Линклар

Ханлар уйғурларга ташланди


Сешанба куни намойишга чиққан уйғур аëллари ўз яқинларининг қамоққа олиниши ва полиция зўравонлигига норозилик билдирдилар.

Сешанба куни намойишга чиққан уйғур аëллари ўз яқинларининг қамоққа олиниши ва полиция зўравонлигига норозилик билдирдилар.

Сешанба куни Шинжон мухтор минтақаси маркази Урумчида янги намойишлар бўлиб ўтди. Бир неча юз уйғурлар¸ айни пайтда минглаб ханлар шаҳар кўчаларига чиқиб¸ ўз норозиликларини ифодаладилар.

Бир-бири билан қисқа муддат тўқнашган бу икки намойишда изҳор этилган норозилик моҳияти тубдан бир-бирига қарши бўлди.

200 га яқин мусулмон уйғур аëллари¸ расмий хабарга кўра¸ 156 одамнинг ўлдирилиши ва қарийб 1500 га яқин одамнинг қамоққа олинишига асос бўлган якшанба кунги воқеалар¸ умумумиятла эса Хитой ҳукуматининг уйғурларни камситиш сиëсатига норозилик билдирдилар. Намойишчи аëллар кейинги икки кун ичида қамоққа олинган ўз яқинларининг озод этилишини талаб қилдилар.

- Якшанба куни улар ҳаммани олиб кетди ва ичкарига қамаб қўйди. Ҳозиргача ҳибсга олинганлар¸ ҳатто аëллар ва ëш болалар ҳам озод қилингани йўқ. Ичкарида 7 яшар болалар ҳам бор. Хитойда қонун йўқ¸ бўлса ҳам¸ фақат сараланганларнигина ҳимоя қилади¸ деди сешанба куни намойишга чиққанлардан бири.

Урумчи шаҳар коммунистик партияси котиби Ли Цзи¸ минтақада бораëтган тазйиқларни оқлашга уринди.

- Биз аëллар ва болалар хавфсизлигини ҳимоя қилаяпмиз. Аммо қўзғолонда қатнашганлар кескин жазоланадилар.Агар улар зўравонликка қўл урган бўлсалар¸ уларга яхшигина сабоқ берилади¸ дея пўписа қилди Урумчи коммунистлари етакчиси.

Айни пайтда Урумчи кўчаларига қўлларида таëқлар билан чиққан Хитойдаги ҳукмрон миллат ханларнинг бир неча минг намояндаси эса¸ якшанба кунги намойиш айбдорларидан ўч олишни мақсад қилганлар.

“Уйғурлар Урумчидаги касалхонага бостириб кириб¸ у ердаги ханларни ўлдирган”¸ деган миш-мишлар етагида кўчага чиққани айтилаëтган юриш иштирокчилари уйғурларнинг Урумчи марказидаги жомеъ масжидига бостириб кириб¸ бу ерда қасос олишни режалаган.

Урумчидан олинган хабарларда айтилишича¸ “Биз ўлган ханлар учун қасдимиз оламиз”¸”Ханлар кимлигини¸ ханлар бирлигини уйғурларга кўрсатиб қўямиз!“ деган ҳайқириқ билан юриш қилган ханлар¸ полиция кучлари томонидан тўхтатилган.

Хитой расмийлари¸ якшанба куни Урумчида чиққан норозилик намойиши ва зўравонликлар учун хориждаги уйғур гуруҳлари¸ хусусан Вашингтонда жойлашган Америка уйғурлари уюшмаси раҳбари Робия Қодир хонимни айблади.

Аммо Озодлик билан суҳбатда бундай айбларни инкор қилар экан Робия хоним¸ Урумчи ва Шинжон мухтор минтақасида юзага чиққан сўнгги вазиятга оид ўз ихтиëридаги маълумотлар билан ўртоқлашди.

Робия Қодир: Биз олган маълумотларга кўра¸ Хитой кучлари 400 нафардан ортиқ одамни отиб ўлдирган. Хитой ҳукумати 140 одам деб хато маълумот бераяпти. Улар 1400 одам эмас¸ намойишга чиққан одамларнинг ярмини қўлга олиб бўлган. Хитой ҳозир ҳам одамларни қўлга олишда давом этмоқда. Намойиш Хитойнинг бостиришига қарамай Қашқар¸ Оқсув¸ Хўтан¸ Қорамой шаҳарларида давом этган. Халқ ўзининг норозилигини билдирган. Хитой норозилик билдираëтганларни ҳам ўлдираяпти¸ ҳам қўлга олаяпти. Ҳатто Хитой ҳукумати Хитой халқини миллатчи қилиб тарбиялаган ва уларнинг кўзига уйғурларни ваҳший қилиб кўрсатиб¸ Хитой миллатчиларининг қўлига пичоқларни бериб¸ бир неча минг хитойликлар “Уйғурларни ўлдирамиз” деб кўчаларга чиқишган.

Озодлик: Хитой ҳукумати расмийлари Урумчи¸ Қашқар ва бошқа шаҳарлардаги тартибсизликлар учун сизни ва сиз етакчилик қилаëтган ташкилотни айблаяпти. Сиз бунга қандай муносабат билдирасиз?

Робия Қодир: Сиз бунга нисбатан тартибсизлик деган сўзни ишлатманг. Тартибсизлик – бу Хитойнинг ишлатаëтган сўзи. Сиз демократик давлатда журналист бўлиб ишлаяпсиз. Уйғур халқининг намойиши¸ уйғур халқининг норозилиги денг.

Озодлик: Бўлмаса мен саволни бошқача қўйсам¸ Урумчи ва бошқа шаҳарларда 5 июл куни бошланган қонли воқеалар учун Пекин ҳукумати сизни ва сиз етакчилик қилаëтган ташкилотни айблади. Бунга сизнинг муносабатингиз қандай?

Робия Қодир: Халқнинг ҳақли ва тинчлик билан олиб борган намойишини Хитой ҳукумати тартибсизлик¸ тўполон деб туриб бостирди. Бу қонли воқеаларни Робия Қодир пайдо қилди¸ деди. Мен бу намойишни ҳаргиз ташкил қилганим йўқ. Бу намойишни Хитойнинг ўзи келтириб чиқарди.

Хитой ҳукумати 60 йил давомида фақат уйғурларга эмас¸ уйғур¸ ўзбек¸ қозоқ¸ қирғиз каби туркий миллатларга зулм қилди¸ минглаб¸ ўн минглаб одамларни қамоққа ташлади¸ бесўроқ йўқ қилиб юборди. Халқ ҳозир дунëдаги демократияни тушуниб етгандан кейин ҳақ-ҳуқуқини сўраб чиқди. Буни мен режалаштирганим йўқ.

Хитой ҳукуматининг Гуандонг воқеаси билан¸ Хитой миллатчилари билан уйғурларга ўзининг ҳукумат сиëсатидаги зулмини оширганига¸ Хитой миллатчиларининг зулмига ва ирқий камситишларига бардош бера олмаган уйғур халқи намойиш қилиб чиқди. Бу қонли воқеани Хитой коммунист ҳукумати ва Шинжонг ҳокими Нур Бекрининг устига илиш керак. Улар ўзларининг манфаати учун¸ ўзларининг мансаби учун икки миллатни бир-бири билан уриштирди.

Бу зўравонлик ҳаракатининг майдонга чиқишини мен ва Дунë уйғур қурултойи ҳаргиз хоҳламайди. Ўлганлар учун мен ниҳоятда афсусланаман. Тибет воқеаси бўлганда Хитой ҳукумати Далай Ламани айблади. Бу воқеада эса мени айблаяпти.

Мен ва Дунë уйғур қурултойининг 51 ташкилоти мамлакат ичкарисида ва ташқарида бўлган бутун уйғурларни Гуандонгдаги воқеалар учун намойиш қилишга чақирдик. Бизнинг шундай ҳақ-ҳуқуқимиз бор. Намойиш дегани бу тўполон эмас. Буни тўполонга айлантираëтган Хитой бўлади.

Шарқий Туркистонда бўлаëтган воқеаларнинг бўлишини биз ҳеч хоҳламаймиз. Си-Эн-Эн телеканалига бир мухбир ҳозиргина “Бир куннинг ичида 1000дан ортиқ ўқ отилди¸ камида 500 уйғур ўлди” деб хабар берибди. Уйғурларни махсус тутиб ўлдиришаяпти¸ дейди уйғур миллий озодлик ҳаракати етакчиларидан бири Робия Қодир хоним Озодлик билан суҳбатда.

Шинжон уйғур минтақасидаги норозилик намойишининг зўравонликка айланиб кетгани ва минтақада мусулмон уйғурларга қарши бошланган репрессиялар халқаро майдонда ташвиш уйғотмоқда.

Чунончи¸ БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги расмийси Руперт Колвил сешанба куни ўз гуруҳи номидан Пекин ҳукуматини якшанба кунги воқеаларни мустақил тафтиш қилишга ва миллий низони гиж-гижламасликка чақирди.

- Олий комиссар Урумчида якшанба куни юз берган тўполонларнинг кўп сонли қурбонларга сабаб бўлгани¸ шунингдек¸ минтақада кескинлик ва тартибсизлик сақланиб қолаëтганидан хавотирда. Олий комиссар уйғур ва хан жамоалари етакчилари¸ қолаверса барча даражадаги Хитой расмийларини босиқлик сақлаш ҳамда янги талофатлар олдини олишга чақиради¸ деди Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари вакили сешанба куни.

Шинжонда кучайиб бораëтган миллий кескинлик муносабати билан Хитой ҳукумати минтақада сешанба кундан бошлаб комендантлик соати жорий қилди.
XS
SM
MD
LG