Линклар

logo-print

Урумчида қарийб 1,5 минг киши ҳибсга олинди


Хитойнинг давлатга қарашли ахборот агентлиги Шинжон уйғур мухтор вилоятида юз берган этник зўравонликларга алоқадорликда гумонланган 1434 нафар шахс ҳибсга олинганини билдирди.

Якшанба куни Хитой яқин тарихидаги энг мудҳиш этник тўқнашувлардан бири юзага чиқди. Уйғур мухтор ўлкаси маркази Урумчида кузатилган зўравонлик оқибатида камида 156 одам нобуд бўлди¸ 800 дан ортиғи жароҳатланди. Хитойдаги ахборот воситалари Шинжондаги воқеалар тўғрисида бошқа маълумот тарқатмади.

Хитой ҳукумати Шинжондаги қонли воқеалар учун АҚШда сургунда фаолият юритаётган Дунё Уйғур қурултойи раиси Робия Қодир ва унинг ташкилотини айблади.

Бироқ Озодлик радиосига интервью берган Робия Қодир Шинжон уйғур мухториятидаги қонли воқеалар учун ўзи ва Дунё Уйғур қурултойи сабабчи экани ҳақидаги Пекиннинг айбловини кескин рад қилди.

Икки ўғли Хитой қамоқхонасида сақланаётган Робия Қодир қонли воқеалар учун аввало Гуандон вилоятида ўнлаб уйғурларнинг хонлар томонидан ўлдирилгани ва бунга ҳукумат томонидан лозим чоралар кўрмагани, шунингдек, Хитой коммунистларининг озчиликни ташкил этган уйғур ва бошқа халқларга нисбатан нотўғри сиёсат юритаётганини таъкидлади.

Ҳозирда юзлаб полиция кучлари Урумчи ва бошқа шаҳарлар кўчаларида назоратни кучайтирган.

Хитой ҳукумати Шинжондаги қонли воқеалар тўғрисида тўғри маълумот хорижга чиқишининг олдини олиш учун уяли телефон, Twitter, интернет алоқаларини узиб қўйган ёки секинлаштирган.
XS
SM
MD
LG