Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:10

Миналарда портлаган қисматлар


Тўйи куни алғов-далғов бўлган қисмат Садафмоҳнинг кўзларига тубсиз ҳасратни жо қилди.
Тўйи куни алғов-далғов бўлган қисмат Садафмоҳнинг кўзларига тубсиз ҳасратни жо қилди.

19 яшар келинчак ўтирган от нохосдан минага йўлиқди. Чирпирак бўлган тақдир йўли чимилдиқ ўрнига жарроҳ столига олиб келган Садафмоҳ ҳолидан қарийб 15 йилдан бери хабар оладиган йўқ.

Хатлон вилоятининг Шўробод туманида туғилиб ўсган Садафмоҳ пиёдаларга қарши минага учиб, ўнг оёғидан ажралиб қолганида 19 ёшда эди.

- 1995 йилнинг 10 октябри никоҳ тўйим куни эди. Келинлик либосида отга миниб, онам, сингилларим ва яқинларим кузатувида куёвнинг уйига кетаётган эдик. Янгалар чилдирма чалиб, яёв боришарди. Бирданига мен мингашган от туёғи минани эзди ва кўз олдим қоронғулашди.

Кейин нима бўлганини эслай олмайман. Аммо Душанбе шаҳридаги Диякова касалхонасида ҳушимга келганимда шифокорлар бир оёғимдан ажралганимни айтишди, дея эслайди 33 ёшли Садафмоҳ.

Бир йил мобайнида беш марта жарроҳлик столини кўрган Садафмоҳ оёққа тургач, ота-онасига улар билан қолишини ва никоҳдан ўтганига қарамай, куёвнинг уйига бормаслигини айтади.

- Аммо қайнотам бунга рози бўлмади. Турмуш ўртоғим билан атиги икки йил яшадик. Бир ўғилли бўлдик. Аммо кейинчалик у киши мажруҳ аёл билан яшай олмаслигини айтгач, ота-онамнинг уйига қайтдим. Ўғлим Бахтиёрни ҳам ўзим билан бирга олиб келдим, дейди суҳбатдошимиз.

Ўн бир йилдирки, Садафмоҳ ота-онасининг уйида икки акаси, янгалари ҳамда жиянлари билан бирга яшамоқда.

- Ҳам маънавий ва ҳам моддий жиҳатдан жуда оғир шароитда яшаяпман. Эрим шу ўтган вақт ичида бирор марта ўғлини сўраб келмади.

Тожикистон миналардан тозалаш маркази совға қилган тикув машинасидан ташқари ҳукумат ёки халқаро ташкилотлардан ҳали бирор марта ижтимоий ёки молиявий ёрдам олганим йўқ.

Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги менга бор-йўғи 30 сомоний (тахминан 6,5 доллар – таҳр.) нафақа белгилаган. Бу бир кунлик нонга етади, холос. Баъзида кекса ота-онамдан бошқа ҳеч кимга керак эмаслигимни ҳис қилиб, тушкунликка тушиб қоламан, дейди Садафмоҳ қуйилиб келаётган кўз ёшларини кафти билан артаркан.

Садафмоҳ мактабда ўқиб юрган кезлари дугоналаридан матога гул тикиш ҳунарини ўрганган экан. Аёлнинг айтишича, шу ҳунари бугун унга асқатаётибди.

- Миналарни зарарсизлантириш маркази тақдим этган машинада матога гул тикаман. Келинчаклар учун ёстиқ, рўмолча тикиб, бозорга олиб чиқаман. Лекин ҳар вақт ҳам харидор топиш қийин. Баъзида хорижликлардан буюртма оламан. У ҳам бўлса аҳён-аҳёнда, республикамизга халқаро конфренциялар учун келган хорижликлар. Лекин бу даромад ҳам ўғлим иккимизнинг яхши яшашимиз учун етарли эмас, дейди Садафмоҳ.

Суҳбатдошимиз ота-онасидан кейин акаларининг уйига сиғмай қолиши мумкинлигидан хавотирда эканини айтади.

- Бир неча марта Даштижум қишлоқ кенгашига мурожаат этиб, уй қурдириш учун мен ва ўғлимга бир парча ер ажратиб беришларини сўрадим. Аммо мендайларга ким ҳам қулоқ соларди дейсиз.

Ҳозир жойларда ерлар сотилади. Менинг эса унча пулим йўқ. Акаларимнинг уйига ҳозир сиғаман, кейинчалик болам билан кўчада қолсам керак. Ҳозир ҳамманинг дарди ўзи билан, дейди аёл.

Расмий маълумотларга кўра, 1992 йилдан буён Тожикистонда мина портлаши оқибатида 346 киши қурбон бўлган, яна 425 киши эса Садафмоҳга сингари мажруҳ бўлиб қолган. Уларнинг 30 фоизини болалар ташкил этади.
XS
SM
MD
LG