Линклар

logo-print

Британия ўз ходимлари тақдиридан ташвишда


Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Милибанд Теҳрондаги намойишларда иштирок этишда гумон қилиниб ҳибсга олинган Британия элчихонасининг маҳаллий ходимларидан бир нечтаси маҳкамага тортилиши мумкинлигига оид Эрон баёнотига ойдинлик киритишга уринаётганини билдирди.

Элчихона ходимларининг ҳибсга олинишидан жиддий ташвиш билдирган Миллибанд ушбу шахсларнинг ноқонуний ишларга алоқаси йўқлигига ишонишини таъкидлади.

Шунингдек, Буюк Британия Ташқи ишлар вазири мазкур масалани эронлик ҳамкасби Манучеҳр Мутаққий билан муҳокама қилажагини айтди.

Айни пайтда ЕИга аъзо давлатлар ҳибсга олинган Британия элчихонаси ходимларини озод қилиш талаби билан Эроннинг Европа давлатларидаги элчиларига норозилик нотаси топширмоқдалар.

12 июн кунги президентлик сайловига қарши Теҳронда ўтказилган намойишлардан сўнг Британия элчихонасининг маҳаллий 9 ходими қўлга олинди. Расмий Лондонга кўра, ходимлардан 7 нафари озод қилинган, икки нафари эса ҳануз ҳибсда сақланмоқда.

Жума куни Эрондаги Посбонлар кенгаши раҳбари Аҳмад Жаннатий намойишларда иштирок этишда гумон қилиниб ҳибсга олинган Британия элчихонасининг маҳаллий ходимларидан бир нечтаси маҳкамага тортилажагини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG