Линклар

Халқаро амнистия Исроил ва Ҳамасни танқид қилди


Халқаро амнистия ташкилоти Исроил қўшинларининг яқинда Ғазо минтақасида олиб борган ҳарбий амалиётларини уруш жиноятларига тенглаштирди.

Ташкилотга кўра, Исроил қўшинлари мазкур ҳарбий амалиётлар чоғида юзлаб фаластинликни ўлдириб, мингга яқин турар жойларини вайрон қилган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроил ҳукуматини аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда артиллерия қуроллари, оқ фосфор ва таркибида тез ёнувчи моддалар бўлган бомбалардан фойдаланмасликка чақирди.

Халқаро амнистия, шунингдек, Ҳамас раҳбариятини Исроилга қилинаётган ракета ҳужумларини тўхтатишга ундади. Ҳамаснинг ракета ҳужумлари ҳам ташкилот томонидан уруш жиноятларига тенглаштирилди.

Халқаро амнистия ташкилоти вакили Донателла Ровера Лондонда қилган чиқиши чоғида ҳам Ҳамас ҳам Исроил ҳаракатларини кескин танқид қилди.

-Биз аниқлаган маълумотлар хавотирлидир. Иккала томон ҳам Женева конвенцияси ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол равишда бузган. Уларнинг баъзи ҳаракатлари эса уруш жиноятидир, деди Донателла Ровера.

Фаластин расмийлари ва ҳуқуқ химоячиларига кўра, уч ҳафта мобайнида Ғазо минтақасида олиб борилган ҳарбий амалиётлар оқибатида 1400га яқин фаластинлик, жумладан, тинч аҳоли вакилларидан 900 киши нобуд бўлган. Фаластин жангариларининг ракета ҳужуми оқибатида эса Исроилнинг 13 фуқароси нобуд бўлган.

Айни пайтда БМТ ҳам жорий йил бошида Ғазода рўй берган ҳарбий можаро юзасидан текширув ишлари олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG