Линклар

Қийноқлар тандиридаги шоир

  • Сарвар Усмон

Халқаро ташкилотларнинг Юсуф Жумани озод қилиш ҳақдаги сўровларига Тошкент муносабат кўрсатмай келаëтир.

Халқаро ташкилотларнинг Юсуф Жумани озод қилиш ҳақдаги сўровларига Тошкент муносабат кўрсатмай келаëтир.

"Дадам жазо изоляторида 8 кун ўтириб, яқинда чиқибди, уни нон пиширадиган цехнинг устидаги ўта иссиқ хонада сақлашибди", деб хабар қилди таниқли диссидент шоир Юсуф Жуманинг қизи Феруза.

Отасини кўриш учун Жаслиққа 28 июн куни етиб борган Феруза учрашувга рухсат беришларини уч кун кутди.

- Бир кун¸ икки кун¸ уч кун ўтирдим. Тўртинчи куни келиб олиб кетишди¸ дейди Феруза Жумаева.

Учрашувга олиб кетишди. Кўришди отаси билан. Унинг нонвойхона устидаги ўта иссиқ ва ўта дим хонада саккиз кун ўтирганини Феруза ана ўша учрашув пайтида билди.

Юсуф Жуманинг айтганларини айтиб берди Феруза.

- Ҳеч бир сабабсиз дадамни изоляторга ташлаб қўйишибди. Изоляторнинг тагида ҳам катта пекарний печка ëнар экан. Жаслиқда ҳаво шунақа иссиқки¸ чидай олмайсиз. У ëқда даҳшатли иссиқ¸ дейди Феруза Жумаева.

Бор-йўғи 20-25 дақиқа давом этган учрашув чоғида, ўртадаги панжараю қалин ойнанинг нариги ёғида ота нима деяётганини бу ёқдаги қиз, қиз нима деяётганини нариги ёқдаги ота телефон орқали элас-элас эшитдилар.

Ота-боланинг устида эса, биттадан соқчи.

- Шундай бир аҳволда гаплашдик. Дарров “Бўлди¸ бўлди. Вақт тугаб қолди. Тезроқ чиқ. Бўлди¸ бўлди. Хайрлаш. Хайрлаш дедим сенга” деб ўтиришади тепангизда¸ дейди куюниб Феруза Жумаева.

Қамоқда сақланаётган отанинг қийналаётгани тўғрисида фарзанднинг бундай куйиниб гапириши табиий.

Маҳбус шоир, қизи йиғлаб айтаётганидай, чиндан ҳам ўлим чангалидами? Жазо изоляторига ташлар эканлар¸ нима учун жазолаётганларини нима учун унинг ўзига тушунтирмадилар?

Нима учун Ферузанинг айтишича, қамоқхона маъмурлари шоирга “Сени ўлдириб юборамиз. Лекин сен осонгина ўлиб қутуламан деб ўйламагин. Қийналиб-қийналиб ўласан” деб зуғум қилади?

Балки отани тезроқ озод кўриш учун қизи қўшиб-чатиб айтаётгандир?

Бу саволларга жавоб бериши мумкин бўлган идора – Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бошқармаси ҳар доимгидай бу сафар ҳам жавоб бермади.

Бош қароргоҳи Парижда жойлашган Марказий Осиё ҳуқуқ ҳимоячилари ассоциацияси вакили Надежда Отаева ҳам маҳбус шоирнинг аҳволи тўғрисидаги информациянинг бир томонлама эканлиги тўғрисида гапирди:

- Афсуски, Юсуф Жума тўғрисидаги маълумотларни унинг яқинларидангина олаяпмиз. Нима учун унинг адвокатига учрашув бермаётганлари тушунарсиз, дейди Отаева хоним.

Қамоқхоналарга кириш, маҳбуслар аҳволи билан танишиш имкони бериладиган ташкилотлардан бири Халқаро Қизил хоч ташкилотидир.

Қизил хоч вакиллари Ўзбекистон қамоқхоналарида сўнгги бор бундан беш йил муқаддам бўлган эди.

Ташкилот вакили Клер Каплун бундан икки ҳафта муқаддам Озодлик саволларига жавоб берар экан, қамоқхоналарни бориб кўриш юзасидан Ўзбекистон расмийлари билан сўзлашувлар давом этаётганини айтиб¸

- Женева конвенциясини имзолаган барча давлатлар халқаро инспекторлар учун барча қамоқхоналари эшикларини очиши ва уларнинг инспекциясига ҳеч қандай шартларсиз рухсат бериши керак, деган эди Клер Каплун.

Юсуф Жума қамалганидан бери кўплаб халқаро ташкилотлар унинг ҳимоясига отланди. Унинг қўлга олиниши тафсилотларидан келиб чиқар экан, халқаро ташкилотлар шоирнинг қамалиши ортидаги сабаблар сиёсийдир, деган фикрда.

Марказий Осиё ҳуқуқ ҳимоячилари ассоциацияси вакили Надежда Отаева мана бундай деди:

- Юсуф Жума бутун тизимга қарши бориб, Каримов конституция талабларига зид равишда, ҳокимиятни эгаллаб туришда давом этмоқда, деб очиқ айтди, деди Надежда Отаева.

Халқаро ташкилотлар Юсуф Жума ва унга ўхшаган бошқа сиёсий маҳбусларни озодликка чиқариш талабларини сусайтирмаяпти.

Бош қароргоҳи Францияда жойлашган Қийноқларга қарши АСАТ ташкилоти вакили исмини айтмаслигимиз шарти билан саволларимизга жавоб берар экан, шоир тақдири юзасидан ташвиш билдирилган хатларини Ўзбекистон ва Франция ҳукуматларига, Европа Иттифоқи раҳбариятига юборганларини айтди.

Юсуф Жума 1980 йилларда шеъриятга кириб келган, унинг “Ҳақиқатнинг олтин олмаси” номли илк шеърий тўплами 1984 йилда чоп этилган.

Шоир 2001 йилда бир туркум шеърлари учун “давлат тузумига тажовуз қилиш”да айбланиб, қамоққа ташланди.

Юсуф Жума ва оиласи президент Каримовнинг сиёсатини очиқ танқид қилгани учун таъқиб қилинаётганликларини айтишади.

2007 йил 10 декабрда Юсуф Жума ва ўғиллари президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиб, намойишлар уюштиришди.
Бухоро вилоят суди шоир Юсуф Жумани 2008 йил апрелида беш йилга озодликдан маҳрум этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG