Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:41

Ўзбек ҳибсхонасидаги қирғиз фуқаролари кўпаймоқда


Қирғиз ҳуқуқ фаоллари ўзбек ҳибсхонасига тушганларнинг қийноққа солиниш эҳтимолидан ташвишда.
Қирғиз ҳуқуқ фаоллари ўзбек ҳибсхонасига тушганларнинг қийноққа солиниш эҳтимолидан ташвишда.

Андижон ва Хонобод шаҳарларида содир этилган портлашлардан сўнг Ўзбекистонга борган ўндан ортиқ қирғизистонлик турли сабаблар билан ўзбек милицияси томонидан ҳибсга олинган.

Ўзбекистоннинг Қўрғонтепа, Андижон ва Пахтаобод туманлари милицияси томонидан Қирғизистоннинг ўн нафардан ортиқ фуқароси ҳибсда сақланаётгани ҳақида биринчилардан бўлиб бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова бонг урди.

- Бизга Ўзган, Аравон ва Бозорқўрғон туманларида яшовчи бир қатор оилалар ёзма равишда мурожаат қилдилар. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ҳибсга олинган яқинларининг озод этилишини илтимос қилиб, оғзаки равишда мурожаат қилаётганлар ҳам кўп бўлмоқда.

Бизга келиб тушган тўрт аризада фуқаролар Ўзбекистонда ҳибсга олинганидан сўнг бедарак кетган қариндошларини топишга кўмаклашишни илтимос қилганлар, деди Азиза Абдурасулова.

Унинг айтишича, айни пайтда бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари қирғиз фуқароларининг Ўзбекистон ҳибсхоналаридан озод этилишини таъминлаш талаби билан Бош прокуратурага ва Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонасига мурожаатнома йўллаганлар.

Азиза Абдурасулова Хонобод воқеаларидан сўнг Ўзбекистонда қамоққа олинган қирғизистонликларга қандай айбловлар қўйилгани ҳам номаълумлигича қолаётганини айтди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитовга кўра, Андижон ва Хонободда бўлиб ўтган портлашлардан сўнг Ўзбекистон ҳудудида бир неча қирғиз фуқароси ҳибс қилинганидан расмий Бишкек хабардор.

Унинг билдиришича, 26 июн куни Ўш шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматлари раислари, Ички ишлар вазирлари ва Бош прокурорлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. Бу учрашувда Қирғизистон тарафи мазкур масалани ҳам кўндаланг қўйган.

- Бу учрашувда Ички ишлар вазирлигидан ташқари прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарлари ҳам бу масалани кўтардилар. Муҳокамалардан сўнг Андижон ва Хонободдаги портлашлардан сўнг қўлга олиниб, Ўзбекистон ҳибсхонасида сақланаётган қирғиз фуқароларини Қирғизистонга қайтариш масаласи ҳал этилишига имконият яратилди, деди Ички ишлар вазирлиги расмийси.

Маълумотларга кўра, бу ишни ниҳоясига етказиш Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ваколатидадир.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Айим Қулўкеева айни пайтда бу масала ўрганилаётганини, Хонобод воқеаларидан сўнг Ўзбекистон милицияси томонидан турли сабабларга кўра ҳибс қилинган қирғизистонликлар шахси аниқланаётганини айтди:

- Бу масала юзасидан иш олиб борилмоқда. Қирғизистоннинг элчихонаси ва бошқа дипломатик тузилмалар бу ишга жалб қилинган.

Ҳозирча Ўзбекистонда ҳибс қилинган фуқароларимиз ҳақида, уларнинг сони ва нима сабабдан қўлга олинганлари ҳақида аниқ бир маълумот йўқ, деди Айим Қулўкеева.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова эса Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистон қамоқхоналарида ўта оғир вазиятда сақланишлари мумкинлигидан ташвиш билдиради.

- Фуқароларимиз қийноқларга солиниши мумкин. Масалан, Фарғонада бир Қирғизистон фуқароси қамоқхонада ўлган. Унинг қийноққа солинганини исботловчи фотосуратлар бор, дейди Азиза Абдурасулова.

Айни пайтда қирғиз матбуоти 2 июл куни Ўзбекистоннинг Қўрғонтепа туман судида Қирғизистон фуқароси - 31 ёшли Убайдулло Миталиповга нисбатан маҳкама жараёни бошлангани ҳақида хабар қилди.

Ўзбекистон томони уни чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтганликда айбламоқда. Қирғизистонлик воқеа гувоҳлари эса Убайдулло Миталипов йўқолган молини излаб юрган пайтда ўзбек чегарачилари томонидан олиб кетилганини айтмоқдалар.

Ўш вилоят расмийларига кўра, Убайдулло Миталиповни Қирғизистонга қайтариш учун барча дипломатик имкониятлар ишга солинаяпти.
XS
SM
MD
LG