Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:31

Болалар боғда ўйнамайдиган бўлди


Кузатувчилар болаларнинг паркларда ролик учишини таъқиқлагандан кўра, кам таъминланган оила фарзандларга ёрдам режаси устида бош қотирсалар, мақсадга мувофиқроқ бўлишини таъкидламоқдалар.
Кузатувчилар болаларнинг паркларда ролик учишини таъқиқлагандан кўра, кам таъминланган оила фарзандларга ёрдам режаси устида бош қотирсалар, мақсадга мувофиқроқ бўлишини таъкидламоқдалар.

Душанбе ҳокимининг жамоат жойларида, хусусан, истироҳат боғларида болаларнинг ролик, самокат ҳамда скейтбордларда ўйнаш расман таъқиқлангани кузатувчилар хавотирига сабаб бўлмоқда.

Душанбе шаҳар ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев тугаб бораётган ҳафта бошида имзолаган қарори асосида жорий ойдан эътиборан душанбеликларга жамият жойларда, яъни паркларда, кўчаларда, спорт залларида, жамоат транспортида алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш, ҳуштак чалиш ва энг муҳими, болаларнинг ғилдиракли мосламаларда ўйнашлари таъқиқланди.

Ёзги каникулда душанбелик болалар марказдаги Комсомол кўлида чўмилиш баробарида кўлнинг сўл томонидаги кенг ва силлиқ асфалт билан қопланган катта майдонда самокат, ролик ўйнардилар. Бугун бу гўшада болаларнинг қий-чуви тинган. Майдон атрофида аҳён-аҳёнда пайдо бўлиб қолган самокатли болалар милиционерлар томонидан қувилмоқда.

Душанбелик Саодат аянинг бешта невараси бор. У бугун дам олиш куни невараларини шу ерда дам олишга олиб келган.

- Ҳай, энди ароқни таъқиқлаган яхши. Нима кераги бор шу бемазагарчиликнинг. Лекин бу мошинча (ролик демоқчи – таҳр.) болаларнинг хоббиси. Болалар шу билан озгина бўлса ҳам дам олади.

Ҳозир шароит оғирлигидан ҳамма болаларнинг асаби бузуқ. Бу парк-ку, бу ерда болалар хоҳлаган нарсаси билан ўйнаши керак. Билмасам, нега булар маън қилишмоқда, дейди Саодат ая самокатли болаларни ҳар томонга қуваётган милиционерларга ишора қилиб.

Бир неча чақирим йўл босиб Ҳисор туманидан Душанбедаги паркка дам олиш учун келган Ҳусния эса шаҳар ҳокимининг ичкилик, ролик ва ҳуштак чалишни таъқиқлагани айни муддао, дея мулоҳаза билдиради.

- Шу паркка кираверишда маст ҳолда ерда юмалаб ётган аёлга кўзим тушди. Ахир шу ҳам иш бўлдими - аёл киши куппа-кундуз куни жамоат жойида ичиб, маст ҳолда кўчада ётса. Эркак киши бўлса ҳам бошқа гап. Уни кўрган болаларимиз қанақа ибрат олишади.

Ролик масаласи ҳам шу. Ҳозир бозорларда битта ролик 80 сомоний (тахминан 19 доллар - таҳр). Болаларим бошқалардан кўриб, “менга ҳам олиб беринг”, деб қистайди. Энди таъқиқлаган бўлса жуда яхши. Унча пулга болага ролик олгунча, бир қоп ун оламан, болам бир ой беминнат нон ейди, дейди Ҳусния.

Хуллас, Душанбе шаҳар ҳокимининг шаҳарни тартибга солиш мақсадида имзолаган янги қарори тожик жамиятида турлича баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда таҳлилчилар шаҳар ҳокими бу қарори билан инсон ҳуқуқларини, хусусан, болалар ҳуқуқларини қўпол тарзда бузаётганини таъкидламоқдалар.

- Шаҳримизда болаларнинг яхши дам олишлари учун деярли шароит йўқ. Улар шу роликлар ва самокатлар билан овунишарди.

Аммо шаҳар ҳукумати буни била туриб, уларга алтернатив тадбирлар ташкил қилмай туриб, болаларимиз учун мароқли вақт ўтказиш усули бўлган ролик, самокат ва скейтбордларда ўйнашни таъқиқлаб қўйди.

Бу қарорни ҳар жиҳатдан тожикистонлик болаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш, деб биламан. Ўйлайманки, умуминсоний эркинликлар масаласида ҳукумат ҳушёрроқ бўлиши керак. Чунки ҳар қандай ноўрин таъқиқлар тарангликлар келтириб чиқариши табиий, дея хавотир билдиради мустақил таҳлилчи Фируз Саидов.

Айни пайтда Душанбе шаҳар ҳокимиятининг жамоат жойларида алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш ва ҳуштак чалишни таъқиқлаши тожикистонликлар орасида норозилик кайфиятини уйғотаётгани йўқ. Бу қарордан фақат ичкилик сотадиган савдогарларгина унча хурсанд эмаслар.
XS
SM
MD
LG