Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:39

“Ўзбекчилик” халақит бераётир


Аксар мамлакатларда кўкрак саратонидан огоҳликни оширишга қаратилган сариқ гул тимсолидаги кампаниялар тез-тез ўтказиб турилади.
Аксар мамлакатларда кўкрак саратонидан огоҳликни оширишга қаратилган сариқ гул тимсолидаги кампаниялар тез-тез ўтказиб турилади.

Ўзбекистонда кўкрак саратони урчиб бормоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мамлакатдаги ҳар 100 минг аёлнинг 15 нафарида бу оғир дард аломатлари аниқланмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош онкологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирзоулуғбек ҒофурохуновнинГ айтишича, мамлакат бўйича бир йилда ҳар 100 минг аёлдан 5 нафари кўкрак саратони туфайли оламдан ўтмоқда.

Ўзбекистон бош онкологи мамлакат аёллари орасида йилдан-йилга саратоннинг бу кўриниши билан касалланиш кўрсаткичлари ошиб бораётганини айтади.

- Бугунги кунда мамлакат бўйича сут бези саратони билан 12 194 нафар касал ҳисобда туради. 2008 йил давомида 2056 нафар касал аниқланган.

2005 йилда ҳар 100 минг аëл орасида касаллик бўйича кўрсаткич 12¸6 ни ташкил қилган бўлса¸ 2008 йилга келиб 15¸2 ни ташкил қилган. Республика бўйича касалликнинг кўпайиши кузатилмоқда, дейди мамлакат бош онкологи.

Мирзоулуғбек Ғофурохунов Ўзбекистонда сут бези¸ ëхуд кўкрак саратони, асосан, 40 ёшдан 60 ёшгача бўлган аёллар орасида кўпроқ учрашини айтади.

Айни касаллик, асосан, аёллар касаллиги ҳисобланади. Лекин баъзи ҳолатларда¸ айтилишича¸ эркаклар орасида ҳам учраши кузатилади.

Мамлакат бош онкологига кўра, ўзбек эркаклари орасида ҳам кўкрак бези саратонига учраш ҳолатлари маълум.

- Эркаклар орасида ўтган йили 13 нафар бемор аниқланган. Ўзбекистон бўйича 60 нафардан ортиқ эркак ҳисобда туради. Ҳар йили эркаклар орасида 10 тадан 20 тагача бемор аниқланади, дейди бош онколог.

Мирзоулуғбек Ғофурохунов касаллик кўпроқ Тошкент шаҳри (39,2 %) Навоий вилояти (19,8 %) ва Бухоро вилоятида (16, 2 %) учрашини айтар экан, кўкрак саратонининг келиб чиқишига сабаб бўлаётган бир қатор омилларни тилга олади.

- Эндоген омилларга аëллар организми репродуктив системаси фаолиятининг ўзгариши киради. Бу аёлларда ҳайз ҳолатининг бузилиши, туғиш фаолиятининг бузилишидир.

Кейин шамоллаш, яллиғланиш касалликлари ҳам касаллик омилларидан бири.

Генетик омилларда, асосан, ирсият рол ўйнайди. Кимнингки авлодида бачадон, тухумдон саратони, айниқса, сут бези саратонига чалинган қариндош-уруғлар бўлса, кейинги авлодларда сут бези саратони келиб чиқиши кўпроқ учраши мумкин.

Экзоген омилларга кимёвий омиллар киради, яъни чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш.

Энг кўп учрайдиган омиллардан яна биттаси қўй ëғи¸ мол ëғини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш. Кўп овқатланиш¸ семизлик ҳам ушбу касаллик келиб чиқишига таъсир қиладиган омиллардан биттаси бўлади, дейди Мирзоулуғбек Ғофурохунов.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдулла экологик омиллар ва ўзбек аёллари орасида кенг тарқалган камқонлик касаллиги ҳам кўкрак саратонига сабаб бўлаётганини қўшимча қилади.

Шунингдек, Суҳбат Абдулла ўзбек аёллари орасида тиббий маданиятнинг камлиги кўп ҳолатларда касалликнинг фожеа билан тугашига олиб келаётганини айтади.

- Кўкрак бези ракидан бўладиган ҳодисаларга келсак¸ бу бевосита аҳолининг тиббий жиҳатдан саводининг унчалик яхши ривожланмаганлигида, деб биламан. Чунки ўзбекчиликда бир нарса бор: касал бўлдими - ўзининг касалига эътибор бермайди.

Айниқса¸ ҳозирги шароитда бу нарса яққол кўзга ташланаяпти. Кризис сабабли, бошқа тирикчилик сабаблари билан “ўзи ўтиб кетмасмикан” деб, фуқаролар касалликнинг олдини олса бўладиган вақтларни ўтказиб юбораяпти. Натижада бу лоқайдлик кўпинча фожеага олиб келаяпти, дейди Суҳбат Абдулла.

Маълумки, кўкрак саратони бемордан узоқ муддат даволанишни талаб этади. Даволаниш учун кўп миқдорда маблағ лозимлиги сабаб муолажанинг камбағал оилалар чўнтагига тўғри келмаслиги аён. Айни ҳолатда бу каби шахслар ўзлари истаган тақдирда ҳам тиббий муолажа ола олмаслиги маълум.

Суҳбат Абдулла мамлакатда кўкрак саратонига қарши олиб борилаётган ишлардан қониқмаслигини айтади.

- Ходимларимиз бевосита пул ишлаш билан банд. Профилактика хусусида¸ бошқа нарса хусусида у ўйламайди. Улар, биринчи навбатда, келаëтган одамнинг чўнтагига кўз тикади.

Давлат тасарруфидаги медицинани оладиган бўлсак¸ ҳозирги бюджетнинг аҳволи маълум¸ пул таъминоти маълум. У қўштирноқ ичида айтадиган бўлсак, зўрға нафас олиб турибди. Шунинг учун ҳозир бу масалалар ўз ҳолига ташлаб қўйилган, дейди Суҳбат Абдулла.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош онкологи Мирзоулуғбек Ғофурохуновга кўра, Ўзбекистон ҳам кўкрак саратонига қарши курашувчи дунёдаги етакчи ташкилотлардан бири “EuropaDonna” коалициясига қўшилишни режалаштирмоқда.

Жорий йилнинг май ойида Тошкентда “Аёллар кенгаши” жамоат ташкилоти томонидан кўкрак саратонига қарши кураш жамияти тузилган. “Аёллар кенгаши” эса¸ айтилишича¸ Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова томонидан бошқарилади.
XS
SM
MD
LG