Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:29

Эронда норозилик сўнмаяпти


Президентлик сайловлари натижаларидан норози бўлган эронликлар нозўравонлик курашининг турли усулларидан фойдаланмоқдалар.
Президентлик сайловлари натижаларидан норози бўлган эронликлар нозўравонлик курашининг турли усулларидан фойдаланмоқдалар.

Эрондаги президентлик сайловларидан сўнг юзага келган оммавий норозилик намойишлари бостирилганидан кейин мухолифатга хайрихоҳлар ўз норозилигини ифодалашнинг бошқа йўллари ўйлаб топдилар.

Шу йилнинг 12 июн куни Эронда ўтган президентлик сайловлари натижаларидан қониқмаган мухолифат тарафдорлари Теҳрон кўчаларида кўп минг кишилик норозилик намойишлари ўтказган, бу намойишлар мамлакат ҳуқуқ-тартибот тизимлари томонидан аёвсиз бостирилганди.

Эрон хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши куч қўллагани оқибатида 20 га яқин намойишчи нобуд бўлган¸ юзлаб мухолифат фаоллари қамоққа олинганди.

Айни пайтда Эронда конституциявий суд мақомида иш юритувчи Посбонлар кенгаши бир неча участкадаги овозларни қайта санаш натижаларига кўра Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг сайловда ғалаба қозонганини 29 июн куни расман эълон қилди.

Намойишлар куч билан тарқатилганига, кўплаб одамлар қамалганига, мамлакатдаги қатор нашрлар ёпилганига қарамай, эронликлар ўз норозилигини ифодалашнинг янги-янги шаклларини ўйлаб топаяпти.

Масалан, улар машина чироқларини ёқиб олиб, овоз кучайтиргичлар орқали ҳайқириб юрибдилар. Норозиларнинг айримлари кўчаларда яшил пуфаклар кўтариб юрибдилар. Бу ҳам норозиликни ифодалаш шаклларидан бири сифатида қаралмоқда.

Шунингдек, эронликлар орасида яширинча босилган газеталар тарқатилаяпти. “Сабз” (Яшил), “Каломе сабз” (Яшил сўз), “Хиёбон” каби газеталар шулар жумласидандир.

Асли эронлик бўлган, бироқ ҳозир хорижда истиқомат қилувчи Ҳусайн Бостоний шу кунда Эронда расмийлар нуқтаи назарга мувофиқ келмайдиган эркин фикрларни ҳамма газета ҳам чоп қилишга рози бўлмаслигини айтади.

- Ҳозир у ерда (Эронда – таҳр.) мустақил журналистикага ўрин йўқ. Аввалги ва ҳозирги босимни, шу билан бирга, цензурани эътиборга оладиган бўлсак, эркин журналистларнинг ишлаши имконсиз бўлиб қолганига амин бўласиз, дейди Ҳусайн Бостоний.

Эрондаги сайлов натижалари фақат ислоҳотчи номзодлар тарафдорлари бўлган фуқароларнигина эмас, мамлакатдаги айрим руҳоний раҳбарларни ҳам қониқтирмаяпти. Улардан бири оятуллоҳ Муҳаммад Али Аёзийдир.

- Мен аъзо бўлган уламоларнинг Қум кенгашида бир гуруҳ дин олимлари 12 июн кунги сайлов бошдан-оёқ сохталаштирилганини айтишиб, сайлов натижаларини мустақил гуруҳ текшириши лозимлигини билдиришди. Исфаҳондаги таниқли олимлардан бири оятуллоҳ Тоҳирий ҳам шу фикрда. Менимча, ҳозирда уламолар элнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқиши табиийдир, деди Муҳаммад Али Аёзий.

Эрондаги президентлик сайловларидан кейин ҳибсга олинган кишилар орасида мухолифат билан мулоқот қилган таниқли шахслар, намойишчилар ва хорижлик мухбирлар бор.
XS
SM
MD
LG