Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индексини аниқлаш йўлга қўйилиш арафасида. Мустақил таҳлилчилар¸ бундан нақд пул айланишини янада кучлироқ назоратга олиш кўзда тутилаëтганини тахмин қилмоқдалар.

Ўзбекистон Монополияга қарши сиёсатни такомиллаштириш маркази мамлакатда ишбилармонлик фаоллиги индексини аниқлаш лойиҳасини тез орада битириб, дастлабки сўровларни, тахминан, бир ойдан сўнг ўтказишни кўзламоқда.

Марказ директори Ғолиб Холжигитов дастлабки лойиҳада 10 йўналиш асосида жами 50 та корхона фаоллиги индексини аниқлаш кўзда тутилганини айтар экан, бу терминга изоҳ ҳам бериб ўтди.

Яъни, ишбилармонлик фаоллиги индекси — маълум бир корхона, муассаса, фирма, ташкилот раҳбарияти ва ходимлари орасида бевосита улар фаолиятига дахлдор бўлган саволлар асосида тузилган сўров натижасида аниқланади.

Мисол учун, савдо фирмаси вакилларидан: “Ўтган ойдаги савдо ҳажмидан бу ойдагиси кўп бўлдими ёки оз, харидор кўп келдими ёки оз, товар кўп сотдингизми ёки оз?” мазмунидаги саволларга жавоб олинади.

Олинган жавоблар асосида ишбилармонлик фаоллиги индекси ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Монополияга қарши сиёсатни такомиллаштириш маркази директори Ғолиб Холжигитов ишбилармонлик индексини аниқлаш учун танлаб олинган соҳаларни алоҳида санаб ўтди.

- Қурилиш¸ чакана савдо¸ улгуржи савдо¸ консалтинг хизматлари¸ реклама хизматлари¸ тиббий хизматлар¸ суғурта соҳаси¸ телекоммуникация¸ халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш¸ бошқа хизмат турлари ва бошқа ишлаб чиқариш билан қандай кетаяпти тадбиркорлик ривожланиши.

Энди уларнинг ўзларининг баҳоси бўлади. Ҳеч ким буни “мана шунақа экан” деган маънода эмас¸ уларнинг ўзларининг статистик маълумотларига таянмаган ҳолда кундалик жараëнга умуман вазиятлардан келиб чиқиб баҳо бериш имкониятини беради. Яъни ҳозирдаги эмас¸ келажакдаги башорат.

Айрим бизнесменлар масалан¸ кундалик заказлар камаядими¸ молларига талаб камаядими – улар буни сезиб турадику. Шунга қараб ўзлари баҳо беради. Давлат ҳақиқатан қандай вазият бўлаëтганлигини билиши керакку. Бу ҳукуматга амалий жиҳатдан ëрдам берар¸ деган умиддамиз¸ дейди Ғолиб Холжигитов.

Ўзбекистон Монополияга қарши сиёсатни такомиллаштириш маркази директори Ғолиб Холжигитов Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индексининг аниқланиши мамлакат иқтисодини ривожлантиришда ҳукуматга ёрдам беришига умид қилмоқда.

Ғолиб Холижигитовга кўра, аввалига турли йўналишларидаги 50 та, кейинчалик эса 200 ёхуд 300 та корхонада ишлаётган ходимларнинг фикри Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятга ишбилармонлар қатламининг асл муносабати ҳамда эртанги кунга ишончини акс эттиради.

Бу эса нафақат Ўзбекистон ҳукумати, балки хориж ишбилармонлари учун ҳам қимматли маълумот бўлиши мумкин.

Кўп йиллар давомида Ўзбекистон Молия вазирлиги тизимида ишлаган, ҳозир қўшни Қозоғистондаги “Евроосиё” бозор муносабатлари институти декани Сапарбой Жубаев аслида бундай тадқиқотлар ўтказилгани ва ишбилармонлик фаоллиги индекси аниқланиб боргани жуда яхши, деган фикрда.

Аммо, асл вазият ҳақидаги асл маълумот кейин қай мақсадда ишлатилади ва бунинг натижаси қандай бўлади, дея савол ташлайди бу молиячи.

- Муаммо нимада? Саволлар бериб кўп нарсани билиб олиш мумкин. Лекин эртага бунинг натижаси қанақа бўлади¸ молиявий муаммо¸ пул-кредит сиëсати осон бўладими ëки бўлмайдими – шунга қараб қилиш керак.

Бизнинг корхоналарга бориб “Конвертация масаласи ҳал бўлганми?” деб сўраса¸ улар нима деб жавоб беради? Расмий томондан конвертация бор. Лекин корхонанинг ўзи эркин конвертацияга бориш учун у комиссияга арз беради¸ бу комиссия кўриб чиқади¸ икки-уч ойда уларнинг қарори чиқади ва кейин конвертация бўлади.

Икки-уч ой бизнинг қурилиш ëки ишлаб чиқариш кутиб турадими? Шунақа муаммолар энди ҳал бўладими? Очиқроқ айтаверсак¸ балки ҳал бўлиб қолар, дея умид билдиради молия мутахассиси Сапарбой Жубаев.

Ўз фикрига асос қилиб, Сапарбой Жубаев, ишбилармонлик фаоллиги индексини аниқлаш учун бирламчи қилиб олинган қурилиш соҳасини тилга олди.

Қурилиш соҳаси Ўзбекистонда шитоб билан ривожланиб бораётган соҳалардан биридир.

- Четга чиққан кишиларимиз кўпроқ пул олиб келди ва қишлоқда ҳам¸ шаҳарда ҳам қурилиш ривожланди. Эртага улар “Банкдан кредит ололмаймиз¸ лекин четдан пул келди. Шу пул келмагани учун ҳозир қурилиш тўхтаб қолди. Шунга бир ëрдам бергин деса? Бу кўринадиган муаммо бўларди. Лекин бунинг ҳал бўлишига гумоним бор, дейди кўп йиллар давомида Ўзбекистонда молия тизимида фаолият юритган мутахассис Сапарбой Жубаев.

Шу ўринда Ўзбекистон монополияга қарши сиёсатни такомиллаштириш маркази ишбилармонлик фаоллиги индексини аниқлаш мақсадида танлаб олган 10 йўналиш иқтисодчилар эътиборини тортмоқда.

Мисол учун, қурилиш, савдо, консалтинг хизмати, реклама хизмати, тиббий хизмат каби соҳалар Ўзбекистонда, асосан, хусусий сектор қўлига ўтган ва бозори кун сайин кенгайиб бораётган соҳалардир.

Энг муҳими, нақд пул даромади кундан-кунга ўсиб бораётган шу соҳаларда айланмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг кейинги йиллар давомида кичик ва ўрта бизнес вакиллари қўлида айланаётган асл даромад ҳисоби ва нақд пул оқимини ўз назоратига олишга зўр бериб уринаётгани балки бу ҳам шу мақсад йўлидаги яна бир қадаммикин, деган шубҳага туртки бўлмоқда.

Бундай шубҳаларда асос бор, дейди Сапарбой Жубаев.

- Нақд пул айланишини контролга қўйиб¸ тушган пулларни бозорда бўлса ҳам¸ аптекаларда бўлса ҳам¸ қурилишда бўлса ҳам инкасация қилиб¸ пулларни банкка ўтказиш ва айланишга ҳаракат қилинаяпти. Лекин банкдан пул ололмагандан кейин умумий корхоналарнинг ҳаммаси шу пулларни яшириб кўрсатишга ҳаракат қилаяпти.

Буни ҳал қилишга ўтказилган индексларнинг ëрдам беришига гумоним бор. Шу нарсани очиқ айтган билан 15 йилда бўлмаган натижа бўладими, дея хулоса қилади кўп йиллар давомида Ўзбекистон Молия вазирлиги тизимида ишлаган, ҳозир эса қўшни Қозоғистондаги “Евроосиё” бозор муносабатлари институти декани Сапарбой Жубаев.
XS
SM
MD
LG