Линклар

Адашишдиëв....

  • Фаррух Юсуфий

На оддий халқ ва на иқтисодчилар¸ агар Ўзбекистон иқтисоди тинимсиз ўсаëтган бўлса¸ нега тобора кўпроқ ўзбекнинг дунë бўйлаб мардикорлар сафини тўлдираëтганини тушунолмай ҳалак.

На оддий халқ ва на иқтисодчилар¸ агар Ўзбекистон иқтисоди тинимсиз ўсаëтган бўлса¸ нега тобора кўпроқ ўзбекнинг дунë бўйлаб мардикорлар сафини тўлдираëтганини тушунолмай ҳалак.

Дунëнинг забардаст давлатлари иқтисоднинг ортга қараб кетишини тўхтатиш билан банд бўлиб турган бир пайтда¸ Ўзбекистонда бу йили кўз кўриб¸ қулоқ эшитмаган иқтисодий ўсиш бўлажаги ҳақда гапирилмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги жорий йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 108 фоизни ташкил қилишини башорат қилмоқда. Бу башоратларнинг рўёбга чиқишини кафолатлаётган қатор омилларни, Иқтисодиёт вазирлигига кўра, халқаро таҳлилчилар ҳам тан олмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматига кўра, президент Ислом Каримовнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” номли китобида зикр этилган ислоҳотлар мамлакат иқтисодини нафақaт инқироздан қутқарган, балки унинг изчил ўсиб боришини кафолатлаган.

Бу рақам ва хулосалар www.press-uz.info интернет нашрида эълон қилинган Абдулла Маҳмудов исмли муаллиф қаламига мансуб “Иқтисодий ўсиш формуласи” номли мақоладан олинди.

Жон Эндрю Лондондаги “Economist Intelligence Unit” иқтисодий тадқиқотлар марказида Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистондаги иқтисодий вазият таҳлили билан шуғулланади. Унинг айтишича, ялпи ички маҳсулотнинг бундай мисли кўрилмаган даражада ўсишини кўрсатувчи рақамлар қандайдир хатолик натижаси ёки асл вазиятни уятсизларча бўрттириб кўрсатишга уринишдир.

- Бу рақамлар икки сабабга кўра эълон қилинган бўлиши мумкин. Биринчиси, бу оддий хатолик бўлиши мумкин ва унга йўл қўйган вазирлик мутасаддиларига нисбатан тегишли чоралар кўрилиши лозим. Бу мутлақо ақл бовар қилмайдиган, асл вазиятдан жуда йироқ бўлган рақамлардир, чунки шу пайтгача ҳукумат 7-9 фоизлик ўсиш даражасига эришишини айтиб келаётган эди.

Энди агар улар ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати икки баробардан кўпроққа ортишини айтаётган бўлса, бу очиқдан-очиқ уятсизликдан бошқа нарса эмас.

Бу қандайдир хатолик бўлиши керак, чунки Ўзбекистон яқин келажакда бундай рақамга яқинлаша олмайди¸ дер экан лондонлик таҳлилчи Ўзбекистоннинг ҳатто шу пайтгача айтиб келинган 7-9 фоиз ўсишга эриша олишига ҳам шубҳа қилишини қўшиб қўяди.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ амалдори ва ҳозирда Олмаотадаги Евроосиё институти иқтисодиёт факультетининг декани Сапарбой Жубаев¸ Ўзбекистон ҳукумати эълон қиладиган маълумотлар, хусусан иқтисодий ўсишга оид рақамлар қаердан олинишини бундай изоҳлайди.

- Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 7 фоизга ривожланар экан¸ дейди. Мен тўғрисини айтсам¸ бизнинг статистикадан жуда яхши хабарим бор. Бу кўзбўямачи кўрсаткич. Буни очиқ айтишим керак.

Эсимда бор¸ 2005 йилларда бир кварталда 25 фоизга ривожланишни ҳам кўрсатганмиз. Ваҳоланки¸ учинчи кварталда¸ ëз фаслию¸ ҳамма отпускага кетади¸ шу вақтда ҳам кўрсатганмиз. Шунинг учун бизнинг статистиканинг кўрсаткичларига ишониш керак эмас. Эркин иқтисод бўлмагунча¸ бир нарса айтиш ҳам қийин, дейди иқтисодчи.

Айни пайтда, Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Доминик Стросс-Кан яқинда Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида¸ Тошкент ҳукуматининг жаҳон молиявий инқирозига қарши кўраётган чораларини юқори баҳолаб, минтақа давлатлари учун ўрнак бўлиши мумкинлигига оид фикрларни илгари сурди.

ХВЖ раиси ҳам Ўзбекистон иқтисодининг жорий ва келаси йилда ўртача 7 фоизга ўсиши кутилаётганини айтди.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ амалдори Сапарбой ака, ХВЖ раисининг хулосалари ҳам расмий Тошкент “бармоқдан сўриб олган” маълумотларига асослангани учун асл вазиятни акс эттирмайди, дейди.

- Биринчидан¸ чет элдан¸ Халқаро валюта жамғармаси¸ Жаҳон банки¸ Европа тикланиш ва тараққиëт банки¸ Осиë ривожланиш банкларининг бизда миссиялари бор. Уларга биз ҳақиқий кўрсаткичларни ҳеч қачон кўрсатмаймиз.

Биз уларга сунъий кўрсаткичларни кўрсатишга шунақа уста бўлиб олдикки¸ бизнинг статистика марказдан бошқариладиган статистика бўлиб қолди. Уларнинг ҳамма корхоналарга бориб¸ рақамлар тўғрими ëки нотўғрими текширишга имконияти йўқ.

Масалан¸ 17 фоиз ëзилиб қўйса ҳам ҳеч ким текширмайди. Улар давлат бошқарувидаги одамларсиз сизга ишонмайди. Улар сиз берган рақам билан ишлайди. Бошқа рақам олишга уларнинг имконияти йўқ. 7 фоиздан кўп ҳам кўрсатиш мумкин, дейди кўп йиллар Ўзбекистон Молия вазирлигида ишлаган иқтисодчи.

Лондонлик иқтисодчи Жон Эндрю ҳам ХВЖ раҳбари ўз хулосаларида Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга таянганини айтади. Бошқа томондан, Ўзбекистон ҳукумати қандайдир чоралар кўраётгани рост, лекин бу чоралар қанчалик самарали эканига оид шубҳалар ҳам йўқ эмас, дейди таҳлилчи.

- Жаноб Стросс-Каннинг расмий маълумотларга таянган ҳолда қилган хулосалари тўғри бўлиши мумкин. Қандайдир сармоялар ишга солинмоқда, чунки Ўзбекистон ҳукуматининг бундай имкониятлари бор.

Бу имкониятлар валюта резервлари, ривожланиш жамғармаси каби воситалардан иборатдир ва шу маънода Ўзбекистонда минтақанинг баъзи давлатларига нисбатан яхшироқ шароитлари бор ва уларни ишга солиши мумкин. Лекин бу сармоялар қанчали самара бераётгани ҳозирча ноаниқ қолмоқда. Чунки расмийлар бераётган маълумотларга шахсан мен ишонмайман, чунки улар ишониб бўлмайдиган даражада некбиндир, дейди лондонлик таҳлилчи.

Ўзбекистонда кутилаётган мисли кўрилмаган иқтисодий ўсиш ҳақида билиш учун Иқтисодиёт вазирлигига ҳам мурожаат қилдик. Вазирлик мутасаддиси келаси ҳафта тегишли мутахассислар билан бу ҳақда суҳбат уюштириб беришини ваъда қилди. Ҳозирча эса, президент Каримовнинг “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” номли китобига мурожаат қилишинингиз мумкин, деб маслаҳат берди суҳбатдошимиз.

Жон Эндрю президент Каримовнинг сўнгги китобини ўқимагани, лекин жаҳон молиявий инқирози давлат ўлароқ, Ўзбекистоннинг иқтисодига таъсир қилмаётганига ишонсак ҳам, бўҳроннинг оддий ўзбекистонликлар турмушида акс эта бошлагани, шубҳасиздир, дейди.

- Расмийлар бераётган рақамларга ишонмасам-да, уларга кўра, Ўзбекистон иқтисоди унчалик азият чекмаётганини айтиш мумкин. Лекин Ўзбекистон иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига таяниши ва бу соҳа ҳозирда қийин аҳволда қолгани, бунинг аксини айтиш мумкин.

Яна бир омил, оддий ўзбекистонликларнинг иқтисодий аҳволи давлатникидан фарқли ўлароқ табиий заҳираларга эмас, Россия ва бошқа давлатлардан меҳнат муҳожирлари юбораётган пулларга таянади. Бу пул жўнатмалари эса жорий йил биринчи кварталида 30 фоизга тушиб кетди.

Шунинг учун расмий рақамларга кўра, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши айтилаётган бўлса-да, бу оддий ўзбекистонликлар турмушида умуман акс этмайди, дейди Лондондаги “Economist Intelligence Unit” иқтисодйи тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Жон Эндрю.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG