Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:06

"Озодлик спутникдан йўқолди"


Шу кунларда таҳририятимизга келаëтган аксар мактуб ва қўнғироқлар¸ Ўзбекистонда Озодлик радиосини сунъий йўлдош орқали эшитиб бўлмай қолганига оид шикоятлардан иборат.

“Тингловчи минбари”нинг бугунги сонида:

- Озодлик радиосини Hotbird сунъий йўлдоши орқали эшита олмай қолган тингловчилар мурожаати: “Уже иккинчи ҳафта кетаяпти эфир йўқ. Кўп изладик. Би-Би-Си бор¸ лекин Америка овози билан Озодлик спутникдан йўқолган”

- Озодлик тўлқинларида янги мавзулардаги эшиттиришлар бўлиши ҳақида таклиф киритган тингловчи мурожаати: “Олдин тахтда ўтирганлар кейин нима бўлди? Мирсаидовлар¸ Тўлагановлар¸ Қодир Ғуломов бўларди. Шулар нима бўлди?”

- Муҳожиратда туриб, ўз ватани тақдиридан куюниб, шеър битган Эрондаги ўзбек тингловчи мурожаати:

Юртга келди золим султон¸
Барбод бўлди Ўзбекистон¸
Кўкка чиқди оҳу-фиғон¸
Юртни обод кўрарманми?



Озодлик Hotbird дан йўқолиб қолди

Кейинги ҳафта давомида Озодлик таҳририятига доимий тингловчиларимиздан кетма-кет телефон қўнғироқлари бўлди. Кўпчилик тингловчилар Озодлик радиоси эшиттиришларини Hotbird сунъий йўлдоши орқали тинглашнинг имкони бўлмаётганидан шикоят қилди.

- Hotbirdдамиз бизлар. Бошида вақтинча шунақа бўлдимикан¸ деб ўйладик. Қарасак¸ анчадан бери давом этаяпти бу. Бугун ҳам сайтларингизга кириб шу ҳақда ëзиб юбордим¸ дея шикоят қилди тингловчиларимиздан бири.

“Тингловчи минбари” эшиттириши ҳавога узатилаётган кунда яна бир-икки тингловчимизга сим қоқиб, аҳволни суриштирдик.

- Уже иккинчи ҳафта кетаяпти эфир йўқ.

Озодлик: Техник носозликми ëки бошқами ўзингиз ҳам аниқлаштиришга ҳаракат қилиб кўрдингизми?

- Биз программаларни ўзгартириб кўрдик. Кўп изладик¸ йўқда. Би-Би-Си бор. У ўзгаргани йўқ. частоталари ўша. Лекин Америка овози билан Озодлик спутникда йўқ¸ дейди биринчи тингловчимиз.

- Бир ҳафтадан бери йўқ.

Озодлик: Демак¸ бир ҳафтадан бери эшитилмай қолди.

- Ҳа. Ўзи қандайдир шу ëқдан отключат бўлган бўлса керак¸ деб ўйладик. Пулт билан бошқариб кўришди¸ лекин бўлмади¸ дейди навбатдаги тингловчимиз.

Маълум бўлишича, муаммо ҳануз мавжуд. Шу боис бугун Озодликни сунъий йўлдошда тинглайдиган тингловчиларга баъзи эслатмаларни бериб ўтмоқчимиз.

Озодлик радиосининг Hotbird сунъий йўлдошидаги бир ўлчами ўзгарди. Эндиликда сунъий йўлдошни қайтадан созлаш керак. Бунинг учун мосламани ўчириб, қайтадан ёқиб, антеннангизни янги ўлчамга мослашингиз лозим.

Ўзгарган ягона ўлчам – SYMBOL RATE: 16.3 MS/s

Табиийки, буни сунъий йўлдошни мослайдиган усталар яхши тушунади, эҳтимол, янги созлашга устангизни яна бир бор таклиф қиларсиз.

Озодлик радиосининг сунъий йўлдошдаги ўлчамлари борасидаги барча маълумот бизнинг интернетдаги веб-саҳифамизда тўлиқ тақдим этилган.

www.ozodlik.org интернет сайтига киринг, бош саҳифанинг ўнг қўл бурчаги тепасига жойланган Hotbird ëзувини боссангиз¸ барча маълумотлар билан тўлиқ танишишингиз мумкин.

Шу ўринда, Озодликни интернетда тинглайдиган тингловчиларимизга ҳам кичик бир эслатма.

Шу кунларда Озодлик эшиттиришларини интернетда эшитиш йўл-йўриқлари ҳам ўзгарди.

Демак, бизни интернетда тинглайдиганлар диққатига:

Озодлик радиоси эшиттиришларини Интернетда тинглаш учун, Озодлик веб-саҳифасининг “Дастурлар жадвали” бўлимига (логотип остидаги 4чи бўлим) киринг.

Чап томондаги “Радиодастурларни тинглаш” устунидан “Аввалги дастурлар” рубрикасини танланг. Сўнгра тақвимдан керакли санани танланг (масалан, 24 июн).

Дастурлар жадвалидан керакли эфир вақтини танлаб (масалан, 19:00), “Тингланг” тугмасини босинг.

Очилган катакдан дастурларимизни mp3, Real Audio ёки Windows Media (WMA) форматларида тинглашингиз ёки юклаб олишингиз мумкин.


Озодликка таклифлар

Тошкентдан сим қоқиб, Озодликни сунъий йўлдош орқали эшита олмаётган тингловчимиз бизнинг дастурлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтди.

У Озодлик радиосини мунтазам тинглаб бориши, хусусан, янги очилган “20 йил” номли туркум эшиттиришларни қувватлашини сўзлади.

Айни пайтда, у ўзбекистонлик тингловчиларни қизиқтириши мумкин, деб ҳисоблаган бир неча таклифларини ҳам ўртага ташлади.

- Жуда хурсандмиз. Олиб бораëтган фаолиятларингизда сизларга омад тилаймиз. Сизлардай мардлар доим кўп бўлсин. Бир хил нарсаларга тилаклар бор. “20 йил” деб номланган дастурларингиз жуда ëқаяпти.

Кейин олдинги тахтда ўтирганлар нима бўлганлиги тўғрисида бир саҳифа очсангизлар. Мана шу нарсалар бизда номаълум. Мирсаидов деганлар бўларди¸ Тўлаганов деганлар¸ Қодир Ғуломовларга нима бўлди? Катта саҳнада бўлган шахсларнинг кейинги тақдири нима бўлганлиги ҳақида янги саҳифа очсангизлар¸ жуда хурсанд бўлардик. Нимагаки¸ ҳозирги ëш авлод бу нарсани билмайди.

Кейин Икром Ëқубовдан кўпроқ маълумотлар олиб олишимиз керак. Имкониятимиз бор. Имкониятимиз бўлмаганида¸ бошқа гап эди. Сувини сиқиб-сиқиб¸ ҳамма нарсани билиб олишни хоҳлаймиз. Менимча¸ бизлар у даражада фойдалана олмаяпмиз. Ҳамма нарсани билиб олишни хоҳлардик. Бу катта имконият бизларга.

Кейин Обид қори аканинг кўпроқ ўз илмларини беришларини хоҳлардик. Нимагаки¸ ҳозир масжидларда кетаëтган гап билан олдинги воқеаларгача бўлган гаплар ўртасида катта фарқ бор¸ дея ўз таклифларини билдирди тошкентлик тингловчимиз.

Тошкентдан сим қоқиб, Озодлик дастурларига ўз муносабатини билдирган ва қимматли таклифлари билан ўртоқлашган бу тингловчига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.


Мусофирлик туғдирган шоир

Ўтган ҳафта Эрондаги ўзбек муҳожири Ҳазрат Жўраев ҳам Озодликка сим қоқди.

Асли бухоролик бу йигит ўз вақтида диний эътиқоди учун таъқиблар боис, Ўзбекистонни тарк этгани ва аввал Тожикистон, кейин Афғонистон ва ундан сўнг Эронга бориб қолгани ҳақида ҳикоя қилиб берган эди.

Ҳозир Ҳазрат Жўраев Эроннинг тоғли вилоятларидан бирида яшамоқда ва кичиккина қишлоқ масжидига имомлик қилмоқда. У Ўзбекистон ҳақидаги даракларни Озодлик орқали ҳам эшитиб боришини айтиб, вақти-вақти билан ёзиб турадиган шеърларидан бирини ўқиб бериш истагида бизга сим қоққан экан.

- Мен Эрон Ислом республикасидан телефон қилаяпман. Жўраев Ҳазрат бўламан¸ бухороликман. Шоир эмасман¸ лекин икки қатор шеър ëзган эдим. Шуни тингловчиларга ўқиб бермоқчи эдим.

Юртга келди золим султон¸
Барбод бўлди Ўзбекистон¸
Кўкка чиқди оҳу-фиғон¸
Юртни обод кўрарманми?

Ўз юртида топилмай нон¸
Иш қидириб кезган жаҳон¸
Аламлари ичда пинҳон¸
Халқимни шод кўрарманми?

Гуноҳи йўқ унинг чандон¸
Жойи бўлган қамоқ¸зиндон¸
Яна кимдир четда сарсон¸
Элни озод кўрарманми?

Таъқиб бўлиб кўп мусулмон¸
Юртда қолмай Ислом иймон¸
Ғариб бўлган ҳадис Қуръон¸
Сени бунëд кўрарманми?


Ҳозир Эронда муҳожиратда яшаган ўзбекистонлик диндор Ҳазрат Жўраевнинг ўз ватани ҳақида куюниб ёзган шеърларидан парча эди.

*********************

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ҳамда манзилимизни ёдингизга соламиз.

Бизнинг электрон манзил: uzbek@rferl.org¸ марҳамат, мактуб ëзинг.
Бизнинг интернет саҳифамиз: www.ozodlik.org, марҳамат, ташриф буюринг.
Бизнинг почта манзилимиз, эътибор қилинг у ўзгарган: Vinohradska 159-а, Praha 10, 100 00, Czech Republic.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG