Линклар

АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Дмитрий Медведев учрашувининг биринчи куни Қўшма Штатлар ва Россиянинг ҳамкорлик қилишга нақадар тайёр эканини кўрсатди.

Ҳал қилиниши қийин бўлган муаммолар анчадан бери матбуотда муҳокама қилиниб бораётганидан кўра кўпроқ натижа бермади. Бироқ Обама ҳам, Медведев ҳам 6 июл куни Кремлда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида улар ўртасида мулоқот фалсафаси топилганини қайд этдилар.

Иккала президентнинг ўзаро тил топа олишига ҳар икки давлат таҳлилчилари шубҳа қилмаётгандилар.

- Уларнинг иккаласи ҳам битта сиёсий авлод вакиллари, уларнинг иккаласи ҳам юрист, уларнинг иккаласи ҳам компютер ишқибози, деганди Барак Обаманинг Москва сафари олдидан у билан суҳбат ўтказган россиялик журналист, ИТАР-ТАСС бош директори муовини Михаил Гусман АҚШ ва Россия президентлари ўртасида дўстона мулоқот ўрнатилишига ишонишини изоҳларкан.

Иккала президентнинг душанба кунги музокаралари ҳамкорлик ҳақида бир неча шартнома имзолаш билан якунланди.

Улардан бири анчадан буён муҳокама қилиб келинаётган стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш принциплари ҳақидаги ҳужжат бўлиб ҳисобланади.

Янги шартнома кучга кирганидан кейин (1991 йилда имзоланган эски шартноманинг шу йил декабр ойида муҳлати тугайди – таҳр.) АҚШ ва Россия етти йил давомида ўз ядровий каллаклари сонини 1,500 – 1,675 тага қисқартиришга келишиб олди. Бироқ Медведев АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизими борасида келишмовчилик ҳал этилмаганини айтди.

Айни пайтда Россия Афғонистондаги АҚШ аскарлари ва қуроллар ташилиши учун ўз ҳудудидан йўлак очиб берадиган бўлди.

Шунингдек, АҚШ ва Россия ўтган йили Грузиядаги урушдан кейин тўхтатиб қўйилган ҳарбий ҳамкорликни давом эттириш ҳақида келишув имзолади. АҚШ раҳбари Грузия суверенлиги ҳурмат қилиниши кераклигини қайд этди.

- Биз Грузия масаласини очиқ муҳокама қилишимиз зарур. Мен Грузиянинг суверенлиги ва ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши кераклигига қаттиқ ишонишимни яна бир марта таъкидладим, деди АҚШ раҳбари матбуот анжумани чоғида.

Шахсий муносабатларда Обама ва Медведев ўртасида муаммо йўқлигига қарамасдан, президентларнинг ўзаро музокараси енгил кечаяпти, деб бўлмайди.

Айрим нашрлар душанба куни АҚШ президенти Барак Обама ўта мушкул вазифа қаршисида қолганини ёздилар.

“Эллик йил давом этган “совуқ уруш” давридаги ўзаро ишончсизликка қўшимча равишда у (Обама) Жорж Буш ҳукмронлиги давомида Россия ва АҚШ муносабатларида юзага келган совуқчиликка ҳам дуч келади...”, дейилади Вашингтонда чиқадиган нуфузли Politico газетаси.

Узоқ вақт давом этган совуқ муносабатлар музокаралар суръатини секинлаштираётганини Россия расмийлари ҳам тан олмоқдалар. Хусусан, Россия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Николай Макаровнинг эътироф этишича, Россия ва АҚШ муносабатларида узоқ вақт совуқчилик ҳукмронлик қилган ва ҳозирда ўзаро муносабат стратегияси қайта ишлаб чиқилаяпти.

Шунга қарамай, бир неча соат давом этган музокаралардан кейин журналистлар олдида сўзлаган иккала президент бундан буёнги ҳамкорлик янада самаралироқ бўлиши ҳақида ваъдалар билан бир-бировига далда беришга уриндилар.

Россия президенти бир неча соат ичида барча муаммоларни ҳал қилишнинг имкони йўқлигини қайд этаркан, Обама билан ўзи ўртасида зарур “ҳамкорлик фалсафаси” юзага келганини, Россия ва Америка тўхтовсиз олға силжийверишини айтди ва буни, ўз навбатида, АҚШ президенти ҳам тасдиқлади.

Хорижий журналистлардан бирининг “Россияни ҳозир ҳақиқатан ким бошқармоқда - президент Медведевми ёки бош вазир Путинми?” қабилидаги саволига жавоб бераркан, Обама Дмитрий Медведевга тўла ишонишини, "Президент Медведев – президент, бош вазир Путин эса бош вазир” эканини таъкидлади.

Аснода Washington Times газетасининг ёзишича, "айрим таҳлилчилар Обама Путин билан кўп вақт ўтказмасдан хатога йўл қўяётганини қайд этмоқдалар”. Бироқ бошқа экспертлар Обаманинг Москва сафари графиги АҚШ президентининг айнан Медведев билан яхши алоқа ўрнатишга уринаётганидан дарак беришини таъкидламоқдалар.

7 июл куни АҚШ президенти Барака Обама Россия бош вазири Владимир Путин билан илк бор учрашади.

Обама Москвага сафари арафасида “Путиннинг бир оёғи совуқ уруш даврида экани”ни, унинг ўтмиш билан яшаётганини айтганди.

Бироқ душанба куни АҚШ президенти Путин ва Россия жамиятида таъсирга эга бўлган барча арбоблар билан учрашишга тайёр эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG