Линклар

Бишкек ўз "жосуси"ни сўрамоқда

  • Гулнора Равшан

Тожикистон суди қирғиз фуқаросини мамлакатда давлат тўнтариши қилишга уринганликда айблаб¸ 29 йиллик қамоққа ҳукм этган.

Тожикистон суди қирғиз фуқаросини мамлакатда давлат тўнтариши қилишга уринганликда айблаб¸ 29 йиллик қамоққа ҳукм этган.

Расмий Бишкек жосуслик айби билан Тожикистонда қўлга олиниб¸ 29 йилга қамалган ўз фуқароси Муҳаммадий Салимзоданинг ватанига қайтарилишига эришиш уринишларини давом эттирмоқда.

Қирғизистон Бош прокуратураси масъули Марат Кўлжабаев ўз идораси Муҳаммадий Салимзоданинг жиноят иши бўйича барча далилларни юборишни сўраб, бир неча кун аввал Тожикистон томонига ёзма тарзда расман мурожаат этганини маълум қилди.

- Тожикистонда жазо муҳлатини ўтаётган фуқаромизни Қирғизистон қамоқхоналарига кўчиришдан аввал унга тегишли ҳужжатлар билан танишиш мақсадида Тожикистон томонига расман мурожаат этгандик.

Салимзоданинг иши билан боғлиқ ҳужжатлар билан танишгач, биз ўша ҳужжатлар асосида унинг Қирғизистонга экстрадиция қилиниши борасида тожик томонига сўровнома йўллаймиз.

Тожикистон томони эса бу масалани ўрганиб чиқади. Ўйлайманки, фуқаромизнинг кейинги тақдирига оид масала томонлар ўртасида ижобий ечим топади, дея ишонч билдирди Марат Кўлжабаев.

Қирғизистон Бош прокуратураси расмийсига кўра, 1998 йилнинг 6 мартида МДҲ давлатлари ўртасида озодликдан маҳрум этилган фуқароларни экстрадиция қилиш борасида Конвенция имзоланган.

Марат Кўлжабаевнинг айтишича, Қирғизистон томони ана шу Конвенция асосида ўз фуқаросининг экстрадиция қилинишини сўраш ҳуқуқига эга.

Бироқ қирғизистонлик ҳамкасбларидан идорасига ҳеч қандай сўровнома келиб тушмаганини маълум қилган Тожикистон Бош прокуратураси масъулларидан бири Матлуба Абдуллоева Муҳаммадий Салимзода Конвенция асосида экстрадицияга тушмай қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмаслигини таъкидлади.

- Қирғизистон томонининг сўровномаси асосида Салимзодага тегишли жиноят иши прокуратурамиз томонидан ҳар томонлама ўрганиб чиқилади. Агар у Тожикистон миллий хавфсизлиги учун ҳеч қандай хавф-хатар туғдирмаса, қирғиз томонига топширилиши мумкин.

Аммо унга қўйилган айбларни назарга олган ҳолда шуни айтиш мумкинки, Салимзода ўз юртига экстрадиция қилинмай қолиши ҳам эҳтимолдан йироқмас, деди Тожикистон Бош прокуратураси масъули.

Муҳаммадий Салимзоданинг қизи Шоира бишкеклик журналистлар учун ўтказган матбуот анжуманида отасининг экстрадиция қилинишини қатъийлик билан талаб қилишини билдирди.

- Биз отамнинг бу томонга экстрадиция қилиниб, унинг иши Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларида қайтадан кўрилиб, адолатли ҳукм чиқарилишини талаб қиламиз. Чунки биз Тожикистон судларининг адолатли эканига ишонмаймиз, деди Шоира Салимзода.

49 ёшли Қирғизистон фуқароси Муҳаммадий Салимзода 2008 йилнинг 25 августида Тожикистон ҳудудида мамлакат миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олиниб, унга жосуслик ва давлат тўнтаришига ҳаракат қилганлик айби қўйилган эди. 2009 йилнинг 6 майида эса у Тожикистон Олий суд ҳукми билан 29 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Аммо Салимзоданинг яқинлари ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган суд адолатсиз ҳукм чиқарганини, зеро Муҳаммадий Салимзодани айбларига иқрор қилиш босим остида бўлганини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG