Линклар

logo-print

Қирғизистонда коррупция ривожланмоқда


"Транспэренси интернэшнл" ташкилоти раҳбари Угет Лабелл президент Бакиев билан учрашуви чоғида Қирғизистонда коррупцияга қарши кураш ҳаракати самарали натижа беришига умид билдирди.

"Транспэренси интернэшнл" ташкилоти раҳбари Угет Лабелл президент Бакиев билан учрашуви чоғида Қирғизистонда коррупцияга қарши кураш ҳаракати самарали натижа беришига умид билдирди.

“Транспэренси интернэшнл” ташкилоти бошқарув кенгаши раиси Угет Лабелл Бишкек расмийлари билан учрашуви чоғида мамлакатда коррупцияга қарши кураш масаласини муҳокама қилди.

“Транспэренси интернэшнл” халқаро ташкилоти раҳбари Угет Лабеллни қабул қилган Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев, халқаро ташкилот вакилига мамлакатда коррупция даражаси йилдан йилга камайиб бораётганини исботлашга ҳаракат қилди.

Президент Бакиевга кўра, 2005 йилда давлат бюджети 17 миллиард сўмга ҳам етмас эди. 2008 йилда эса мамлакат бюджети 60 миллиард сўмга яқинлаб қолган.

Қирғизистон раҳбарининг айтишича, мамлакат бюджетининг ўтган йилларга нисбатан 3,5 баробарга ўсгани ҳам Қирғизистонда коррупция томири кесилаётганидан даракдир.

Шундан келиб чиққан ҳолда, расмий Бишкек “Транспэренси интернэшнл” томонидан Қирғизистонга нохолис баҳо берилган, деб ҳисоблайди.

Масалан, Қирғизистон коррупцияга қарши кураш агентлиги маълумотига кўра, мамлакатда коррупция даражаси 2005 йилга нисбатан “анча озайган”. Лекин “анча озайиш” рақамлар тили билан қанча бўлишини расмий Бишкек очиқламаган.

“Транспэренси интернэшнл” халқаро ташкилоти раҳбари Угет Лабелл қирғиз президенти Қурмонбек Бакиев билан учрашуви чоғида расмий Бишкек коррупцияга қарши кураш йўналишида бир қатор чораларни кўраётганлигини айтиб, бу чоралар самарали бўлишига умид билдирган.

Бишкеклик сиёсатшунос Асқарбек Мамбеталиев фикрича, “Транспэренси интернэшнл” раҳбари бундай фикрни дипломатик аҳлоқ қоидаларидан келиб чиқиб билдирган бўлиши мумкин.

- Аслида Қирғизистон коррупция даражаси бўйича бошқа халқаро ташкилотлар ҳисоботларида ҳам энг охирги ўринларни эгалламоқда.

Халқаро ташкилотларга Қирғизистондаги коррупция даражасини бўрттириб кўрсатишдан ҳеч қандай наф йўқ.

Шундоқ экан, расмий Бишкек бу ҳисоботлар ҳақиқатга яқин эканини тан олиши керак. Шундагина қирғиз ҳукуматининг коррупцияга қарши кураш ҳаракати жиддий эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин, дейди Асқарбек Мамбеталиев.

Иқтисодчи олимлар фикрича, коррупцияга қарши кураш комплексли тарзда амалга оширилмоғи керак. Қирғизистонда эса бу йўналишда фақат Коррупцияга қарши кураш давлат агентлиги тузиш билангина чекланилган.

Бу агентлик йил сайин уч-тўрт амалдорни коррупцияда айблаб баёнот беради. Танқид қилинган амалдорларнинг лавозимидан олинган олинмагани, уларга нисбатан жиноят иши очилган ёки очилмагани номаълумлигича қолаверади.

Иқтисодчи Талант Кемеловнинг айтишича, Қирғизистонда коррупцияга қарши курашга бутун бир жамият сафарбар қилинмас экан, вазият мана шу ҳолатда ўзгармасдан қолаверади.

- Коррупцияни фақатгина ҳукуматнинг ўзи енга олмайди. Бу курашга бутун жамиятни сафарбар қилиш керак. Лекин бугунги кунда қирғиз ҳукумати жамиятни коррупцияга қарши курашга жалб қилишдан манфаатдор эмаслигини кўрсатиб қўймоқда, дейди иқтисодчи олим.

Бир неча йил аввал дунёдаги коррупция даражаси бўйича 180 давлат орасида 128 ўринни эгаллаган Қирғизистон, бугунги кунда “Транспэренси интернэшнл” халқаро ташкилоти ҳисоботида 166 поғонани эгаллаб, дунëдаги энг коррпуциялашган мамлакатлар йигирматалигидан жой олган.
XS
SM
MD
LG