Линклар

Ўзбек қишлоғи куни чиқинди сувга қолган


Янгиқўрғонликлар¸ тоза булоқларнинг аллақачон қуриб битганидан нолийдилар.

Янгиқўрғонликлар¸ тоза булоқларнинг аллақачон қуриб битганидан нолийдилар.

Тожикистоннинг Янгиқўрғон қишлоғи аҳолиси узоқ йиллардан буён Ўзбекистон олтин корхонасидан чиқаётган чиқинди сувни ичишга мажбурликлари¸ бу ҳақда Тошкентга йўлланган илтимослар жавобсиз қолаëтганини айтадилар.

Сўғд вилоятининг Мастчоҳ туманидаги Янгиқўрғон қишлоғида асосан ўзбеклар истиқомат қилади.

Янгиқўрғонликларнинг айтишларича, қишлоқда ичимлик сув жуда танқис бўлиб қолгани учун қишлоқ аҳли Ўзбекистондаги олтин корхонасидан оқиб чиқаётган сувни ичишга мажбур бўлмоқда.

- Қишин-ёзин ичимлик сувининг йўқлигидан азоб тортаяпмиз. Заводдан келиб тушаётган сувни тиндириб, қайнатиб ичаяпмиз. Мана шу сувми ё бошқа нарсаданми - ишқилиб, бир пайтлари булоқларимиздан оқиб турган сув ҳам қуриди. Энди, гапнинг рости, болалар касал, невараларнинг ҳам тоби йўқ, дейди янгиқўрғонлик Мастура хола.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Жиянбой Хидировнинг айтишича, гоҳида қишлоқ ёнидаги сойда сув пайдо бўлиб қолади.

- 20 километр узоқликда жойлашган қишлоқдан сув ортиб қолган тақдирда бизга ҳам оби ҳаёт етиб келади. Лекин бу бир ёки икки соат давом этади, холос. Ўзбекистон тилла корхонасидан келадиган сув қуртлаб кетади, лекин наилож - қайнатиб ичаяпмиз. Бошқа сув йўқ, дейди Жиянбой Хидиров.

Янгиқўрғонлик Норали ота бу аҳвол 90-йиллардан давом этаётганини, қишлоқликларнинг маҳаллий ва вилоят ҳукуматларига ёзган аризалари жавобсиз қолаётганинин айтади.

- Бормаган жойимиз қолмади. Мастчоҳ тумани ва вилоят хукуматларигача бордик. Ҳукуматдагилар “Бораверинглар, албатта ёрдам берамиз”, дейишди. Ойлар ўтди, лекин вазият ўзгармади, мажбур яна бордик ҳукуматларга. Улар бўлса яна бизга ваъдалар беришди, лекин ҳеч нима ўзгармади. Ўзбекистон раҳбарларига мурожаат қилолмаймиз, у бошқа мамлакат бўлса, дейди Норали ота.

Қишлоқ аёллари ювиниш у ёқда турсин, гоҳида кир ювишга ҳам сув топа олмаётганидан зорланадилар.

- Айниқса қиш пайтлари аҳволимизга маймунлар йиғлайди. Ойлаб кир юволмаймиз. Шундай кунларга қолдикки, Парвардигордан ёмғир ёғишини сўраймиз, дейди янгиқўрғонлик аёл.

Янгиқўрғон қишлоқ кенгаши вакили Бекмурод Ҳақмуродовга кўра, шўролар даврида Ўзбекистоннинг олтин комбинати раҳбарлари корхонадан оқиб чиқаётган чиқинди атроф-муҳит ва аҳолига зарари етказмаслиги учун бир қатор тадбирларни амалга оширган. Жумладан, Ўзбекистон томонидаги қишлоқ аҳолиси тоза ичимлик сув билан таъминланган.

Бироқ Янгиқўрғонга навбат келганида Совет иттифоқи парчаланиб кетди. Оқибатда янгиқўрғонликлар ҳанузгача заҳарли сувни ичмоқда.

- Илгари бу ерларда уч-тўртта булоқ аҳолини бемалол сув билан таъминлар эди. Қандайдир номаълум сабабларга кўра, булоқлар қуриб қолди.

Сув бутунлай йўқ, деб бўлмайди. Фақат уни сотиб олиш керак. Бунинг учун аҳоли ўт ўчирувчилардан илтимос қилиб, машинада олиб келишади.

Рости гап, бир оилага 100-200 литр сув ҳеч қанчага етмайди. Шу боис ҳам қишлоқ аҳли чиқинди сувдан фойдаланишга мажбур, дейди Бекмурод Ҳақмуродов.

Қишлоқ кенгаши расмийсининг айтишича, туман ҳукумати ҳузуридаги табиатни муҳафаза қилиш бўлими ўзбек корхонаси раҳбариятига чиқинди сув муаммосини ҳал қилиш юзасидан учта мактуб жўнатган. Бироқ Ўзбекистон томони бу мактубларни жавобсиз қолдирган.

Мастчоҳ туман ҳукумати белгилаган режа бўйича Янгиқўрғон қишлоғини сув билан таъминлаш кўзда тутилган. Бироқ, Бекмурод Ҳақмуродовга кўра, бу режанинг қачон амалга оширилиши номаълум.

Мутахассисларнинг айтишларича, сув танқислиги билан боғлиқ муаммо Сўғд вилоятидаги Ғончи, Шаҳристон, Зафаробод туманларида ҳам кузатилмокда.
XS
SM
MD
LG