Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:50

Урумчида низо: тартибсизликми ёки ғалаён?


Пекин расмийлари¸ якшанба кунги воқеаларни Хитойдан мустақил бўлишга уринаëтган мусулмон уйғурлар исëни дея баҳоламоқда.
Пекин расмийлари¸ якшанба кунги воқеаларни Хитойдан мустақил бўлишга уринаëтган мусулмон уйғурлар исëни дея баҳоламоқда.

Якшанба куни Урумчида бўлиб ўтган воқеаларни Хитой расмийлари "тартибсизлик", уйғур миллий озодлик ҳаракати вакиллари эса "қатағон сиёсатига қарши ғалаён" сифатида баҳоламоқдалар.

Якшанба куни Шинжон Уйғур мухтор ўлкаси маркази бўлган Урумчи шаҳрида содир этилган тартибсизликларда, давлат матбуотига кўра¸ 140 одам нобуд бўлди, 800 дан ошиғи жароҳатланди.

Хабарларга кўра¸ Урумчидаги низо Хитойдаги асосий этник группа ҳисобланган ханлар ва уйғурлар ўртасида бўлиб ўтган.

“Маҳаллий ўйинчоқ фабрикасида ханлар уйғурлардан бирини хитой қизни зўрламоқчи бўлганликда айблаган ва шундан сўнг тартибсизликлар юз берган”, деб ёзади Lenta.ru.

Хитой ҳукуматига тегишли “Синхуа” агентлигининг хабар беришича, Урумчида бир неча минг уйғур якшанба куни автомашиналарга ўт қўйган, полициячиларни тошбўрон қилган.

“Синхуа” тартибсизликда иштирок этган одамлар ҳибс қилинганини ҳам ёзган, бироқ қўлга олинганлар сони ҳақида маълумот бермаган.
AFP агентлиги эса тартибсизликлар натижасида қурбон бўлган уч кишининг хан этник группаси вакили эканини хабар қилган.

Мазкур агентлик Хитой расмийлари Жаҳон уйғурлари конгрессининг АҚШда яшаётган раҳбари Робия Қодирни Урумчидаги тартибсизликларни уюштирганликда айблаётгани ҳақида маълумот тарқатди.

Япониядаги уйғурлар ассоциацияси раҳбари Илҳом Маҳмуд эса ғарб оммавий ахборот воситаларига Урумчида 300 киши қамоққа олинганини айтган.

У берган маълумотларда айтилишича, Урумчи кўчаларига 3000 дан ортиқроқ уйғур чиққан. Уларни бостириш учун ўқотар қурол ва электрошокерлар билан қуролланган мингга яқин полициячи жалб қилинган.

Айни пайтда мустақил Уйғур давлати ташкил этиш мақсадида Ғарб мамлакатларида фаолият юритаётган уйғур сиёсий ташкилотлари Урумчидаги воқеани ғалаён сифатида баҳолайдилар. Уларга кўра, Хитой ҳукуматининг уйғурларга нисбатан юритаётган қатағон сиёсати Урумчидаги ғалаёнларга сабаб бўлган.

Шинжон Уйғур мухтор ўлкаси узоқ йиллар давом этган мустақиллик учун кураш ҳаракати заифлашган 1955 йилда Хитой таркибига қўшиб олинган эди.
XS
SM
MD
LG