Линклар

Ўзбекистонда нон қимматлади

  • Сарвар Усмон

Давлат¸ дўкондаги энг арзон нон нархини 50 сўмга баландлатиши ортидан¸ бозордаги тандир нонлари 100 сўмга қимматлаган.

Давлат¸ дўкондаги энг арзон нон нархини 50 сўмга баландлатиши ортидан¸ бозордаги тандир нонлари 100 сўмга қимматлаган.

Бу маълумотни республикадаги нон ишлаб чиқарувчи корхона вакиллари ҳам тасдиқлади. Ғалла ўрими айни авжга чиққан айни кунларда ноннинг қимматлатилиши аксар ўзбекистонликни ҳайрон қолдирмоқда.

Ноннинг қимматлагани тўғрисидаги хабарни текшириш учун аввало харидорларга мурожаат қилдик.

Тошкентлик бир уй бекаси билан ўртамизда мана бу савол-жавоб бўлиб ўтди:

- Нон 300 сўм эди¸ 350 сўмга кўтарилди.

Озодлик: Қанақа нон энди у?

- Оддий буханка нон.

Озодлик: Оғирлиги қанча?

- 600 грамм.

Озодлик: Нечанчи сорт ундан қилинган нон у?

- Биринчи сорт ундан қилинган.

Озодлик: Энг арзон нон шуми?

- Ҳа¸ энг арзон нон шу. Оддий аҳоли олиб ейдиган нон.

Озодлик: Демак¸ 50 сўмга қимматлади-а?

- Ҳа¸ 50 сўмга кўтарилди¸ дейди тошкентлик уй бекаси.

Нон нафақат Тошкентда, балки бутун мамлакат бўйлаб, жумладан Наманганда ҳам қимматлади.

Озодлик: Магазинда сотиладиган буханка ноннинг энг арзони неча пул эди?

- Энг арзони 300 сўм эди.

Озодлик: Ўша неча пул бўлди ҳозир?

- Ҳозир 350 сўм бўлибди.

Озодлик: Демак¸ 300 сўмўиги 350 сўм бўлди....

- 400 сўмлиги 500 сўм бўлди¸ дейди наманганлик уй бекаси.

1 июлдан 20 %га қимматлаган 1 нав ундан пишириладиган 600 граммли буханка нонни Ўзбекистонда “социал нон” дейиш мумкин. Ундан арзони йўқ.

Айтишларича, бу ноннинг нархини давлатнинг ўзи белгилайди.

"Социал нон"нинг қимматлаши ҳозирча Тошкентда ноннинг бошқа турлари нархига таъсир қилгани йўқ.

Озодлик: 350 сўмлик нон нарх белгилайдиган нон экан. Шу ноннинг қимматлаши бошқа нонларнинг қимматлашига таъсир қилдими?

- Ҳозирча унчалик сезилгани йўқ. Нон бозоридаги нарх ўша-ўша турибди. Ҳозирча улар кўтарилгани йўқ¸ деди уй бекаси.

Бироқ Наманганда новвой нони нархига, энг муҳими¸ ун нархига таъсир қилди.

- Новвойхонадаги нонлар 300 сўм эди¸ 400 сўм бўлибди. Ҳозир унлар ҳам қиммат бўлибди. Бизнинг у ëқдаги уйимиздагилар бугун 32 мингга олишган эди. Эртаси куни сўрашса¸ 38 минг дебди. Бир кунда шунча кўтарилибди¸ деди наманганлик уй бекаси.

Хўш, нон нега қимматлади?

Бу савол жавобини излаб мамлакатдаги бир қатор нон заводларига қўнғироқ қилдик.

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Бу Шаҳрисабз нон заводими?

- Ҳа.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Сизларда ҳам 600 граммлик серий нон қимматладими?

- Биринчи июлдан 350 сўм бўлди. 50 сўмга ошди.

Озодлик: Шунинг сабаби нимада?

- Сабаби энди..... (суҳбатдошимиз узоқ ўйланди)

Озодлик: Ун қимматми¸ дон қимматми?

- Энди нархни кўтаришган.

Озодлик: Ноннинг нархини ишлаб чиқарувчи сифатида сизлар кўтарасизларми ëки юқоридан топшириқ бўладими?

- ........................

Шаҳрисабз нон заводи вакили телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Бироқ Тошкентдаги Бекас-фуд нон заводи вакилидан кўпроқ маълумот ола билдик.

- Нархни бизлар белгиламаймиз. Нархни Молия вазирлиги белгилайди ака.

Озодлик: Сизлар белгиламайсизларми?

- Йўқ. бизга Молия вазирлигидан тасдиқланган протокол келади. Ўша протоколга асосан бўлади.

Озодлик: Ҳамма маҳсулотингларнинг нархини Молия вазирлиги белгилаб берадими?

- Давлат тасарруфидаги нархларнинг ҳаммасини¸ буғдой давлат резервими¸ун ҳам давлат резерви¸ демак¸ нон ҳам давлат резерви ҳисобланади. Формавой ноннинг нархи давлат томонидан белгиланади.

Озодлик: Бошқа маҳсулотларчи? Қандолат маҳсулотлари¸ пирожний.

- Бизлар пирожний чиқармаймиз. Бизлар нон ишлаб чиқарамиз.

Озодлик: Қимматлагани рост-а?

- Ҳа. Нон кечадан 350 сўм бўлди¸ деди Тошкентдаги Бекас-фуд нон заводи вакили.

Демак, ҳамма гап Молия вазирлигида.

Вазирлик матбуот хизмати билан боғландик.

Озодлик: Бу Молия вазирлигининг матбуот хизматими?

- Ҳа.

Озодлик: Мен Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Ноннинг 20 фоизга ошганини тушунтириб бера оласизларми?

- Ноннинг 20 фоизга ошганини?

Озодлик: Ҳа.

- Бунинг ҳаммаси¸ нима учун ошгани УзА да чиқдию¸ деган гапни айтиб¸ матбуот хизмати вакили телефон гўшагини қўйиб қўйди.

ЎзА сайтига 2 июл куни эрталаб кирганимизда¸ ўрганаётганимиз мавзу бўйича ҳеч нарса йўқ эди.

Молия вазирлиги матбуот хизмати вакилининг гапидан сўнг яна кирдик. Яна ҳеч гап йўқ.

Балки Молия вазирлиги маълумотнома тайёрлаб¸ ЎзАга бергандиру¸ агентлик эълон қилмагандир?

Нарх ҳақида материал тополмадигу лекин ғалла ўрим-йиғимига оид хабарлар кўп ЎзА сайтида.

Масалан, 1 июл куни эълон қилинган "Улуғ неъмат қадри" сарлавҳали материалда мана бу гап бор:

“Мустақилликнинг илк йилларида бир миллион тоннага яқин ғалла етиштирилган бўлса¸ эндиликда бу кўрсаткич олти миллион тоннадан ошиб кетди. Шуниси диққатга сазоворки¸ бунга ҳосилдорликни муттасил кўтариш ҳисобидан эришилмоқда. Масалан¸ мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари ўртача ҳосилдорлик 22-23 центнерни ташкил этган бўлса¸ жорий мавсумда бу кўрсаткич 50 центнердан ошди”¸ деб ёзди ЎзА.

Бас, шундай экан, нонни қимматлатмаса, ёки бу йилча қимматлатмай турса бўлмасмиди?

Бу саволни мустақил таҳлилчи Комрон Алиевга бердик.

- Халқнинг асосий емиши¸ айниқса кам даромад одамларнинг ëки ишчиларнинг асосий емиши бўлган ноннинг қимматлашганига ҳайрон бўлиб турибмиз. Бунга жиддий асослар борлигига ҳам ҳайронмиз. Чунки дунë бўйича ҳамма маҳсулотларнинг¸ товарларнинг нархи тушаяпти. Хизматларнинг ҳам нархи камайиб бораяпти. Мана бундай шароитда жуда жиддий бир сабабни рўкач қилиб кўрсатиш қийин¸ дейди мустақил таҳлилчи Комрон Алиев.

Эслатиб ўтамиз: нон Ўзбекистонда сўнгги бор 2008 йилнинг октябрида 20%га қимматлатилган, 1 нав ундан пишириладиган 600 граммли буханка ноннинг нархи ўшанда 300 сўм бўлган эди.

Яна бир маълумот: сўнгги бир неча кун ичида Ўзбекистонда шакар ҳам кескин қимматлаб кетди.

Тошкентда:

- Ҳозир шакар ҳам кўтарилди. 1300 сўм эди¸ 1600-1700-1800 сўм бўлиб турибди.

Озодлик: Шу 400-500 сўмга неча кунда кўтарилиб кетди?

- Бир ҳафтадан ошди¸ дейди тошкентлик уй бекаси.

Наманганда:

- Шакар 1200 сўм эди¸ 1800 сўмга чиқди.

Озодлик: Неча кунда шунчалик қимматлаб кетди?

- Назаримда¸ бир ҳафта бўлмади¸ дейди наманганлик уй бекаси.

Ва ниҳоят энг охирги янгилик: 2 июл куни Намангандаги жамоат транспортининг баъзи йўналишларида йўл кира бирдан икки бараварга қимматлаб кетди.

- Қариндошларимизникига тўйга борган эдик. Йўлкиралар қимматлабди. 300 сўм эди¸ 600 сўм бўлибди. Сабаби¸ катта юрадиган йўл берк экан. Бугун президентимиз келадиган экан. Кичкина йўлдан юрганлиги учун йўлкирани икки баробар ошириб юборибди¸ дейди наманганлик уй бекаси эди.

Унинг айтишича, наманганликлар президент Тошкентга қайтиб кетса, йўл кира ўз ҳолига тушиб қолади, деб умид қилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG