Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:21

Пхеньян синовни давом эттирмоқда


АҚШ мустақиллиги кунида Шимолий Корея камида етти ракетани синовдан ўтказди. Хабарларга кўра, ушбу ракеталар яқин масофадаги нишонларни уришга мўлжалланган.

Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, бугун эрта тонгда расмий Пхеньян мамлакатнинг шарқий соҳилида ракеталарни синовдан ўтказа бошлаган ва барча ракеталар маълум масофагача парвоз қилгач, Япон денгизига қулаган.

Жанубий Корея ҳарбийлари расмий Пхеньяннинг ҳар қандай таҳдиди ва провокациясига тайёр эканликларини билдирдилар.

Маълумотларга кўра, Пхеньян синовдан ўтказган ракеталар 500 кмга бўлган масофага парвоз қила олади ва бу билан Жанубий Корея ҳудудининг кўп қисми ушбу ракеталар зарбаси доирасида қолади.

Айни пайтда Япония ва Жанубий Корея ҳукуматлари расмий Пхеньян ҳаракатларини кескин қораладилар.

Сеул шаҳри аҳолиси ҳам Пхеньян синовларига турлича муносабат билдирмоқдалар. Улардан айримлари Шимолий Корея ҳаракатларидан ташвиш билдирмоқдалар.

38 ёшли На Ги Тае ташвишга ҳожат йўқлигини айтади.

- Шимолнинг провокацион ҳаракатлари Корейс ярим ороли барқарорлигига таҳдид келтирмоқда, деб ҳисобламайман, боиси Жанубий Корея ҳарбийларининг имкониятлари ва халқаро ҳамжамиятнинг ҳар қандай таҳдидларни бартараф этишга шай эканига ишонаман, дейди Жанубий Корея фуқароси На Ги Тае.

2 июн куни расмий Пхеньян қисқа масофага парвоз қиладиган тўртта ракетасини синовдан ўтказди.

Шимолий Кореянинг ушбу ҳаракати Корейс ярим оролидаги ўзи шундоқ ҳам қалтис вазиятни янада кескинлаштирди.

Шимолий Корея ядровий дастурини тугатишга қаратилмиш олти томонлама музокаралар ҳам боши берк кўчага кириб қолган.

12 июн куни эса БМТ Хавфсизлик кенгаши Пхеньянинг ерости ядровий қурол синови ўтказишига жавобан ушбу давлатга жорий қилинган санкцияларни янада кучайтирди.

Янги резолюцияга мувофиқ БМТга аъзо давлатлар Шимолий Кореянинг ер, ҳаво ва сув орқали ташилаётган юкларини текшириши ва шубҳали юкларни эса мусодара қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

Пхеньян расмийлари, агар Шимолий Кореяга тегишли кемалар текширув ўтказиш мақсади билан ушланса, бу Шимолий Кореяга нисбатан уруш эълон қилиш, деб қабул қилиниши ҳақида огоҳлантирган.

Бундан ташқари, Пхеньян мамлакат реакторларида ишлаб чиқарилган барча плутонийни ўз ядровий дастури учун ишлатиши тўғрисида эълон қилган.

Шимолий Кореяда камида саккизта ядровий қурол ишлаб чиқариш учун қайта ишланган плутоний борлиги тахмин қилинади
XS
SM
MD
LG