Линклар

logo-print

Ғалланинг хуфия ғалваси

  • Сарвар Усмон

Ўзбек фермерлари¸ мустақилликдан бери ўз зиëнларига ғалла экиб келаëтганларини айтадилар.

Ўзбек фермерлари¸ мустақилликдан бери ўз зиëнларига ғалла экиб келаëтганларини айтадилар.

Бу йил Ўзбекистонда бир тонна ғалланинг харид нархи 206 минг сўм қилиб белгиланди. Ўтган йили давлат ўзбекистонлик фермерлар етиштирган донни бу йилгидан 22 % арзонроққа сотиб олган эди.Лекин нарх ошганидан фермер барибир хурсанд эмас. Нега?

“Жамият ва қонун”нинг бугунги сонида мана шу савол жавобини излаймиз.

Ғалла харид нархининг ошгани тўғрисида ахборот воситаларида пайдо бўлган маълумотни Ўзбекистон республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ғаллачилик бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими ўтган ҳафтада тасдиқлади.

- Ҳа¸ 206 сўм бўлди. Ўтган йил озроқ эди¸ бу йил ошди¸ деди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ғаллачилик бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Ғалланинг ва умуман қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг харид нархи мавзуини кўп ёритганмиз. Ва ҳар доим фермерлар давлат белгилаган нархларнинг адолатсизлигидан зорланар эди.

Ўтган йилгидан 22%га кўп бу йилги нарх ҳам фермерни қониқтирмаяпти. Масалан, қорақалпоғистонлик фермер Қубай оға Ортиқовни.

Лекин харид нархидан қониқмаётган фермер бир гап билан мухбирингизни “ер қилди”.

Озодлик: Сиз ҳам буғдой сепганмисиз?

Қубай Ортиқов: Ҳа¸ бор. 25 гектар буғдой экканман. Давлатга 47 тонна буғдой топширишим керак.

Озодлик: Бу йил белгиланган нарх сизни фермер сифатида қониқтирадими?

Қубай Ортиқов: Йўқ¸ қониқтирмайди.

Озодлик: Нима учун?

Қубай Ортиқов: Сабаби¸ ўзини ўзи қопламайди. Гектарига 200 килодан сепилган уруғнинг ўзи анча-мунчага бориб қолди. Ëқилғининг баҳосини биласиз¸ деярли 1000 сўм. Ўғитнинг ўзи деярли 300 мингга боради.

Озодлик: Неча пулдан сотиб олса сизни қониқтиради?

Қубай Ортиқов: Бутун дунëда ҳозир буғдойнинг ўртача нархи 450 сўм. Қаттиқ буғдойлар қимматроқ¸ фуражный зерно сал арзонроқ. Буғдой ҳеч вақт 300 сўмдан арзон бўлмаган. Энг паст буғдой 300 сўм. Ўртача 450 сўмдан бўлганида деҳқон қувона-қувона буғдой етиштиради.

Озодлик: Бир кило буғдойнинг таннархи сизга неча пулга тушади?

Қубай Ортиқов: Менга 470 сўмлардан тушади. Бу йил сув танқисроқ бўлди. Ҳосилнинг чўғи камроқ. Демак¸ бу йил 470-500 сўмга тушади. Агар буғдойни мендан 450 сўмдан сотиб олса ҳам зарар кўраман.

Озодлик: Мана мен буғдойдан узоқ одамман. Менга тушунтиринг. Ўтган йил 185 сўмнинг атрофида эди. Ўшанда ҳам буғдой сепгансиз-а?

Қубай Ортиқов: Сепганман.

Озодлик: Бу йил ҳам 500 сўм бўлиб кетмаслигини билардингиз. Лекин буғдой сепдингиз.

Қубай Ортиқов: Тўғри¸ сепдим.

Озодлик: Давлат сиз қилган харажатнинг ярмини ҳам бермаса¸ нима учун сиз бу ишни қилаяпсиз? Шуни менга тушунтиринг.

Қубай Ортиқов: Сарваржон¸ ëшингиз мендан кичикроқ бўлса керак.

Озодлик: Ҳа¸ кичикроқман.

Қубай Ортиқов: Мен ëш катта одамман. Бир гап бор: Қуръон билан нонни қўйса¸ нонни тепалаб Қуръонни ололмайсиз. Лекин шариат¸ нонга бўйингиз етмай турган бўлса¸ Қуръоннинг устига чиқиб нонни олишга рухсат қилган. Тушундингизми? Демак¸ нон Қуръондан ҳам катта¸ яна маънавий нима. Ахир нон тирикчиликнинг тиргагику. Шунинг учун зарар бўлса ҳам етиштирамиз. Ахир халқ оч қолмаслиги керакку.

Озодлик: Қубай оға¸ бу лирика. Сиз 10 сўмга олган нарсангизни беш сўмга сотиб Насриддин Афанди эмассизку. Бунақада уйингиз куйиб кетадику. Демак¸ тагида бошқа бир гап бор.

- Сарваржон¸ тўхтаб туринг. Мен сизга тушунтирай. Бу лирика бўлганда ҳам ҳаëтнинг лирикаси. Ахир янги давлат барпо қилинаяпти. Ўзбекистон мустақил бўлаяпти. Нима¸ мен ўзим бойиб кетишим учун шунақа ҳаракат қилишим керакми?

Давлат келиштира олмаяпти. У ëғи¸ бу ëғи – ҳаммаси хароб. Мен шуни тушунаяпман. Юрагимдан ўтказиб тушунаяпман. Худо хоҳласа¸ яхши кунлар келади. Келади яхши кунлар. Ҳали деҳқоннинг буғдойини яхши пулга ҳам сотиб олади¸ дейди Қубай оға Ортиқов.

Ҳа, Қубай оға изза қилди мени, мулзам қилди.

Ватанпарварлик мутлақ фазилат, албатта.

Лекин “рентабеллик” деган тушунчани ҳам ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ.

Ўзбекистонлик фермер 10 сўм сарфлаб етиштирган ҳосилини беш сўмга сотаётган, тўғрироғи беш сўмга сотиб олишларига кўнаётган экан, демак, бу ҳодисанинг ортида қандайдир бир синоат бор.

Ўша сирни хоразмлик бошқа бир фермер билан ўтказган суҳбатимиздан тушунгандай бўлдим.

Отаназар ака ер майдонларини оптималлаштириш кампанияси давомида ерини бошқа фермерга топширганлардан бири.

Эслатиб ўтаман, ғалланинг янги харид нархи устида кетаяпти гап.

Озодлик: Буғдойнинг килосини 206 сўмдан олиши фермерни қониқтирадими ëки йўқми?

Отаназар ака: Бу фермерни қониқтирмайди. У сепган дориси¸ давлатга тўлайдиган тўловларидан ортмай қолади. Фермер қарз бўлиб чиқади. Камида 500 сўмдфан белгиласа¸ шунда фермер ўзига озгина фойда олади.

Озодлик: Фермерга 1000 сўмдан олса ундан ҳам яхши бўларди¸ лекин нархнинг чегараси бор¸ бўлиши керак. Нархнинг адолатли ëки адолатсиз эканлигини билиш учун бир кило буғдойнинг таннархи неча пуллигини билишимиз керак. Сиз ҳисоб-китоб қилганмисиз?

Отаназар ака: Гектарига ҳисоб-китоб қилганман. Шунда бир кило буғдойнинг таннархи деҳқонга 350-370 сўмдан тушарди.

Озодлик: Бу қачонги гап?

Отаназар ака: Бу 2006 йилдаги гап. 2006 йилда ўзим ғалла топширганман. Шунда таннархи 350-370 сўмдан тушарди. Унда ҳам фойда бўлмас эди¸ нол бўлар эди. Қилган харажатини қоплаб қолар эди.

Озодлик: Ўша пайтда давлат неча пулдан оларди?

Отаназар ака: У пайтда 120-130 сўмдан оларди. Кейин 150 сўм бўлди.

Озодлик: Қаранг¸ давлат 120 сўмдан олса¸ фермерга таннархи 350-370 сўмдан тушса¸ қандай қилиб қоплайди? Сиз зўрға қоплайди деяпсиз. Қоплаши мумкин эмаску?

Отаназар ака: Бунинг бир сирли жиҳати бор.

Озодлик: Айтинг ўша сирли жиҳатни.

Отаназар ака: Биз гектарни аниқ бермаймиз. Масалан¸ 10 гектар деб ғаллага шартнома тузган бўлсак¸ биз 15-20 гектарга ғалла экамиз. Бунга катталар ҳам¸ ҳокимият ҳам кўз юмади. Улар бизга “Ер бўлмасдан қолди. Табиий офат бўлди. Kўкармади. Кўкарган ниҳоллар ҳам ўсмай қолди. Иссиқ келди. Сув бўлмай қолди” деб акт тузиб беради.

Озодлик: Хуллас кўзбўямачилик.

- Шундай. Шунинг учун ҳам бу юрмаяптида. Кўзбўямачиликсиз ҳам юради бу. Бу биз учун эмас¸ катталар учун керак. Катталарнинг ўзлари шунга мажбур қилади. Шуни қилмасангиз¸ сизни фермер қилиб қўймайди.

Ҳозир ғалла йиғим-теримида деҳқондан кўп юрган милиция¸ ҳокимият вакиллари¸ яна қаердандир вакиллар. Битта комбайннинг устида 10-15 нафар одам бор. Уларнинг ëнида 10-15 та эмас¸ 30 та қўшимча қопи бор. Бу ҳам деҳқоннинг гарданига юкланади¸ дейди хоразмлик фермер Отаназар ака.

Ўзбекистонлик фермерлар ташвишлари билан Сиз муштарийни баҳоли қудрат таништириб келаяпмиз.

Ўтказган суҳбатларимиздан бирида агар фойда кўрмаётган экансиз, нима учун қилаяпсиз бу ишни, деган саволимизга фермерлардан бири “қачондир шу ер мулким бўлиб қолар, деган умиддаман”, деб жавоб берган эди.

Харид нархлари қониқтирмаётган бўлса ҳам ердан ажраб қолмаслик учун фермер ўз ишига “ижодий” ёндошмоқда.

Фермер “амалламоқда”.

Жиззахлик фермер Мамиржон ака билан суҳбатимиз ана шу ҳақда.

Озодлик: Ўтган йил ҳам давлатга ғалла сотгансиз-а?

Мамиржон ака: Шундай.

Озодлик: Ўтган йил неча пул эди?

Мамиржон ака: 186 мингми¸ шундай қилиб белгиланган эди. Бир килоси 186 сўм.

Озодлик: Ўтган йил 186 сўм эди¸ бу йил 206 сўм бўлди. Сизнинг назарингизда¸ харид нархининг бу қадар ошиши етарли эмасми?

Мамиржон ака: Йўқ¸ тафовути деярли унча фарқ қилмайди.

Озодлик: Сизни қониқтирадиган нарх қанча?

Мамиржон ака: Бозор нархида белгиланадиган бўлса¸ 500 сўм ўртача нарх қилиб олинадиган бўлса¸ ўшанда қисман бизнинг харажатларимизни қоплаши мумкин.

Озодлик: Бозорда шу кунда 500 сўмми?

Мамиржон ака: Йўқ¸ шу кунда бозор нархи тушиб кетди. Айни пайтда 300-350 сўм.

Озодлик: Тушиб кетган тақдирда ҳам ғалланинг бозордаги нархи давлатнинг харид нархидан 100-150 сўмга кўп.

- Ҳа¸ қимматроқ бўлиб турибди. Ғалла ўрими пайтида жойларда одамлардан олдиндан пул олиб қўйишади¸ дейди Мамиржон ака.

Мамиржон аканинг сўнгги – “одамлар олдиндан тўлаб қўйишади” деган гапига қизиқиб қолдик. Суҳбатдошим узоқ тушунтирди. Тушунганим: фермер йил бошида бировлардан бўлажак ҳосил эвазига қарз кўтариб туради. Агар режадагидан ортиқ ҳосил олгудай бўлса, қарзни ўша ғалла билан тўлайди.

Суҳбатнинг давомини тингланг.

Озодлик: Давлат фермердан бозор нархидан арзон олар экан¸ буни “Мен фермерга минерал ўғитлар¸ ëнилғи ва ҳоказоларни етиштириб бераяпман. Шунинг учун буни арзон оламан. Арзон олишга ҳаққим бор” деб изоҳлайди. Бас шундай экан¸ фермер яна нима учун ҳалиги хусусий шахсдан¸ олибсотардан пул олиб туришга мажбур бўлаяпти? Менинг нимани тушумаëтганимни тушундингизми?

Мамиржон ака: Тушунарли. Давлат томонидан бериладиган минерал ўғитлар ëки ëқилғи маҳсулотлари давлат нархида қиммат берилади. Масалан¸ бир литр солярка 1050 сўм. Минерал ўғитнинг бир килоси эса 400 сўм. Фермер ëқилғи қуйиш шаҳобчаларидан ëки хусусий шахслардан арзон нархда ëқилғи сотиб олиш мумкин. Минерал ўғитни ҳам келишган ҳолда қандайдир йўллар билан арзон сотиб олиши мумкин.

Озодлик: Олибсотардан олган нақд пули эвазига арзон сотиб олиши мумкин-а?

Мамиржон ака: Ана шундай. Давлат етарлича маҳсулот бериши мумкин¸ аммо улар бу маҳсулотни қиммат нархда беради. Шунинг учун фермер қисман бўлса ҳам ўзига фойда қолиши учун имкон даражасида арзонроқ нархда олишга ҳаракат қилади.

Бундан ташқари бериладиган суммадан ишчиларга ойлик тўланади¸ рўғорига ишлатади. Чунки қишда фермернинг узилиш даври келади. Ўша пайтда фермерлар жуда қийналиб қолади.

Озодлик: Давлат берадиган ëнилғининг нархи неча пулу¸ сиз нақд пулга сотиб оладиганингиз неча пул?

- Давлат томонидан бериладигани 1050 сўм. Жойлардан олинса¸ 700 сўмда¸ кўпи билан 800 сўмдан олинади¸ дейди жиззахлик фермер Мамиржон ака.

Овозини ёзиб олишимизни истамаган бошқа бир сирдарёлик фермернинг айтишича ўша, биров бериб турадиган нақд пулга олинадиган ёнилғи аслида фермернинг ўзидан уриб-ундириб қолинган ёнилғидир.

Масаланинг яна бир жиҳати борки, у ҳақда индамасак, эшиттиришимиз чала бўлиб қолади.

Гап шундаки, фермер режадаги ғаллани сотгач, ортганини ўзида олиб қолади. Балки ўша – ортгани кўрган зарарини қоплар?

Бу саволни учала суҳбатдошимга бердим. Мана жавоблар.

Қорқалпоғистонлик фермер Қубай оға Ортиқов:

Қубай Ортиқов: Айрим ерларда яхши ҳосил кўтарган деҳқонга зарарни қоплайди. Унда фойда кўрамиз.

Озодлик: Бу йил шунақа фойда қиласизми? Мўлжалингиз борми ëки йўқми?

- Қорақалпоғистонда бу йил 25 майга қараб сув бўла бошлади. Буғдойнинг ҳосили жуда ҳам паст бўлди. Буғдойни суғора олмадик. Сувга қулай ерда жойлашган деҳқонлар ëмон ҳосил кўтармади. Масалан¸ мен ўзим ҳам ëмон ҳосил кўтармадим. Лекин ўтган йилларга солиштирганда жуда паст бўлди.

Хоразмлик Отаназар ака:

- Ортган буғдой ўзига қолгани билан полный ҳаммасини у ўзининг ҳисоботида кирим қилади. Кирим қилиб¸ ўз даромадидан солиқ тўлайди. Бу ўзига шунчаки қолмайди.

50 центнер дегани ëлғон гап. Дала ҳеч қачон 50 центнердан бермайди. 50 центнердан давлат қўйган. Унинг 50-60 фоизини давлат олиши керак. Фермер 50 тонна ҳосил оладиган бўлса¸ 30 тоннасини давлат олади. 50 фоизи фермерга қолди деб ҳужжатлаштирилади¸ лекин фермер даладан борини олди.

Дала 50 центнердан эмас¸ 30 центнердан беради. Фермер 40-45 центнердан ололса¸ яхши. Қолган 10-15 тонна фермерга қолади. Уни ëзганда¸ 15 тонна деб эмас¸ 25 тонна деб ëзишади. 10 тонна фермерга қўшимча ëзилади¸ дейди Отаназар ака.

Жиззахлик фермер Мамиржон ака:

- Қоладиган буғдой бу йилги нарх-наво билан қопламайди. Бу ëғингарчиликнинг ҳаддан зиëд кўпайиб кетганлиги¸ занг касалининг тушиб кетганлиги оқибати¸ дейди Мамиржон ака.

Уч фермер: қорақалпоғистонлик Қубай оға, хоразмлик Отаназар ака ҳамда жиззахлик Мамиржон акалар билан ўтказганимиз суҳбатни тингладингиз.

Манзара тўлиқ бўлиши учун куни кеча пайдо бўлган мана бу хабарни ҳам келтирмоқчимиз.

Андижон вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасидан олинган маълумотларга таяниб CA-NEWS агентлигининг хабар қилишича, бу вилоят ғаллакорлари мамлакатда биринчи бўлиб давлатга ғалла топшириш мажбуриятини бажарган.

Бошқармага кўра, вилоятдаги фермер хўжаликлари бу йил ғалладан 38 млрд сўм даромад олади. Умуман эса ғалла реализациясидан олинадиган маблағ 77 млрд сўмни ташкил қилади. Фермер хўжаликлари ихтиёрида 83 млрд сўм қолади, дейилган Андижон вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси маълумотларида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG