Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:11

Вашингтон ва Москва алоқани ўнгламоқчи


АҚШ президенти Барак Обама 6 июл куни Россия президенти Дмитрий Медведев билан илк бор олий даражада учрашади. Бу саммит икки давлат ўртасида қатор келишмовчилик мавжуд бўлган пайтга тўғри келди.

Жорий йил февралида хавфсизлик масаласида Мюнхен шаҳрида ўтказилган анжуманда чиқиш қилган АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Вашингтоннинг Россияга нисбатан ёндошуви янгича бўлишини айтган эди.

- Президент Обама ўзаро муносабатларни қайта бошлаш тугмасини босадиган вақти келганини айтди¸ деган эди Жо Байден.

Кейинроқ АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ҳам Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга икки давлат муносабатларини қайта бошлаш тугмасини босиш кераклигини айтган эди.

- Биз ўзаро муносабатларни қайта бошлашни хоҳлаймиз¸ деган эди Ҳиллари Клинтон.

АҚШ президенти Барак Обаманинг 6–7 июл кунлари Москвада Россия президенти Дмитрий Медведев билан биринчи олий даражали учрашувига таҳлилчилар АҚШ сиёсати олдидаги биринчи жиддий синов сифатида қарамоқда.

Вашингтон ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича 1991 йилда имзоланган эски шартномани янгилаш борасида анча вақтдан бери Москва билан мулоқот олиб бормоқда.

Роберт Векслер АҚШ Намояндалар палатасининг Европа билан ташқи алоқалар қўмитаси ҳузуридаги комиссия вакили. Унинг фикрича, қуроллар назорати бўйича мулоқотнинг ижобий бўлиши анча мураккаб масалаларни ҳал этишда ёрдам беради.

- Хоҳ ракета ҳужумидан мудофаа масаласи бўлсин, хоҳ Эроннинг ядровий дастурини тўхтатиш масаласи бўлсин, энергетик хавфсизлик, Грузия, НАТОнинг кенгайиши ёки НАТОнинг маълум соҳадаги роли масалалари бўлсин - буларнинг барча-барчаси сўнгги йилларга қараганда томонларнинг бир-бирига ишончи кўпроқ бўлган вазиятда муҳокама этилиши мумкин, дейди АҚШ вакили.

Майкл Мак Фўл АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Европа бўйича юқори лавозимли расмийси. Унга кўра, Кремл расмийлари орасида Қўшма Штатлар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда Россияни кучсизлантириш учун бор имкониятдан фойдаланади, деган фикр шаклланган.

Мак Фўлнинг таъкидлашича, АҚШ президенти Барак Обама Москвага ташрифи чоғида НАТОнинг кенгайиши каби масалаларда ўз фикрини очиқ баён қилиш орқали Россия расмийларининг бундай фикри нотўғри эканини кўрсатади.

- Биз апрел ойида президент Дмитрий Медведев билан биринчи марта учрашган пайтимиздаги каби бу масалалар ҳақида ҳам жуда очиқ гапирмоқчимиз. Шундан кейин биз миллий манфаатларимиз деб белгилаганимиз масалалар юзасидан Россия билан ҳамкорлик қила олиш йўллари бор ёки йўқлигини кўрамиз, деди Майкл Мак Фўл.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Европа бўйича юқори лавозимли расмийсига кўра, президент Барак Обама нафақат Россия президенти Дмитрий Медведев ва Бош вазир Владимир Путин билан¸ балки бизнес ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам қатор учрашувлар ўтказиш орқали Россия жамияти билан мулоқот бошлаш йўлларини излайди.

Ўз навбатида, Россия ҳам АҚШ билан ўзаро муносабатларни яхшилашни хоҳлайди. Аммо Москва расмийлари бунинг учун аввал Вашингтон ўз сиёсатини ўзгартириши кераклигини айтиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG