намлигидан ивиб кетадиган ғиштлар чиқаяпти. Шунинг учун нархи 60 сўм. Тошкент энди 120 сўмни кўтаради. Пойтахтимиз энди пулдор жой¸ дейди Анорбой ака.

Иккинчидан¸ дейди Анорбой ака¸ ҳозир пишган ғиштдан уй қуришга аҳолининг харид қуввати йўқ, У бунга уч хонали уй қуришни мисол қилиб келтиради:

- Ҳисобим бўйича уч хонали уйга минимум 11-13 минг ғишт кетади. Харид масаласига келганда¸ Ўзбекистонимиздаги ишчиларнинг¸ оддий фуқароларнинг қурби етмайди. Сабаби¸ 90 фоиз ишсизмиз. Пул муаммоси ҳозир умуман кризис бўлган. Пластик карточка дейдими шунга ўтказаяпти. Ҳатто ишга борган фирмаларимизда пластик карточка дейди. Нақд пул муамммоси бор.

Қурилиш муаммосига¸ ҳисоб-китоб қилишга¸ масалан¸ 11-13 минг ғишт олишга¸ 60 сўмдан бўладиган бўлса¸ 9 миллион пулни қаердан топаман мен?

Фирмага ишга чиқиб кетганимга бир ярим ой бўлди. Бор-йўғи 180 минг сўм олиб келдим. Қилган обëмимнинг ўндан бирига чиқмайди.
Минбарда ҳавойи сўзлар. Келажакни осонлик билан қуриш сўзлари айтилади. Ўзбекистон фаровон яшаяпти¸ дейди. Ўзбекистоннинг ички фуқароларидан ëки ожиз бандадан сўрасангиз¸ унинг ҳозир газ билан светга пул тўлашга ҳам қурби етмайди. Биз ўзимизнинг ота-бобомиздан қолган гувалакдан қолмайлик¸ дейди Анорбой ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG