Линклар

Western Union хизмат ҳаққини камайтирди

  • Ҳасанжон

Кейинги йиллар ичи Western Union ширкати миллионлаб меҳнат муҳожирлари учун ватанда қолган яқинларига пул ўтказишнинг қулай воситасига айланиб улгурди.

Кейинги йиллар ичи Western Union ширкати миллионлаб меҳнат муҳожирлари учун ватанда қолган яқинларига пул ўтказишнинг қулай воситасига айланиб улгурди.

15 июлдан бошлаб Western Union ширкати МДҲ¸ жумладан Ўзбекистонга пул ўтказишни камроқ тариф асосида амалга оширади. Мижозлар талаби ва юзага келган иқтисодий вазият ширкатни шунга мажбур қилган.

Western Union ширкатининг ўз исмини айтмасликни сўраган Москвадаги вакилининг айтишича¸ янги тариф сеткасида Россия рубли ва АҚШ долларини Ўзбекистонга ўтказишда хизмат ҳаққини сезиларли камайтириш кўзда тутилган.

Масалан, 15 июлдан бошлаб¸ 200 АҚШ долларини ўтказиш учун аввалгидек 10 доллар эмас¸ балки 6 доллар ҳақ тўланади;1000 долларни ўтказиш учун аввалгидек 32 эмас¸ балки 24 доллар тўланади.

Янги тарифлар 15 июлдан бошлаб жорий этилади. Хизмат ҳақи камайтирилиши сабабини Western Union вакили шундай изоҳлади.

- Биринчи сабаб, Россия ва яқин хориж давлатлари жумладан Россия-Ўзбекистон ўртасида ўтказилаётган пул миқдорининг камайганидир.

Иккинчи сабаб, Western Union ўтказган маркетинг тадқиқот натижаларига кўра, компания хизматидан фойдаланувчилар тариф тизимининг соддалаштирилишини хоҳлаган. Шу боис 15 июлдан бошлаб Россия билан яқин хориж давлатлар¸ жумладан Ўзбекистонга ҳам пул ўтказишнинг ягона тариф сеткаси жорий қилинади, дейди ширкат вакили.

Таҳлилчилар Western Union ўз хизмати учун тўланадиган ҳақни камайтиришига асосий сабаб рақобат ва иқтисодий бўҳрон эканини айтмоқда.

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Холназар Амонов ҳам шундай фикрда:

Western Unionнинг охирги уч-тўрт йил ичидаги хизмат ҳақларини олиб қарайдиган бўлсак¸ рақобат қилаëтган кичик компанияларга қараганда унинг хизмати қиммат эди. Бу ўз вақтида мижозларни бошқа компаниялар хизматидан фойдаланишга йўналтирди. Бу биринчи сабаб бўлса керак¸ деб ўйлайман. Чунки Вестерн Юнион иқтисодий инқироз пайтида молиявий оқимларга чеклов бўлгани учун¸ рақобатнинг кучайганидан хизмат ҳақларини камайтирган.

Иккинчиси¸ молиявий инқироз даврида кўпроқ мижозларни жалб этиш, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Россияда ишлаётган юз минглаб ўзбекистонлик сўнгги йиллар давомида Western Union орқали Ўзбекистонга миллиардлаб доллар пул ўтказди. Глобал иқтисодий бўҳрон Россияга ҳам салбий таъсир эта бошлаганидан кейин эса¸ уларнинг Ўзбекистонга пул ўтказиши ҳам сезиларли равишда камайди.

Москвада меҳнат қилаётган ўзбекистонликлардан бири Озодлик билан суҳбатда¸ Western Unionнинг ўз хизмати учун кам ҳақ олиши Россиядан ўз яқинларига пул жўнатаётган ўзбекистонликлар учун яхши хабар эканини айтди.

- Тарифини пасайтирса¸ одамларга яхши бўлади. Ҳозир Western Unionдан пул жўнатсангиз¸ уч фоиз олади. Биз анча қимматроқ тўлаймиз. Агар унинг тарифини пасайтирадиган бўлса¸ ҳаммага яхши бўладида. Тариф баланд бўлиб турган пайтда рублга ҳам анча пул тўлаймиз.

Озодлик: Ойига тахминан қанча жўнатасиз?

- Ўтган йил май ойида иш бошлаган бўлсак¸ бу йил май ойигача ҳали пул олганимиз йўқ. Бу ерда пулимизни олганимиз йўқ¸ Бекорчилик бўлгани учун ҳар замонда иш бўлиб қолади. Уборка ва бошқа ишларни қилиб¸ ойига бўлмаса ҳам ҳар икки ойда 200-300 доллар жўнатаяпмиз. Пул жўнатадиган ҳолат бўлмаяпти. Пул бермаяпти.

Озодлик: Western Union 200-300 доллардан қанча хизмат ҳақи олади?

- 100 долларга уч фоиз.

Озодлик: Ташқарида ишлаëтган ўзбекистонликларни Western Union хизмати қониқтирадими?

- Москванинг ўзидаги ҳолати қониқтиради. Ўзимизнинг Ўзбекистонда бу пулларни биров вақтида олаяпти¸ биров вақтида олмаяпти дейди. Банкка борса¸ пул йўқ дейди. Ўзи 15 минутда бўлиши керакку. Ўзбекистонникига борганда пул йўқ бўлиб қоладиган вақтлар бўлиб қолаëтган экан¸ дейди Москвада меҳнат қилаëтган ўзбекистонликлардан бири.

Шуни эслатиш жоизки¸ Western Union ширкати Ўзбекистонда 2004 йилда ўз идорасини очган. Ҳозирда республиканинг 23 та банки Western Union билан ҳамкорлик қилмоқда. Ширкат Ўзбекистонда 1100 та шаҳобчага эга.

1851 йилда фаолият бошлаган Western Union ҳозирда дунёнинг 200 дан ортиқ давлатида 375 мингта шаҳобчага эга. Улардан 35 минги МДҲ давлатларида жойлашган.

Ҳозир Россияда 20 га яқин ширкат МДҲ давлатларига пул ўтказиш билан шуғулланади.

Улардан бири Unistream ширкатидир. Бу ширкат Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказиш учун қанча ҳақ олишини билиш учун Москвадаги идорага қўнғироқ қилдик.

- Бизда пул ўтказиш учун дастлабки комиссион ҳақ белгиланган. Агар Ўзбекистонга 3000 доллардан кам пул ўтказилса, хизмат учун ҳақ икки фоиздан бошланади.

Озодлик: Агар Россиядан Ўзбекистонга 3000 доллардан кўп пул ўтказилса¸ хизмат ҳақи неча фоиз бўлади?

- 1,8 фоиздан бошланади. Аниқ рақамни ўша жойнинг ўзида билишингиз мумкин, дейди Unistream ширкати вакили.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG