Линклар

"Собиқ президент диктаторнинг қизи билан туриб берди"


Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи кўпдан зодагонларча ҳаëт услуби билан танилган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи кўпдан зодагонларча ҳаëт услуби билан танилган.

АҚШ даги нуфузли “Harper’s Magazine” нашрида чоп этилган мақола шундай номланади. Гап Гулнора Каримова ва Билл Клинтоннинг Канндаги хайрия кечасида бирга тушган сурати ҳақда бормоқда.

Аниқроғи¸ гап фақат собиқ президент Билл Клинтоннинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримова билан бирга суратга тушгани ҳақдагина эмас. Ахир¸ дунëнинг энг машҳур сиëсатчиларидан бири бўлган Клинтон ҳар куни кимлар билан суратга тушмайди¸ дейсиз!

Гап шундаки¸ айрим Ғарб нашрлари¸ шунингдек башанглар ҳаëтини ëритувчи интернет гуруҳлари Канн халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтган хайрия кечаларидан бири ҳақда кўп ва хўп ëзишди.

Ҳолливуд юлдузи Шэрон Стоун ва АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон олиб борган “Кино СПИДга қарши” деб номланган бу кеча 21 май куни Канндаги энг ҳашаматли ва энг кучли қўриқланадиган Eden Roc меҳмонхонасида бўлиб ўтган.

Кириш билетининг ўзиëқ 150 000 доллар бўлган бу хайрия кечасига келганлар¸ бу гала тадбирга қуруқ қўл билан келмай¸ билетдан ташқари мўмайгина рақамлар ëзилган банк чеклари ҳам ташлаб кетдилар.

Кино оламининг энг машҳур юлдузлари йиғиладиган бу йилги мазкур галада Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ идораларидаги элчиси Гулнора Каримова ҳам иштирок этган. Каримова хоним ўзи раҳбарлик қиладиган “Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми” жамғармаси номидан¸ айрим манбаларга кўра¸ 50 000¸ айримларига кўра эса¸ 500 000 доллар хайрия қилган.

Гулнора Каримованинг 62-Канн кинофестивали доирасида мазкур гала тадбирда қатнашгани ҳақда хабар берса-да¸ Каримованинг расмий интернет сайти¸ мазкур садақа ҳақда лом-мим демаган.

АҚШ собиқ президентининг Клинтон жамғармасига ҳозирга қадар ярим миллиард долларлик хайрия маблағлари тушган.
Кеча мезбони мақомида бўлган собиқ президент¸ ҳозирги АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг турмуш ўртоғи Билл Клинтон¸ бошқа саховатпеша меҳмонлар қатори Гулнора Каримова билан ҳам учрашиб¸ бир пиëла қаҳва ҳам ичди¸ деб ëзди башанглар йиғини ҳақда хабар берган айрим манбалар.

“Harper’s Magazine” нашрида чоп этилган мақола муаллифи Кен Силверстайнни¸ демократик дунë тимсолига айланган Билл Клинтоннинг дунëдаги энг мустабид диктатор деб танилган Ислом Каримовнинг қизи билан ўртоқларча ëнма-ëн туриб суратга тушганию¸ унинг қўлидан¸ манбаси қоронғу бўлган пулларни¸ тортинмай қабул қилиб олгани жунбушга солган.

- Гулнора шунчаки¸ оддий диктаторнинг қизи эмас. У эрта бир кун отасининг ўрнига Ўзбекистон тепасига келиши мумкин ва у ҳозиргача рўйхати узун можароларга алоқадор шахс. Ўтган йил Лондондаги Daily Mail газетаси Гулноранинг шубҳали банкир Натаниэл Ротшилд билан бирга тушган суратини эълон қилди. Сурат билан бирга нашр этилган матнда:

“Гулнора Америка расмийлари учун муаммоли шахс. 36 яшар Ҳарвард битирувчиси маҳкама қарорини менсимай¸отаси АҚШ фуқароси бўлган икки боласини Ўзбекистонга олиб чиқиб кетганидан сўнг¸ АҚШ суди уни қамоққа олиш ҳақда ордер берган….” деб ëзилди.

Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей эса¸

“Бу аëл дунëдаги энг золим мустабиднинг қизи бўлибгина қолмай¸ унинг ўзи ҳам турли шавқатсизликлар¸ хусусан ўзбек давлатини талон-тарож қилиш устида турган асосий шахслардан биридир“ деб ëзди” – дея жунбушга тушади “Harper’s Magazine” мухбири.

Муаллиф Кен Силверстайн¸ Билл Клинтоннинг Гулнора Каримова билан учрашуви ва Каримова хоним қилган садақага оид қатор саволлар билан Клинтон жамғармасига мурожаат қилганини ëзади.

"Хайрия кечасида¸ ҳақиқатан ҳам Гулнора ëки унинг ширкатларидан бири номидан садақа қилиндими? Ўзбекистондан кимдир сизнинг жамғармангизга пул берганми? Берган бўлса¸ қачон ва қанча?" деган саволлaр бор бу рўйхатда.

АҚШ даги ўзбекистонлик таҳлилчи¸ Гулнора Каримовага қарашли ширкатлардан бирининг собиқ иш бошқарувчиси Фарҳод Инағомбоев¸ Гулнора Каримованинг Канндаги хайрия кечасига келиб¸ каттагина маблағ ҳадя этиши ортида¸ биринчи галда сиëсий мақсадлар ëтганини айтади.

- Бу ҳаракатнинг сиëсий тарафлари бор. Гулнора нафақат ўз хайрия жамғармасининг раиси¸ қолаверса Ўзбекистонда сиëсатчи ҳам. Унинг расмий вазифаси ҳозир Ўзбекистоннинг Женевада жойлашган БМТ идораларидаги расмий вакили. Мен ўйлайманки¸ Гулноранинг ҳозирги пайтда Ғарбга яна ҳам яқинлашиши¸ Ғарбда¸ Европада¸ балки яқин ўрталарда Америкада ўтказадиган қандайдир учрашувлари ëки қандайдир мана шунақа анжуманларда қатнашиши унинг келажак сиëсий режаларига замин тайëрлаяпти¸ дейди Инағомбоев.

Юқорида айтилгани каби¸ “Harper’s Magazine” нашри давлат расмийси бўлган Гулнора Каримова СПИД га қарши хайрия кечасига берган пулни қаердан олди¸ деган саволни ўртага қўйди.

Бу саволга жавоб бера туриб Фарҳод Инағомбоев¸ тарихий қиëсга ҳожат борлигини айтади.

- Биласизми¸ ташқарида ўтказилаëтган хайриялар менга бир нарсани эслатади. Буюк француз революциясидан сал олдин қиролича Мариа Антуанеттанинг олдига маслаҳатчилари келиб “Халқ оч¸ халқнинг нони қолмади” дейишганда¸ Мариа Антуанетта “Ноннинг ўрнига пирожнийга ўтишсин. Нон йўқ бўлса¸ пирожний ейишсин” деган. Орадан бир неча ой ўтиб Францияда нима бўлганини ҳаммамиз биламиз – оч ва яланғоч халқ қўзғолиб¸ революция қилди.

Худди шундай¸ бугун Каримов ва Каримовалар дунëси бошқа¸ халқнинг кечираëтган турмуши бошқа¸ дейди таҳлилчи Фарҳод Инағомбоев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG