Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:15

“Шарқий экспресс” - Ўзбекистон


Ўзбек божхона ва чегарачилари тинтуви олдидан поездда ўзига хос кескинлик ҳукм сурарди.
Ўзбек божхона ва чегарачилари тинтуви олдидан поездда ўзига хос кескинлик ҳукм сурарди.
Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг тўрт кунлик йўлда чеккан азоблари, уларнинг Ўзбекистон, Туркманистон чегарачилари ҳақоратларига дучор бўлганига гувоҳ бўлган Озодлик радиосининг рус хизмати мухбири Мўмин Шокиров ҳикоясини давом эттиради.

Икки соат жойингдан қимирламай ўтир!

Икки йилча олдин “Душанбе-Москва” поездига чипта топиш амри маҳол эди. Бугун эса Душанбедаги темир йўл вокзалида одам сийрак.

Божхоначи ва чегaрачилар шошилмасдан йўловчилар ва улар юкларини бирма-бир текшириб перронга ўтказади. Поездимиз саҳар соат 03.00 да ўрнидан жилди. Йўлдошларим – ўқитувчи Жамшид, ошпаз Гулбаҳор, қурувчи Умид ва собиқ дзюдочи тренер Муҳаммад Али купедаги ўз жойларини эгаллаганча, хомуш ўтиришарди.

“Душанбе-Москва” поездидаги ҳаётнинг биринчи икки суткаси жуда ташвишли кечади. Душанбедан ўзбек чегарасигача бор-йўғи 70 километр.

Икки соатдан кейин Ўзбекистоннинг Қудуқли станциясига етиб келдик. Ана шундан сўнг ажойиб томоша бошланди. Вагон тамбурида ўзбек чегарачилари, божхоначилари ва милиция ходимлари пайдо бўла бошлади. Улар бутун вагонни, йўловчилар юкларини ағдар-тўнтар қилиб, тинтиб чиқишни бошладилар. Гўёки қурол, наркотик модда излашди.

Вагон кузатувчиси Лариса Шарипованинг айтишича, улар ҳеч нарса тополмаганларидан сўнг, арзимаган баҳоналар билан йўловчиларга осилишни бошлайдилар. Мақсад, улардан пул ундириш:

- Уларга сени поезддан тушириб қолдириш учун баҳона ҳамма вақт топилади. Масалан¸ кассирнинг техник хатоси билан чиптадаги ва паспортдаги битта ҳарф тўғри келмай қолиши мумкин. Ёки паспортдаги елимланган саҳифанинг бир чеккаси озгина кўчиб қолган бўлиши мумкин. Тамом! Брак! Йўловчини улар поезддан тушириб олиб қолишлари мумкин. Ахир бунақа майда-чуйда камчиликлар учун одамни поезддан олиб қолиш мумкин эмаску. У бу чиптани олишга қанча пул сарфлаган¸ дейди Лариса Шарипова.

Чегарада поездни текшириб чиқиш учун икки соат вақт ажратилган. Ана шу вақт мобайнида бирор йўловчи купесидан ташқарига чиқмасдан¸ жойида михланиб ўтириши шарт.

Ëзнинг жазирама иссиғида вагон икки соат ичида қайнаб кетади. Йиғлаган болага ҳам, касал чолга ҳам ҳеч ким эътибор бермайди. Ҳатто ҳожатга чиқишга ҳам ижозат йўқ. Инсонни хўрловчи бундай қоидалар ҳақида душанбедагилар яхши билишади, лекин сукут сақлашади.

Албатта бу ўринда, ўзбек хавфсизлик кучларининг бу поездни “Шарқий наркоэкспресс” деб аташларини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Шу билан бирга бу ҳолатни икки давлат ўртасидаги совуқ муносабатлар билан ҳам изоҳлайдилар. Бу фикрни душанбелик журналист ва тарихчи Нурали Давлатов ҳам қўллаб-қувватлайди:

- Биринчидан, Ислом Каримов Имомали Раҳмонни ўз ёрдами туфайли ҳокимияга келган¸ деб ҳисоблайди. Ўзбек ҳарбийлари 1992 йилда Душанбега танкларда кириб¸ Раҳмонга ҳокимиятни олиб берган эди.

Кейинроқ эса Раҳмоннинг Россия билан муносабатларни қуюқлаштиргани Каримовнинг жаҳлини чиқара бошлади. Раҳмон ставкани Россияга қилди. Катта оға энди Каримов эмас¸ балки Россия бўлиб қолди, дейди Нурали Давлатов.

Ўзбек чегарачилари ёки божхоначиларига нисбатан эҳтиётсизлик қилиб айтиб қўйилган бир оғиз сўз кутилмаган фалокатларни олиб келиши мумкин.

Менга бир воқеани айтиб беришди. Бир йўловчи ўз инсоний ҳуқуқларини талаб қилишни бошлаганидан сўнг уни бир купега олиб кириб¸ наркотик модда қидиришни бошлаганлар. Ҳатто тиззалатиб қўйиб орқасини ҳам текширганлар. Суҳбатдошларимнинг айтишларича, “ҳақиқат истовчилар”ни бундай хўрлашлар бир умрга эсда қолади. Дардингни кимга ҳам айтасан. Худонинг ўзи асрасин!

Журналист ва тарихчи Нурали Давлатовнинг айтишича, расмий Душанбе бу ҳолатларга ўз эътирозини билдириши шарт:

- Тожикистон бу поездларнинг ичкариси мамлакат ҳудуди эканлигини тан олдириши лозим. Агар бу поезд транзит сифатида Ўзбекистон орқали ўтар экан, улар Ўзбекистон ҳудудида тўхтамаслиги ва текширилмаслиги лозим. Расмий Душанбе Тошкентдан шуни талаб қилиши керак.

Агар бу муаммо икки давлат ўртасидаги музокараларда ҳал қилинмаса, уни халқаро даражагача кўтариш шарт, дейди Нурали Давлатов.

Тожикистон Афғонистонда етиштирилган наркотик моддаларни Россияга ўтказадиган энг катта транзит ҳудуд бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам ўзбек хавфсизлик кучлари ходимлари кўзига бу поезднинг ҳар бир йўловчиси “контрабандачи” бўлиб кўринади.

Икки соатлик дўзахий азобдан сўнг, ниҳоят поездимиз ўрнидан жилди. Йўлдошларимнинг юзларига эса сал табассум югургандай бўлди.

Москвага билет пули ишлаш учун олиб бораётган икки қоп носвойини тожик божхоначиларига олдириб қўйганидан буён хафа бўлиб келаётган дзюдочи Муҳаммад Али, э, деб қўл силтадида, миллий қўшиқларини куйлай бошлади.

Поездимиз энди Ўзбекистон ҳудудидан қушдай учиб Туркманистон чегараси томон ела бошлади. Бу чегарада ҳам бизни қизиқ ҳангомалар кутаëтганига шубҳа йўқ.
XS
SM
MD
LG