Линклар

"Шарқий экспресс" - Туркманистон

  • Садриддин Ашур

Туркманистон ҳудудига кирган поезд йўловчилари фақат бир нарса - ўз жойларида қимирламай ўтириш ҳаққига эга¸ холос.

Туркманистон ҳудудига кирган поезд йўловчилари фақат бир нарса - ўз жойларида қимирламай ўтириш ҳаққига эга¸ холос.

Душанбедан чиққан “Шарқий экспресс” йўлида Туркманистонга ҳам киради. Тожикистонлик мардикорларни бу ерда ҳам Ўзбекистондагидан қолишмайдиган "саргузашт "лар кутади.

Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг тўрт кунлик йўлда чеккан азоблари, уларнинг Ўзбекистон, Туркманистон чегарачилари ҳақоратларига дучор бўлганига гувоҳ бўлган Озодлик радиосининг рус хизмати мухбири Мўмин Шокиров ҳикоясини давом эттиради.

Икки ўркачли туя ҳам махфий объект!

Кун пешиндан оқди. Термиз шаҳри ва Болдир чегара станцияси ортда қолди. Биз уларни фақат вагон ойнасидан кўрдик.

Ўзбекистонда “Душанбе-Москва” поездидан тушиш қатъиян ман қилинган. Ўзбекистон темир йўлларининг қоидаси шундай.

Аммо бу борада Туркманистон бизни янада кўпроқ ажаблантирди. Бизнинг поездимиз туркман чегараси бўлган “161-разъезд”га секин келиб тўхтади. Вагон кузатувчиси Ҳусния бизга бу мамлакат темир йўлидаги қоидаларни тушунтиради:

- Туркманистоннинг ўз қоидалари бор. Йўловчи вагондан вагонга ўтмаслиги, чекмаслиги, ўз жойини тарк этмаслик керак. Саккиз соатлик йўл давомида вагон-ресторан ёпиқ бўлади, дейди Ҳусния.

Бунинг устига вагон тамбурларида туркман чегарачилари ҳамроҳлик қилади. Атрофдаги тоғлар, тепаликлар, қишлоқлар, чўлу биёбон —буларнинг ҳаммаси махфий объектлар.

Суратга олиш, тасвирга тушириш мумкин эмас. Лекин, барибир мен чегарачининг меҳрибонлигидан фойдаланиб, қум барханларини, икки ўркачли туяларни тасвирга ола бошладим. Яхши манзаралар эди, бироқ ҳаммасини поездимиз кириб кетган тунел расво қилди. Чунки тунелга яқинлашаётганимизда¸ кузатув пунктидаги чегарачи менинг камерамни кўриб қолса бўладими. Жонининг борича бақирганини эшитиб қолдим.

Поездни Амударё станциясида тўхтатишди. Фуқаролик кийимидаги бир неча нафар одамлар вагонга чиқиб, мендан тасвирларни ўчириб ташлашимни талаб қилдилар. Нима ҳам қилардим, ўчирдим.

Лекин воқеа бу билан тугамади. Навбатдаги Тaллимаржон станциясида мени бошқа “ўртоқ”лар кутиб туришарди. Аввал улар мени “поезддан тушириб қоламиз” деб, қўрқитмоқчи бўлишди. Кейин ҳужжатларимни кўриб, сўроқни купеда давом эттирдилар. Суҳбат узоқ ва кўнгилсиз бўлди. “Мен жосус эмасман, мен табиат шайдосиман”¸ деган мазмунда тилхат ёзиб беришимга тўғри келди.

Билмадим¸ мен келтирган далиллар қутқариб қолдими ёки поезд бошлиғининг илтимосларими, ҳар қалай бир соатдан сўнг мени қўйиб юборишди. Вагон кузатувчилари эса мени қўшиқлар билан кутиб олдилар.

Туркманистонда 200 километрдан ортиқ йўл босганимиздан сўнг, биз кечга бориб яна Ўзбекистон ҳудудига кириб бордик. Яна чегарадаги узундан-узоқ, одамни толиқтирувчи текшир-текширлар бошланди. Яна қурол ва наркотик излашди. Вагон қайнаб кетган эди. Бу “жазо”дан ҳам кечга бориб қутулдик.

Поездимиз Қарши томон йўл олди. Мен қоронғу тушмасдан, қаҳрамонларимдан бири¸ 57 ёшли дзюдочи¸ тренер Муҳаммад Алидан хабар олгани бордим. У атрофдагиларга шеърлар ўқиб, дутор чертиб, ўз бошидан кечган воқеалардан айтиб¸ кулдириб келарди. Унинг Россиядаги иш фаолияти, 15 йил олдин, Москвадаги Черкиз бозоридан бошланган эди.

Собиқ полвон Муҳаммад Али¸ тўрт кунлик йўл азобини қўшиқ айтиш билан енгиллатиш илинжида.
- Тожиклар меҳнаткаш халқ. Фуқаролик уруши йилларида менинг уйимга жангарилар келган эди. Мен уларга “Ҳамма нарсани олишларинг мумкин. Фақат кирка билан белкурагимни бермайман” деб айтдим.

Мана ҳозир яна иш излаб Россияга кетаяпмиз. Бизга фарқи йўқ, ҳаммол бўламизми, арава тортамизми... иш бўлса бўлди, дейди Муҳаммад Али.

У бу йил Москвада киракашлик қилмоқчи. Ҳали машинаси йўқ. Танишларидан қарз олиб, бир эскироқ машина сотиб олмоқчи. Йўлларни чала-чулпа биламан¸ дейди. Бирдан бир муаммо бу милиция. Агар ҳужжатларинг 100 фоиз тахт бўлса ҳам барибир даромадингнинг бир қисмини уларга беришга тўғри келади, дейди у. Лекин унинг энг ёмон кўргани бу тақирбошлар:

- Менинг отам Москвани ҳимоя қиламан деб, етти жойидан жароҳат олган. Нима, мен унинг ўғли бўла туриб, Москвада эркин юролмайманми? Занғар фашистларнинг бу баччаларига ким бундай ҳуқуқ берди, қани адолат, дейди ғазабланиб Муҳаммад Али.

Атрофдагилар жим бу ҳикояларга қулоқ соларди. Поезд эса шиддат билан Москва томон елиб борарди. Менинг бошқа бир қаҳрамоним Гулбаҳор Воҳидова эса Москва вилоятининг Орехово Зуево шаҳрига бораяпти. У шаҳардаги ресторанларнинг бирида бош ошпаз бўлиб ишлайди. Бу ҳақда кейинги эшиттиришимизда ҳикоя қиламиз.
XS
SM
MD
LG