Линклар

Ўзбекистонда парламентаризм борми?

  • Барно Анвар

Ўзбекистонда ҳашаматли парламент биноси бору¸ парламентаризм асослари йўқ¸ дейишмоқда мустақил таҳлилчилар.

Ўзбекистонда ҳашаматли парламент биноси бору¸ парламентаризм асослари йўқ¸ дейишмоқда мустақил таҳлилчилар.

Toшкентда парламентаризм масалаларига бағишланган халқаро анжуман ўтказилаëтган бир пайтда мустақил таҳлилчилар Ўзбекистонда парламентчилик тизими шаклланганига шубҳа билдирмоқдалар.

Тошкентда Ўзбекистонда сайлов ва парламентаризм тажрибаларини муҳокама қилишга бағишланган йирик халқаро анжуман бошланди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти уюштирган бу анжуманда бу йил, асосан, минтақа давлатлари ва Украина ҳамда Ҳиндистондан борган экспертлар Ўзбекистоннинг парламентчилик соҳасидаги тажрибасини муҳокама қилмоқда.

Ўзбекистоннинг сайлов ва парламентчилик соҳасидаги тажрибасини муҳокама қилиш учун Тошкентдаги “Radisson SAS” меҳмонхонасига йиғилган экспертлар, олимлар, сиёсатшунослар сафи айни мазмунда аввал ўтказилган тадбирларда йиғилган иштирокчилар сафидан анча сийрак ва тор бўлди.

“Сайловлар ва замонавий парламентаризм масалалари: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида ўтаётган шу тадбир кун тартиби ва умуман, Ўзбекистонда сайлов ҳамда парламентчилик тажрибасига муносабатини сўраб, дастлаб, тадбир ташкилотчиларидан бири бўлган Европада xавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентдаги координатори идорасига боғландик.

АммоЕвропадаги нуфузли ташкилотнинг Тошкентдаги идораси ходимлари Озодлик радиоси билан мулоқотдан бош тортди.

- Ташкилотимиздан ҳеч бир киши бу мавзуда гаплашишни истамаяпти. Xоҳласангиз, бизнинг устимиздан арз қилишингиз ҳам мумкин. Мен сизга ҳеч қандай ёрдам беролмайман, деди ташкилотнинг телефон орқали мурожаатимизга жавоб берган вакили.

Тадбир ташкилотчиси бўлган Фуқаролик жамиятини ўрганиш институтига таяниб, www.ferghana.ru ахборот агентлигининг хабар қилишича, анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Украина ва Ҳиндистондан келган мутахассислар, сиёсатшунос олимлар Ўзбекистонда сайлов ва парламентчилик фаолияти ҳуқуқий асосини ташкил қилган қонунлар жамланмаси таҳлили билан шуғулланмоқда.

Шу мазмунда ЕХҲТ ташкилоти аввал ўтказган тадбирлар мазмунидан келиб чиқилса, бу жамланма Ўзбекистон республикаси конституцияси, сайлов ҳуқуқи тўғрисида, сайловлар тўғрисида, сиёсий партиялар фаолиятини ошириш тўғрисида, қонунчилик палатаси тўғрисидаги қонунлардан иборат бўлади.

Ўзбекистонда сайлов ва парламентчилик тизими тўғрисидаги ҳуқуқий асос халқаро демократик талабларга, гўёки, мос, дейди ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Аммо, таҳлилчига кўра, амалда бугунги Ўзбекистон сайлов тизими ва парламентчилиги жиддий, ҳеч бир қонун ёxуд ҳуқуқий ҳужжат билан изоҳлаб бўлмайдиган формал камчиликларга эга. Раббимов Ўзбекистоннинг бугунги парламенти таркибини таҳлил қилар экан, ундаги қатор камчиликларни санаб ўтди.

Булардан асосийси мамлакатдаги сиёсий партиялар фаолиятидаги қонун билан регламентлаштирилмаган ўзгаришлар, масалан, партияларнинг яратилиб, йўқотилиб юборилиши, бунинг ортидан қонун билан белгиланган 5 йиллик ваколати тугамай туриб, Ўзбекистон парламенти таркибида фракцияларнинг қисқариб кетишидир.

- Шу пайтгача иккита партия ютилиб кетилди. Энг қизиғи¸ Ўзбекистонда парламент депутатлари сони борган сари қисқариб бораяпти. 90 йиллардаги фавқулодда биринчи парламентининг депутатлари сони 500 нафар эди. 1994 йилдан Олий Мажлис деб номлана бошлади ва депутатлар сони 250 нафарга қисқартирилди. 2002 йилда референдум ўтказилиб¸ икки палатали бўлди. Қонунчилик палатаси депутатлари 120 нафарга қисқартирилди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Бу Ўзбекистон парламентининг аввал бошдан беқарорлигидир, дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистон парламентчилик тажрибасининг ўзига хос бўлган хусусиятлардан яна бири қонунчилик палатасига сайланадиган номзодларни кўрсатиш шаклидир.

Камолиддин Раббимов бу тизимни бугунга келиб номига бўлса-да, демократик, деб баҳолашнинг мутлақ имкони қолмади, деб ҳисоблайди.

- Бугунги Ўзбекистонда бирорта мустақил шахс депутатликка номзодини қўя олмайди. 70 га кираëтган Каримов 2004 йилги сайловларда анча безовта бўлган эди. Ўша пайтда мухолиф партиялар ташаббус гуруҳлари орқали ўтказамиз деб айтган эди. Бу интернетда ҳам чиққан¸ радиоларда ҳам эшиттирилган эди.

Шундан хавотирга тушган ҳукумат бу сафарга келиб¸ қонунчиликда катта ўзгартириш қилди ва мустақил ташаббус гуруҳлари орқали депутатликка номзод кўрсатилишини йўқ қилди. Бундан кейин ҳукуматнинг мутлақ назорати остида бўлган партиялар орқали номзод кўрсатилади холос¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Раббимов фикрича, Ўзбекистон Олий Мажлиси — икки палатали парламентининг сенатига сайланаётган сенаторларнинг сайланишида ҳам ҳеч бир халқаро меъёрларга тўғри келмайдиган тартиб-қоидалар бор.

Маълумки, Ўзбекистон сенати 100 ўринлик бўлиб, бунда Ўзбекистондаги мавжуд 14 субъект — 12 вилоят, Қорақалпоғистон республикаси ҳамда Тошкент шаҳридан олти нафардан сенатор халқ депутатларининг вилоят кенгашлари томонидан сайланади. 16 нафар сенатор эса тўғридан-тўғри президент Каримов томонидан тайинланади.

Биринчидан, президент тайинлайдиган сенаторлар сони Ўзбекистонда демократик давлатлардагидан уч-тўрт баробарга кўп экани билан бир пайтда, вилоятлардан келадиган сенаторлар ҳам билвосита президент томонидан тайинланган бўлиб чиқади, дея сўзларини давом эттиради таҳлилчи Раббимов.

- Қонун бўйича вилоят халқ депутатлари кенгашининг раиси президент томонидан тайинланадиган вилоят ҳокими. Вилоятнинг вакилларига президент томонидан тайинланган шахс бошчилик қилади ва автоматик равишда вилоят ҳокими сенатор бўлиб тайинланади. Қолган бешта одам ҳам ҳокимнинг чиғириғидан ўтган одамлар ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда¸ Ўзбекистон парламенти билвосита ижроия ҳокимиятининг қонунчилик даражасидаги маҳсули. У қонун даражасида мустақил эмас. Айнан президент томонидан тайинланган шахслар автоматик равишда сенатга келиб ишлашади, дейди ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Яъни, таҳлилчи фикрига кўра, Ўзбекистондаги парламентчилик тизимини, мазмунан нари турсин, ҳатто, шаклан ҳам демократик тамойилларга мос, дейиш мумкин эмас.

Ўзбекистонда парламентчилик тизимига тамал тоши қўйилаётган кезларда янги тузилган парламентни нисбатан демократик парламент дейиш мумкин эди, дея ўзбек парламентчилиги тарихига назар ташлайди “Бирлик” халқ ҳаракати партияси раисининг ўринбосари Ҳамдам Сулаймонов.

У депутатлар сони 500 та бўлган 1990 йиллар бошидаги парламентни ёдга олди.

- Бизда демократик парламент 90 йилларда бор эди. Биринчи совет даврида сайлов бўлган. Ўшанда оддий қишлоқ агрономи Садирали Умаров Бирлик халқ ҳаракати партиясининг раисдошларидан эди. Шу одам парламентга депутат қилиб сайланган. Парламентда байроқ масаласи кўтарилган пайтда¸ биз томондан бериб юборилган Туркистон байроғини “Ўзбекистон байроғи қилиш керак” деб¸ байроқни кўтариб чиққанлари ҳали-ҳали эсимда¸ дейди Ҳамдам Сулаймон.

Ўзбекистон парламенти тарихидаги ўша машҳур 7-сессияни кузатган пайтларимизда кўнглимизда улкан умидлар бор эди, дея сўзларини давом эттирган Ҳамдам Сулаймонов вақт ўтган сари умидлар бўғила-бўғила ўтган йилга келиб, жилла қурса, сиёсий иродамизни ифода қилишгагина хизмат қилиб турган сўнгги имконият ҳам йўқ қилинди, дейди.

- Ташаббус гуруҳи орқали номзод кўрсатиш қонундан олиб ташланди. Бирлик халқ ҳаракати рўйхатдан ўтмаган бўлгани учун бутун номзодларни ташаббус гуруҳи орқали кўрсатишга ҳаракат қилиб келган. Номзодлар кўратишга эришган ҳам. Лекин сайлов округи комиссия раислари қочиб кетиб¸ бошқа қилиб рўйхатга олмаган. Ҳозирги кунда демократларга сайловни ҳам қисиб қўйишди, дейди “Бирлик” халқ ҳаракати партияси раиси ўринбосари Ҳамдам Сулаймонов.

Бироқ сўзлари давомида Ҳамдам Сулаймонов вазиятга объектив баҳо берадиган бўлсак¸ Ўзбекистоннинг бутун бошли парламенти фаолиятидан элга наф бўлмаяпти дейиш нотўғри.

- Ҳар нарсага реал қараш керак. Мисол учун "У ҳеч нарса қилмайди¸ бу ҳеч нарса қилмайди" дейишлик бу аламзадалик оқибати бўлиши мумкин. Мен биладиган Қўқон шаҳрининг олдинги ҳокими Маъруф Усмонов деган одам бор. Шу одам сенатор. Шу одам Қўқон учун¸ вилоят учун ободончилик масалаларида¸ қонунчилик масалаларида жуда катта амалий ëрдамлар киритди. Шу одам ҳақида "Ўша одам ишлаяпти" дейиш ҳеч қачон ëлғон бўлмайди. Буни халқ билади ва халқ у одамни яхши кўради. Мен уни қўқонлик бўлганим учун жуда яхши биламан¸ дейди Ҳамдам Сулаймонов.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов эса Ўзбекистонда чинакам парламентчилик тизими ҳеч қачон бўлмаган, деган қатъий фикрда.

- Мен 1992 йилда “Парламентчилик ҳали Ўзбекистонда йўқку” деб айтган эдим. Ҳозир ҳам шу гапни айтаман. Парламентчиликнинг асосий омили бу халқчиллик. Яъни ўтирганларнинг ҳар биттаси халқнинг маълум бир қисмига вакиллик қилиши керак. Унинг манфаатларини¸ орзу-умидларини жуда яхши биладиган одамлар бўлиши керак. Бундай ҳолат совет даврида ҳам бўлган эмас. Демократия нуқтаи-назаридан баҳолайдиган бўлсак¸ Ўзбекистонда парламентчилик йўқ¸ умуман йўқ, дея хулоса қилади “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов.
XS
SM
MD
LG