Линклар

“Шарқий экспресс” - Тожикистон

  • Садриддин Ашур

Россияга йўл олаëтган аксар меҳнат муҳожирлари йўл олдидан қишлоқдошлари дуосини олади.

Россияга йўл олаëтган аксар меҳнат муҳожирлари йўл олдидан қишлоқдошлари дуосини олади.

“Душанбе-Москва” поездининг асосий йўловчилари тожикистонлик меҳнат муҳожирлари. Тўрт кунда босиладиган 4000 километрлик йўл¸ уларни кўпинча мавҳумлик¸ зўравонлик ва ҳақсизлик домига элтади.

Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон орқали ўтиб¸ Россияга кириб борувчи бу поезднинг тўрт йўловчиси билан Душанбедан Москвага сафар қилган Озодлик радиосининг рус хизмати мухбири Мўмин Шокиров йўлнинг аввалидан охирига қадар кўргани "ҳангомалар"ни машҳур рус ëзувчиси Некрасовнинг "Русияда ким яхши яшайди?" қиссаси каби¸ қаламга туширди.

“Ой бориб, омон қайтгин, болам...”

Ишсизлар сони 100 минглаб одамларни ташкил этган, қашшоқлик тобора кучайиб бораётган Тожикистонда Россияга ҳануз бир боқувчи ва қутқарувчи сифатида қараш давом этмоқда.

Рус тилини яхши билмаслиги¸ милиция ва маҳаллий аҳоли томонидан зўравонликларга учраётганига қарамай, норасмий маълумотларга кўра, бугун Россияда бир миллиондан ортиқ тожикистонлик меҳнат муҳожири кун кечирмоқда. Бугун Тожикистонда ё ота, ё ўғил ё қизи Россияга кетмаган бирорта бутун оилани топиш мушкул.

Мен йўлдошларимни Душанбе вокзалида учратдим. Оддий уч нафар содда тожик йигитлари ва бир аёл. Чипта сотувчи Мавлуда Абдуллаеванинг айтишича, узоқ сафар олдидан ҳар бир йўловчининг кўзида қувонч эмас, балки мунг кўради:

- Москвага билет олаётганларнинг кўзлари доим ғамгин бўлади. Уларнинг бу қайғусини кўриб, баъзан менинг ҳам кўзларимга ёш келади. Россияда иш топармикан, қандай яшаркан, энг муҳими, соғ-саломат қайтиб келармикан, деган ўйлар одамнинг миясида чарх ураверади, дейди чиптачи Мавлуда Абдуллаева.

Қатаған - Душанбе чеккасидаги бир қишлоқ. Вокзалда танишганим Умид деган йигит шу қишлоқдан. У 28 ёшда, билгани деҳқончилик. Умид мени масжиднинг олдида кутиб олиб, ёлғизоёқ йўлдан уйи томон бошлади. Ёғоч сўри атрофида унинг барча қариндошлари йиғилган: онаси, холалар, ака-укалар, жиянлар, қўни-қўшнилар...

12 йилдан бери Россияда мардикорлик қилаëтган Умид бир яшар қизалоғини ташлаб кетишга кўзи қиймаслигини айтади.
Эртага Умид яна сафарга отланмоқда. У Сочига кетмоқчи. Кайфияти ҳаминқадар. Бир яшар қизалоғини қўлига олиб гапиради:

- Ҳозир ўзим ўзимга ёқмай турибман. Қайғули¸ албатта. Эҳтиёж бўлмаганда¸ мен шунча узоқ юртларга яқинларимни ташлаб кетармидим? Иш бўлса¸ ўз юртингда ишлаганингга нима етсин, дейди Умид.

Умиднинг онаси ўғлини кузатиш учун меҳмон чақиришни истамади. Онаси ёғли кулча ёпди, хотини йўлга ўнтача тухум қайнатиб берди. Сумканинг қолган қисмини қайноқ сувда тез пишадиган “Доширак” билан тўлдирди. Умиднинг 15 ёшли жияни Алишер эса унга оқ йўл тилаб, Қуръон тиловат қилди. Уч йилдан кейин Алишер ҳам меҳнат муҳожири бўлмоқчи.

Умид Россияда 12 йилдан бери ишлайди. У ҳар гал сафар тўнини кийганида¸ бир умр ўқитувчи бўлиб ишлаган онаси Феруза Раҳимова эҳтиросларини яшира олмайди.

- Албатта¸ соғинаман. Уйлантирганимизга ҳам кўп бўлмади (деразадан мўралаб турган ёш келинчакка ишора қилади) Бу унинг хотини - Рухшона. Унгаям қийин. Эр деганни фақат қишда, ўғлим сафардан келганда кўради, холос, дейди Феруза Раҳимова.

Москвага жўнаш олдидан биз бошқа қаҳрамонларимиз уйида ҳам бўлдик. Шаҳар яқинидаги Сомоний қишлоғида яшайдиган Муҳаммад Али уч кам олтмиш ёшда. У дзю-до бўйича собиқ тренер. У ўз сафарига дуо олиш учун маҳалла оқсоқолларини ва масжиддаги чолларни уйига таклиф қилган.

Мардикорни Россияга кузатиш маросими бола-бақра учун яна бир ошхўрликни англатади.
Дастурхонга палов қўйилди. Таом тановвулидан сўнг 80 ёшли Абдуғаффор ота гапиради:

- Мен бу йигитларни Россияда яхши қабул қилишларини истардим. Милиция зўравонлигидан Худо асрасин. Бу ахир чархпалак дунё. Кеча руслар Тожикистонда эди, бугун бизникилар у ёқда. Эртага руслар яна биз томонларга келиши мумкин¸ дейди Абдуғаффор ота.

Муҳаммад Али меҳмонларни узоқ тинглади. Улар кетгандан сўнг ҳовлига чиқди.

- Менинг фарзандларим ҳозир Москвада, Черкиз бозорида ишлашади. Мен уларни соғ ва саломат кўраман деб, умид қиламан. Агар сиз мени узоқ сафарга кетишдан қўрқаяпти¸ деб ўйласангиз¸ хато қиласиз. Мен ҳеч кимдан қўрқмайман. Мен фақат Худодан қўрқаман. Ахир мен Совет иттифоқи қулагандан бери Россияда юрибман. Мен муҳожирликнинг барча кўчаларидан ўтиб бўлганман. Арава ҳам тортганман, машина ҳам ҳайдаганман, ҳаммол бўлиб ҳам ишлаганман, дейди Муҳаммад Али.

Менинг бошқа йўлдошларим: қишлоқ ўқитувчиси Жамшид Набиев ва ошпаз Гуля Воҳидовалар ҳам сўнгги оқшомни уйларида, яқинлари даврасида ўтказдилар. Бу кузатишлар бир-биридан фарқ қилмайди. Биргаликдаги кечки овқат, тунги намоз, оқсоқолларнинг сўнгги насиҳат ва дуолари...

40 ёшли Жамшид Брянск шаҳрига кетяпти, 35 ёшли Гуля эса Орехово Зуева шаҳрига йўл оляпти. У ўзига яхши иш топган. Бир неча йилдан буён ресторанлардан бирида бош ошпаз бўлиб ишлайди.

Ҳамсафарларим билан “Душанбе-Москва” поезди жўнаши олдидан ярим тунда Душанбе вокзалида учрашдик. Олдинда Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон орқали ўтадиган тўрт кунлик йўл турибди. Сўнгги манзил эса - Москванинг Қозон вокзали.
XS
SM
MD
LG