Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:11

Чекистлар фош қилади...


Гарчи турли даражада бўлса-да¸ иккаласи ҳам чекистлар идорасига хизмат қилган Роҳат Алиев ва Икром Ëқубовлар илк бор Озодлик микрофони орқали фикр алмашдилар.
Гарчи турли даражада бўлса-да¸ иккаласи ҳам чекистлар идорасига хизмат қилган Роҳат Алиев ва Икром Ëқубовлар илк бор Озодлик микрофони орқали фикр алмашдилар.

Қозоғистон Давлат хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбари Роҳат Алиев ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати зобити Икром Ëқубов ўзаро мулоқот давомида қозоқ ва ўзбек махсус хизматлари табиатини таҳлил қилдилар.

Давлатчилик тарихи билан жосуслик тарихининг ëши бир¸ дейишади. Давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун турли даврларда турли идоралар ташкил қилинган.

Хон¸ султон ва чор давридаги хуфия тизими Совет даврида ГПУ¸ НКВД¸ КГБ деган қўрқинчли ҳарфлар остига яширинган даҳшатли идораларга айланди.

Уларнинг халқни қўрқувда ушлаш учун олиб борган репрессив сиëсати тарих саҳифаларида қолади¸ деган умид бор эди 90- йилларда.

Совет ҳукумати тугар экан¸ бу идораларнинг тутум ва услубларини ҳамда кадрлар заҳирасини тўла сақлаган давлатлардан бири Ўзбекистон бўлса¸ яна бири Қозоғистон бўлди.

Хавфсизлик тизимлари айни давлатлардаги мустабидларни иқтидорда ушлаб турган асосий омил сифатида кўрилади.

Қачон хавфсизлик хизмати мустабидларнинг эмас¸ балки миллат манфаати учун ишлайди?

Озодлик мухбири бир вақтнинг ўзида Қозоғистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Роҳат Алиев ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати собиқ зобити Икром Ëқубовга бу саволни берди.

КГБ пойдевори устидаги икки кулба

Роҳат Алиев: “Нега Марказий Осиëдаги махсус хизматларда шундай вазият шаклланди?” деган саволга¸ минтақадаги президентларнинг ҳокимиятни адолатли сайловларсиз босиб олгани жавоб бўла олади. Сохталаштирилган сайловлар кўмагида Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари 20 йилдан буëн ўз курсисини ушлаб турибди.

Улар¸ айни пайтда¸ совет пайтидаги Давлат хавфсизлик қўмитаси тизимини тўлалигича айни бўлимлар¸ айни вазифалар ва айни кадрлар билан сақлаб қолишди. Қозоғистонда ҳам¸ Ўзбекистонда ҳам махсус хизматлар тутуми совет давридаги каби қолди.

Бу хизматлар конституцион тузумни ҳимоя қилиш ниқобида амалдаги авторитар режимлар умрини узайтирмоқда.

Икром Ëқубов: Мен Роҳат Алиевнинг гапини маъқуллаган ҳолда шуни қўшимча қилмоқчиман: Ислом Каримов гапирар экан¸ “Менинг ўзим қонунман¸ менинг ўзим давлатман” деб таъкидлашни хуш кўради. Ўзбекистонда ҳамма нарса шу тамойилга бўйсундирилган.

Рашкчи президентларнинг муваққат севгиси

Роҳат Алиев: Икки президент муносабатлари ҳақида гапирсак¸ Ислом Каримовнинг ўз ҳамкасби Нурсултон Назарбоевга юқоридан туриб такаббурона муносабат қилишини урғулаш керак.

Каримов ўзини худди катта акадай тутиб “Нурсултон” деб сенсираб гапиради. Назарбоев эса уни сизлаб “Ислом Абдуғаниевич” деб мулозамат қилади.

Аммо Андижон воқеаларидан кейин Назарбоев Тошкентга борганида¸ Каримов илк маротаба “Нурсултон Абишевич” калимасини айтди. Бу бир-бирини рашк қилган ва бир-биридан хавфсираган икки президент мушкул пайтда бирлашиши мумкин¸ деган хулосани чиқарди.

Дўппи тор келганда¸ бир-бирини қўллашади¸ ҳаммаси изга тушса¸ ички адоват ва рақобат яна авж олади.

Масалан¸ обрўли халқаро ҳайъатлар олдин Тошкентга бориб¸ кейин Остонага келса¸ Назарбоев буни оғриқли қабул қилади. Ташриф режаланар экан¸ протокол мулозимлари бундай ҳолнинг рўй бермаслиги учун алоҳида қайғуришади.

Ëлғонлар департаменти

“Айни ҳолат Каримовга ҳам хос”¸ дер экан Икром Ëқубов¸ МХХ таркибида тузилган бир бўлим фаолиятидан гапиради.

Икром Ëқубов: 2002 йилда МХХ ичида бир бўлинма тузилди. Бўлинма Ўзбекистон президентининг шахсий ҳаëти билан қизиққанларни чалғитиш мақсадида дезинформация тарқатишга ихтисослашган.

Бу кичкина идора 2002 йилда Каримовнинг оғир хаста экани ва яқин орада ўлиши ҳақида ëлғон хабар тарқатди. Бу ëлғон хабар Қозоғистон тарафга ҳам сиздирилди. Аммо ўша пайтда президент соғлиги яхши эди. У теннис ўйнар ва ҳовузда чўмилар эди.

Президент Назарбоевнинг эрка куëви¸ ворисликка кўз тикмоқда¸ деган шубҳалар ортидан¸ ватанидан сургун қилинди.
Роҳат Алиев: Мен бу гапни тасдиқламоқчиман. Ҳақиқатан ҳам 2000 йиллар бошида Каримовнинг хаста экани хабари бизга етиб келди. Бу хабарда унинг қон саратонига чалингани ва аҳволи ўта оғир эканлиги айтилган эди. Қизиғи шундаки¸ Қозоғистон президенти ҳақида ҳам чалғитувчи хабарлар махсус тарқатилади.

Озодлик: Бундай ëлғон маълумот кимга керак?

- Бу кланлар ва тахтга ворис деб кўрилганлар ўртасидаги кураш авж олсин¸ деб атай қилинади. Ташқаридан қараб қозилик қилиш учун шундай қилинади. Кўрайликчи¸ буларнинг мужодала кучи қанча деб чамалаш учун ҳам қилинади. Ана шундан кейин тахтга қараб узатилган ҳар бир қўл қайириб ташланади. Баъзи мулозимларнинг мавқеи пасайтирилади ва ҳоказо¸ дейди Роҳат Алиев.

Пойлоқчилик пойгаси

Суҳбатдошимиз Қозоғистон Давлат хавфсизлик қўмитасининг собиқ ўринбосари Роҳат Алиев Ўзбекистон ҳокимият тизимлари қозоқ жосуслари диққат марказида эканини айтади.

Роҳат Алиев: Қозоғистон разведкаси Ўзбекистон ҳукумат мулозимларининг телефон сўзлашувларини мутлақо назорат қилиб туради. Ҳукумат амалдорларининг ички ëзишмалари ҳам диққат билан кузатилади. Сунъий йўлдош воситасида Ўзбекистон коммуникация тизимида мавжуд маълумотлар мунтазам олиниб турилади.

Аммо бу қимматга тушаëтган кузатув миллий ва хавфсизлик манфаатлари учун эмас¸ балки Назарбоевнинг хархашаси учун ва унинг раъйига кўра қилинади.

Бу кузатувлардан бирор-бир самара ëки фойда йўқ. Бу фақат Назарбоевнинг иззат-нафси¸ шуни истагани боис қилинади.

Икром Ëқубов: Ўзбекистон махсус хизматлари ҳам айнан шу тарзда ва фақат Каримов амбициясини қондириш учун Қозоғистонда жосуслик тармоқлари воситасида катта кузатув олиб боради.

Алиев тўғри бир гапни айтди. Қийин пайтда¸ икки оëқ бир этикка тиқилган пайтда¸ президентлар бир-бирини қўллашади. 2005 йилда Тошкентга келган Назарбоев Каримовга “Керак бўлса¸ ҳарбий ëрдам бераман” деб ваъда қилган эди.

Каримов Грузия ва Украинадаги каби рангли инқилоблар шамолидан ўта қўрқади. Бу инқилобларни бешигидаëқ бўғиш учун тиришади.

Роҳат Алиев: Мен Назарбоевнинг Каримовга ҳарбий кўмак бериш ваъдасини берганлигини тасдиқлай олмайман. Аммо Андижон воқеасидан кейин яккаланиб қолган Каримов ¸энг аввало¸ сиëсий қўлловга зор эди ва бу сиëсий қўлловни Назарбоев ўз ҳамкасбидан дариғ тутмади.

Ўзбекистон ҳарбий ëрдамга зор¸ деб ўйламайман. Ўзбек армияси Марказий Осиëдаги энг қудратли ва энг кўп сонли армиядир. Ўзбекистон ўз армияси учун фавқуллода кўп маблағ сарфламоқда. Жуда кўп.

Агар бу маблағ Ўзбекистондаги ижтимоий соҳаларга¸ масалан қашшоқликни йўқ қилишга сарфланганида эди¸ бундан фақат ўзбек халқи манфаат кўрар эди.

Айни пайтда Роҳат Алиев Икром Ëқубовнинг рангли инқилоб хавфидан чўчиш оқибатлари ҳақидаги фикрига қўшилади.

Роҳат Алиев: Кейинги пайтда рангли инқилоблар шарпасидан қўрққан Марказий Осиë президентлари бир-бирларининг пинжиларига тиқилиб¸ ўзларининг лавозимдаги умрини узайтириш илинжида.

Улар ҳатто рангли инқилоб тўлқинида келган Қирғизистон президенти Бакиевдан ҳам хавфсирашди. Аммо бу ноўрин хавфсираш эди. Коммунист кадрлардан ҳурриятчи чиқмаслиги аëн эди. Қирғизистон президентининг тутуми Марказий Осиëдаги бошқа авторитар режимлар билан уйғун.

Марказий Осиëда ворис масаласи

Озодлик: Роҳат Алиев¸ Марказий Осиëда ворис масаласи қандай ечим топиши мумкин? Масалан¸ президентликнинг отадан ўғилга ўтиши Озарбайжонда кузатилди. Айтайлик¸ Қозоғистон президенти ўз қизига салтанатни мерос қилиши мумкинми?

Роҳат Алиев: Бу масала¸ яъни ворислик масаласи кун тартибида йўқ. Бу масала кўрилмаяпти. Арманистон билан ҳарбий низода бўлган Озарбайжон учун бу йўл¸ балки тўғридир.

Қозоғистонда эса масаланинг бундай ечими ҳақда гап йўқ. Ворис масаласида Кремлга тақлид қилинса керак. Путин кетаëтиб ўз ўрнини Медведевга бўшатгани каби.

Диктатор ҳеч қачон ўз лавозимини шунчаки бериб қўймайди. У балки вақтинча иккинчи планга ўтиб туриши мумкиндир¸ аммо бу фақат вақтинча бўлади.

Назарбоев менга ўз кабинетида бир гап гапиргани эсимда. “Мен бу кабинетдан фақат икки оëғим осмонга қараган ҳолда чиқиб кетаман” деган эди. Тушунаяпсизми¸ у фақат бу лавозимдан ўлсамгина айрилишим мумкин¸ демоқда.

Улар ўз курсиларига чирмовуқдай ëпишишган. Менинг тасаруфимдаги маълумотга кўра¸ Назарбоев 2030 йилга қадар тахтда қолмоқчи.

Озодлик: Кейинги икки-уч йилда Каримов ўз ўрнини қизи Гулнорага бўшатиб берармиш¸ деган гаплар урчиди. Сизда бу ҳақда бирор билги борми?

Роҳат Алиев: Назарбоев ҳам¸ Каримов ҳам ўз ўрнини ўзи тириклигида ҳеч кимга бермайди. Бу аниқ. Қизлари ҳақидаги гаплар эса¸ шунчаки чалғитувчи ахборотдир.

Икром Ëқубов Ўзбекистон МХХ сига оид синоат ҳақда гапиришни 2008 йил июлида Озодлик микрофони қаршисида бошлаган эди.
Икром Ëқубов: 2002 йилда Ўзбекистон президенти ташаббусига кўра¸ махсус фонд ва институт ташкил қилинди. Бу идораларнинг вазифаси Гулнора Каримованинг жамият орасидаги обрўсини шакллантиришга қаратилди.

Ўзбекистонда Каримов ўз ўрнига қизи Гулнорани қолдиришга ҳозирланаëтганини комил ишонч билан айтаман. Матбуотни кузатсангиз¸ Гулнора Каримова мавқеини яхшилаш мақсадидаги хабарларнинг кўпайганини кўрамиз. Гулнора Каримова яқинда Билл Клинтон қатнашган хайрия тадбирига ярим миллион садақа қилди.

Яна бир маълумот. Яқинда Тошкентга борган АҚШ генерали ва Каримов ўртасида савдолашишга ўхшайдиган суҳбат бўлиб ўтган. Бу суҳбат чоғида АҚШ Ўзбекистондаги раҳбар алмашинуви жараëнига аралашмаслигини айтган ва бунинг эвазига АҚШ ҳарбийлари учун Ўзбекистонда маъқул об-ҳаво яратилиши ваъда қилинган.

АҚШ Ўзбекистондан Афғонистон дарвозаси сифатида фойдаланади. Бунга мисол қилиб Навоийдаги аэропортнинг АҚШ ҳарбий юклари учун ҳам фойдалана бошланганини айтишимиз мумкин¸ дейди Икром Ëқубов.

Суҳбатимиздан Ўзбекистон ва Қозоғистон махсус хизматлари мустабидларни парваришлайдиган тизим эканига хос хулосалар чиқди¸ аммо бу ҳолни қандай ўзгартириш мумин деган савол очиқ қолди.

КГБ тўнкасини ëриб тарих гулханига отмоқ лозим

Роҳат Алиев: Ҳозирча совет давридан мерос қолган КГБ тизими вайрон қилинмас экан¸ ҳеч нарса ўзгармайди. Совет репрессия тизимининг пойдевори устига қурилган махсус хизматлардан халққа наф йўқ. Биз 37 йил қатағонлари ëдгори бўлган пойдевордан қутулишимиз лозим.

Мен Ўзбекистонда ҳам¸ Қозоғистонда ҳам буни қила оладиган азаматлар борлигига ишонаман. Биз Болтиқбўйи давлатлари ўрнагига таяниб¸ янги хавфсизлик тизимини барпо қилмоғимиз лозим. Бу тизимнинг тергов ҳибсхоналари бўлмасин¸ бу тизим ўз фуқароларига қарши тергов олиб бормасин¸ бу тизим ҳукуматни хабардор қилиб турадиган¸ миллат ва давлат хавфсизлигини таъминлайдиган хизмат бўлсин.

Икром Ëқубов: Чекистлар тайëрлашнинг русча –советча тартибидан воз кечмоқ лозим. Халқаро андазаларга мос¸ кўпроқ инсоний тарзда мутахассислар тайëрлансагина¸ бугунги муаммоларга келажакда дуч келмаймиз.

Озодлик: Совет КГБ сининг отахони Феликс Дзержинский “Чекистнинг юраги иссиқ¸ мияси совуқ ва қўли тоза бўлиши керак” деган эди чоғи. Сизлар бунга бирор нарса қўша оласизларми?

Роҳат Алиев: Биласизми¸ чекистлар тайëрлайдиган мактаб остонасидан ҳатлаган кунингиз сизга шундай сабоқ беришади: Сиз конституцияни ҳам¸ қонунларни ҳам унутинг. Ота-онангиз ва дўст-ëрингиз устидан ахборот тўплашга ва бу ахборотни амирингизга етказиб туришни одат қилинг. Фақат бир одамга¸ президентга содиқ бўлинг¸ дейишади....

Қозоғистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Роҳат Алиев ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати зобити Икром Ëқубов ҳам бу тахлит гапларнинг замони ўтгани ва Марказий Осиë махсус хизматлари туб ислоҳотларга муҳтож эканини таъкидлашди.
XS
SM
MD
LG