Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:27

"Истеъмолчи ҳар томондан ютқазаяпти"


Ўзбекистондаги “Ҳозиржавоб гуруҳ” таҳлилчилари мамлакатда ойлик маошларнинг мажбурий равишда пластик карточкаларга ўтказилаётгани юзасидан мустақил тадқиқот ўтказдилар.

Тадқиқот натижаларига кўра, ойлик маошларнинг пластик карточкаларга мажбурий равишда ўтказилиши тобора оммавий тус олмоқда.

“Ҳозиржавоб гуруҳ” раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, тадқиқот Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Сирдарё, Хоразм ва Андижон вилоятларида ўтказилган.

Бу сўровда бюджетдан маош олиб ишлаётган ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, давлат хизматчилари, ижтимоий нафақа оладиганлар қатнашган.

"Экспертларингиз ўтказган бу тадқиқотдан нималар аниқланди?" деб сўраймиз Суҳроб Исмоиловдан.

Суҳроб Исмоилов: Тадқиқотлар натижаси кўрсатдики¸ Ўзбекистонда қарийб бир йилдан ортиқ вақтдан бери давом этаëтган аҳолининг доимий даромадлари¸ хусусан, пластик карточкаларга мажбуран ўтказиш жараëни ҳозирги кунда иқтисодий тақчилликнинг¸ сиëсий ва ижтимоий танглашув орқасидан аҳоли ўртасида норозилик кайфиятининг кучайишига олиб келмоқда.

Яқинда биз Тошкент ва Сирдарë вилояти бўйича олган мурожаатларимизга кўра¸ ҳатто ҳозир нафақахўрлар нафақаларининг баъзи бир қисмлари¸ бир хил жойларда 30 фоизгача¸ бир хил жойларда 70 фоизгача уларнинг розилигисиз пластик карточкага мажбурий тарзда ўтказилишининг гувоҳи бўлдик.

Масалан¸ бошқа бир гуруҳлар¸ фермерларга ҳам мана шунақа зуғум ўтказилаяпти ва уларнинг қўл остида ишлайдиган ишчиларига иш ҳақларини пластик карточкага ўтказиб бериш каби зуғумлар қилинмоқда.

Озодлик: Пластик карточка аслида аҳолига қулайлик яратиш учун муомалага киритилади. Ўша қулайлик борми? Пластик карточка ишлатиш учун инфратузилма борми?

Суҳроб Исмоилов: Пластик карточкаларни қабул қилувчи инфраструктура мавжуд эмас. Шаҳар жойларида ҳам мавжуд эмас. Қишлоқ¸ туманларни-ку қўяверинг. Ўтказган кузатишларимиз натижаси шуни кўрсатдики¸ ҳар битта туманда нари борса иккита¸ бўлмаса битта пластик карточкаларни қабул қиладиган савдо шаҳобчаси мавжуд.

Ўзингиз фараз қилинг: узоқ бир қишлоқдаги нафақахўр ëки бюджет ташкилоти ишчиси пластик карточкасидаги суммани ишлатиш учун қанақадир транспорт харажатлари қилиб¸ вақтини йўқотиб шаҳобчага етиб бориши керак.

Бу ерда шу инфраструктурага тегишли иккинчи муаммо туғилади. Пластик карточка қабул қилувчи шаҳобчалар кам бўлганлиги учун унақа шаҳобчалардаги товарлар нархи бошқа жойлардаги товарлар нархидан 10-20 фоизга баланд.

Учинчи муаммо - йўл пулига боғлиқлиги¸ вақтга боғлиқлиги. Пластик карточка қабул қиладиган банкомат ëки шаҳобчани топгани билан иши осонликча битавермаслиги туфайли кўп одамлар ҳозирги пайтда норасмий ўртакашларга мурожаат қилишга мажбур.

Кузатишларимиз натижаси шуни кўрсатдики¸ кўпгина вилоятларда пластик карточкалардаги пулларни инсонларга нақд пулга айлантириб бериш учун ўртада хизмат кўрсатувчи норасмий гуруҳлар пайдо бўлган. Улар жойлардаги маҳаллий банк бўлимлари билан жуда ҳам яхши муносабатда.

Мана шу норасмий муносабатларга асосланган ҳолда улар пластик карточка эгаларига пластик карточкадаги маълум бир суммани нақд пулга айлантириб бериш учун ҳар бир айлантирилган қийматдан 15 фоиздан 25 фоизгача ўз улушларини олишаяпти.

Озодлик: Демак¸ ўзбекистонлик истеъмолчи икки тарафлама ютқизаяпти экан-да?

Суҳроб Исмоилов: Албатта. Пластик карточка эгаси икки тарафлама ютқизаяпти. Бир томондан норасмий ўртакашлар тарафидан унинг улуши¸ ҳақи олиб қолинаяпти¸ иккинчи томондан, уларнинг пешона тери билан топган пулларига пластик карточкаларни қабул қилиш мумкин бўлган савдо нуқталаридаги товарларнинг баланд нархи ҳам кўз олайтираяпти.

Озодлик: Буни ўзбекистонлик истеъмолчиларнинг ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши, деса бўладими?

Суҳроб Исмоилов: Истеъмолчи ҳуқуқларининг бузилиши бу иккинчи келиб чиқаëтган натижа. Биринчи оқибати - бу ерда инсоннинг меҳнат қилиш ва меҳнатига яраша адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи бузилаяпти. Мана шу ҳуқуқ Ўзбекистон конституциясида бир неча бор эътироф этиб ўтилган.

Ишлаб топилган иш ҳақи ëки даромад инсоннинг мулки ҳисобланади. Ўзбекистондаги қонунларга кўра ҳам¸ жаҳондаги стандартларга кўра ҳам пул мулкнинг бир тури.

Шахснинг розилиги сўралмасдан мана шу мулкни турли расмий ва норасмий йўллар билан чекланиши¸ унинг қанақа қилиб ишлатилишига қанақадир чекловлар қўйилиши шахснинг ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади.

Озодлик: Ҳукуматнинг бундай чорага бораëтганининг сабаби нимада?

- Ҳозирги кундаги иқтисодий-ижтимоий танглик. Бу қисман жаҳон иқтисодий инқирозидан ҳам таъсирланди¸ бу Ўзбекистонда анча йиллардан бери мавжуд ҳолат эди.

Мана шу ҳолатда ҳозир ҳукумат пластик карточкани қўллаш йўли билан нақд пул айланмасини чеклаш¸ бунинг натижасида ўзбек сўмининг жаҳондаги бозори чаққон халқаро валюталар – доллар ва еврога нисбатан курсини маълум миқдорда ушлаб туриш ва инфляциянинг олдини олишга мажбур бўлаяпти, деди Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG