Линклар

Тожикистон террорчилар маконига айландими?


Тожик расмийлари мамлакатда террорчи гуруҳлар мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни инкор этарканлар, бутун мамлакат бўйлаб вазият тўла назоратда эканини таъкидламоқдалар.

Тожик расмийлари мамлакатда террорчи гуруҳлар мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни инкор этарканлар, бутун мамлакат бўйлаб вазият тўла назоратда эканини таъкидламоқдалар.

Кейинги кунларда айрим вебсайтларда “Тожикистон террорчилик тармоқларини ёйиш учун ўта қулай ҳудудга айланган”и ҳақида мақолалар пайдо бўла бошлади, тожик расмийлари эса бу иддаони рад этмоқдалар.

1 июл куни Центразия сайтида Зоя Абаева исмли муаллифнинг “Ҳизбут-тожик” деб номланган мақоласи эълон қилинди.

“Бугун Тожикистон террористик тармоқларини кенг ёйиш учун жуда қулай ҳудудга айланган. “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилоти бу тармоқлар орасида энг бақуввати ҳисобланади. Мазкур ташкилот маркази Тавилдара ҳисобланади. Бу ташкилот негизида кўп тармоқли тизимлар бўлиб, улар ҳокимиятни қўлга олишга тайёр.

Бундан ташқари, Тожикистон қўшни Афғонистон билан минг километрли чегарага эга. Сўнгги пайтларда Афғонистонда Толибон ҳаракати янада фаоллашган. Бу эса, ўз навбатида, турли майда террорчи гуруҳларнинг ҳам Толибон сафига қўшилишига олиб келди.

Афғонистон ва Покистондаги ҳарбий лагерларда жангари машқларини ўтиб келган террористлар Тавилдара ва Жирғатолда ўрнашиб олган. Ниҳоят, мазкур туман аҳолисининг бир қисми ҳам шу гуруҳларга қўшилмоқда. Улар Тожикистондаги фуқаролик уруши даврида ҳарбий тажриба орттирган.

Қирғизистон ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, биргина Тавилдара ва Жирғатол туманларида 800 дан ортиқ жангарилар тўпланган ва улар қўшни давлатлар хавфсизлиги учун жиддий таҳдид туғдирмоқда”, деб ёзади мақола муаллифи.

Шунингдек, мақола муаллифи Хитойнинг махсус хизматлари маълумотларига таянган ҳолда, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида Шарқий Туркистон исломий ҳаракатининг кучли гуруҳи фаолият олиб бораётгани ва унинг асосини уйғурлар ташкил этишини ёзади. Муаллифга кўра, Хитой Халқ Республикасида содир этилган қатор террористик амалиётларни айнан мана шу ҳаракат аъзолари содир этган.

Хўш, муаллифнинг бу иддаолари ҳақиқатга қанчалик мувофиқ? Сўғд вилоят прокурори Хайрулло Саидовнинг айтишича, Интернет сайтларида пайдо бўлаётган шу каби мақолалар замирида асос йўқ.

- Тўғри, сўнгги пайтларда турли оммавий ахборот воситаларида суверен Тожикистон ва унинг раҳбарияти обрўсини туширишга қаратилган бўҳтон мақолалар чоп қилинмоқда. Ҳозир айнан сизларга - оммавий ахборот воситалари вакилларига мурожаат қилиб айтмоқчиманки, бу ғирт ёлғон гаплар.

Тожикистон ҳудудининг бирор жойида жангарилар йўқ. Хусусан, Исфара туманига келсак, дарҳақиқат, ЎИҲ аъзолари қўлга олинган. Лекин, наинки мазкур туман, балки бутун вилоят куч ишлатар тузилмалари назоратидадир. Ҳудуд аҳолиси ва хусусан, қўшни давлатлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ, деди вилоят прокурори.

Маҳаллий кузатувчи Бахтиёр Валиевнинг сўзларига кўра эса,сайтларда чоп қилинган мақолаларда жон бор.

- 2008 йил боши ва июн ойида Тоғли Бадахшон вилоятида қуролли тўқнашувлар, Кўлоб шаҳрида бир хафта давом жангларни эсласак кифоя. Ўшанда Имомали Раҳмон режимига қарши кучлар саноқли соатларда бутун шаҳарни қўлга олган эди.

Тавилдара туманида подполковник Захарченко ўлдирилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, фуқаролик уруши даврида шу туман яккаҳокими бўлмиш Мулло Абдулло ўз жангарилари билан туманни эгаллагани ҳаммага маълум.

Шу йилнинг май ойида эса расмий Душанбе ва жангарилар ўртасида олиб борилган бир неча кунлик мулоқотлардан кейингина Мулло Абдулло ўз отряди билан тоққа чиқиб кетган. Бир сўз билан айтганда, террористик гуруҳларми ёки ҳозирги хукуматга қарши гуруҳларми - республикада мавжуд эканлигини инкор қилиб бўлмайди, дейди Бахтиёр Валиев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида фуқаролик уруши чоғида амалдаги тожик расмийларига қарши жанг қилган дала қўмондони Мулло Абдулло ўз жангарилари билан Тавилдара туманида пайдо бўлгани ҳақида хабар тарқалганди.

Хабарларда айтилишича, Мулло Абдулло туман аҳолиси билан учрашган ҳамда минтақада адолат ўрнатилишини айтган. Жангариларнинг туманда пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар республика президентининг мазкур туманга ташрифи арафасига тўғри келганди. Расмий Душанбе ўшанда Тавилдарага зудлик билан хавфсизлик кучларини ташлаган эди.

Айни пайтда тожик расмийлари республика жануби ва шарқида террористик гуруҳлар пайдо бўлганини инкор этмоқдалар. Тавилдара туманидаги амалиётни эса улар банг моддалари контрабандаси билан шуғулланувчи гуруҳларни қўлга олиш амалиёти бўлганини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG