Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:29

Ўзбек минаси қурбонлари кўпаймоқда


Мутахассисларга кўра, ўзбек-тожик чегарасидаги майдонларни миналардан тозалаш учун 12 миллион АҚШ доллари керак бўлади.
Мутахассисларга кўра, ўзбек-тожик чегарасидаги майдонларни миналардан тозалаш учун 12 миллион АҚШ доллари керак бўлади.

Ўзбек-тожик чегарасида минага учраб қурбон бўлганлар сони яна бир кишига кўпайди. Тожикистонлик кузатувчилар мина майдонлари оқибати учун маънавий ва моддий жавобгарликни расмий Тошкент ўз зиммасига олиши заррур, деган фикрдалар.

Тожикистон шимолидаги Панжакент туман ҳокимияти расмийси Умеджон Ҳабибовнинг айтишича, фожеа 2 июл куни содир бўлган.

- Биз бу нохуш хабарни 2 июл куни Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Панжакент туман бўлими вакилларидан олдик.

Ўша куни эрталаб тахминан соат 7-8 ларда Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси яқнидаги Фароб жамоатига қарашли Лабидур қишлоғи ёнида мол боқиб юрган 36 ёшли Муҳсин Мирзоев минага дуч келиб портлаган. Афсуски, ёрдам кеч етиб келган ва Муҳсин Мирзоев ўша жойда жон таслим қилган, дейди Умеджон Ҳабибов.

Расмийнинг айтишича, мазкур фожеа юзасидан туман прокуратураси жиноий иш очган, Ўзбекистонга ҳукумат номидан норозилик мактуби жўнатилган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Тожикистон ҳукумати халқаро ташкилотлар кўмагида миналарга дуч келиб жабр кўрганларга ёрдам беришга, уларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга ҳаракат қиляпти.

Минадан зарар кўрган аштлик Ёқуб Холбоев Қизил Ярим Ой халқаро жамияти томонидан оёқ протези билан таъминланган жабрдийдалардан бири.

- Мен одатдагидек қишлоғимиз ёнидаги адирларда қўй - қўзиларни боқиб юрган эдим. Қўйларнинг бир иккитаси ажралиб, четга чиқиб қолди. Уларни подага қўшиш ниятида ўша томонга юрдим. Бирдан еру осмон бир бўлиб кетди. Кейин нима бўлганини аранг эслайман. Хайриятки, яқин орада ҳамқишлоқларим юрган экан ёрдамга келишди, дейди Ёқуб Холбоев.

Тожикистон Қизил Ярим Ой жамияти табиий офатлар ва фавқулодда ҳолатлар бўйича мувофиқлаштирувчиси Райҳон Умарованинг айтишича, ўзбек миналари туфайли бир умрга ногирон бўлиб қолган тожикистонликларга биринчи навбатда ёрдам кўрсатилмоқда.

-Тожик-ўзбек чегарасида мина портлаши натижасида жабрланган кишиларга республика Қизил Ярим Ой жамияти томонидан кўмак берилмокда.

Жумладан, 2008 - 2009 йилда портлаш натижасида ногирон бўлиб қолган 30 нафардан ортиқроқ одамга сунъий оёқ ясаб берилди, қўлтиқтаёқ ва мажруҳлар аравачаси берилди, дейди Райҳон Умарова.

Унга кўра, мина портлашлари энг кўп юз берган Панжакент, Исфара, Ашт ва Конибодом туманларида ногиронлар учун махсус спорт майдончалари бунёд этилди. Минадан жабр кўрган оилалар озиқ - овқат билан таъминланди. Шунингдек, миналардан яраланган 40 дан ортиқ сўғдликлар ва уларнинг оила аъзолари Душанбе шаҳри яқинидаги Варзоб дарасидаги соғлиқни тиклаш масканида даъволандилар.

Айни пайтда маҳаллий кузатувчилар 9 йил олдин ўзбек-тожик чегарасини бир томонлама миналаштирган расмий Тошкент мина майдонларда “бегуноҳ одамларнинг ҳалок бўлаётгани учун маънавий ва моддий жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак”, деб ҳисоблайдилар.

- Қаерда одамлар минадан зарар кўрса уларга ёрдам бериш, қўллаб -қувватлаш қоидалари амал қилади. Лекин Ўзбекистон томони миналарда портлаб, ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳаттоки таъзия билдирмайди. Бунинг учун кўп нарса керак эмас-ку. Бир оз одамийликнинг ўзи кифоя, дейди маҳаллий кузатувчи Мақсуд Жўраев.

Тожикистонлик мутахасисслар эътирофича, тожик - ўзбек чегарасидаги мина майдонларини тозалаш учун 12 миллион АҚШ доллар керак бўлади.

Бироқ таҳлилчилар керакли маблағ топилган тақдирда ҳам ўз ҳудудини деворлар ва хандақлар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган Ўзбекистон томони чегарадаги мина майдонларини тозалашга рухсат бермайди, деган фикрдалар.
XS
SM
MD
LG