Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:39

Жаҳон уйғурлари беором


Жаҳон уйғурлари Хитой ҳукуматидан ўз ҳаққини талаб қилаëтган Шинжондаги миллатдошлари билан бирдамликларини билдирмоқдалар.
Жаҳон уйғурлари Хитой ҳукуматидан ўз ҳаққини талаб қилаëтган Шинжондаги миллатдошлари билан бирдамликларини билдирмоқдалар.

Шинжон уйғур минтақасида юзага чиққан вазиятга муносабат билдирган Қирғизистондаги уйғур жамоалари¸ кейинги воқеаларни уйғурлар мустақиллик курашининг навбатдаги саҳифаси¸ дея баҳоладилар.

Урумчи воқеаларидан сўнг этник уйғурларнинг Бишкекдаги “Иттипақ” уюшмаси ўзининг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказди. Бу йиғилишда Урумчида уйғурлар намойишининг қонли бостирилишига норозилик сифатида Хитойнинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида пикет ўтказишга қарор қилинди.

- Агар қирғиз ҳукумати бунга рухсат бермаса, биз матбуот анжумани ўтказамиз. Худо хоҳласа, бу матбуот анжуманида ўз расмий позициямизни эълон қиламиз, деди “Иттипақ” ташкилоти раҳбари Дилмурод Акбаров.

Айни пайтда этник уйғурлар вакили Урумчидаги воқеаларни Шинжон уйғур мухтор ўлкаси мустақиллиги учун давом этиб келаётган 300 йиллик курашнинг бир қисми сифатида қабул қилишини ва бу курашнинг Шарқий Туркистон озод бўлмагунига қадар давом этишини айтади.

Қирғизистон ҳукумати ҳозирча Урумчи воқеаларига расман муносабат билдиргани йўқ. Бу ҳақда гапирган сиёсатшунос Ўрўзбек Мўлдалиев фикрича, расмий Бишкек Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзоси сифатида расмий Пекин позициясини қўллашга мажбур бўлади:

- Хитой томони бу ғалаён айирмачилар томонидан уюштирилди, деган хулосани эълон қилди. Шунинг учун ҳам Қирғизистон бу воқеани муҳокама этолмайди. Чунки Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида, энг аввало, Хитой манфаатлари учун хизмат қилувчи шартномалар имзоланган. Бу шартномалар орасида сепаратизмга қарши кураш келишими ҳам бор, деди Ўрўзбек Мўлдалиев.

7 июл куни Бишкекдаги Хитой элчихонаси Урумчида бўлиб ўтган воқеаларни Жаҳон уйғурлари конгресси раиси Робия Қодир раҳбарлигидаги айирмачилар амалга оширгани тўғрисида баёнот тарқатди.

Бу баёнотда айтилишича, Урумчи воқеаларида 156 киши ҳалок бўлган, 1080 киши оғир жароҳатланган. Тартибсизликлар давомида 261 автомашина ёқиб юборилган, 203 савдо шаҳобчаси ва 14 хонадон вайрон этилган.

Хитой элчихонаси баёнотида мазкур воқеалар содир этилишига Робия Қодирнинг интернет орқали уйғур халқини “Бардам ва дадил бўлишга қилган чақириқлари” туртки бергани таъкидланади.

Бироқ Жаҳон уйғурлар конгресси аъзоси Розмуҳаммад Абдулбакиевнинг айтишича, Хитой томони тарқатган бу ахборот ҳақиқатдан узоқдир.

- Хитой матбуотида ҳам бу воқеани уйғур экстремистлари ва сепаратистлари уюштирганлар, деган ахборот берилади¸ Робия Қодир айбланади.

Мен Жаҳон уйғурлар конгресси аъзоси сифатида айтаманки, бизнинг мақсадимиз мустақилликдир. Хитой уйғур заминини босиб олган.

Агар Хитойдан Ҳонконг ажралиб чиқаман деса, бу айирмачилик бўлади. Лекин Хитой томонидан босиб олинган миллат ўз мустақиллигини талаб қилиши сепаратчилик эмас. Бу уйғур миллатининг халқаро қонун меъёрларида белигиланган ҳуқуқидир, дейди Розмуҳаммад Абдулбакиев.

Бишкеклик сиёсатшунос Қубан Абдимен¸ уйғур озодлик ҳаракатининг мустақиллик учун курашини қисман бўлса ҳам тан олган Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ Урумчи воқеаларига сиёсий баҳо беришга ҳаракат қилади, деган фикрда.

- Бироқ Хитой бу масаланинг катталашиб кетишига йўл қўймайди. Хитойга қанчалик қаттиқ босим ўтказилса ҳам бундан натижа чиқмайди, деб ҳисоблайди Қубан Абдимен.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова фикрича, ҳукуматлар воқеани шарҳлашга ожиз қолган ҳозиргидек вазиятда фуқаролик жамияти Шинжондаги зўравонликка фаол муносабат билдириши лозим бўлади.

- Уйғур халқи эркинлигини таъминлаш учун фуқаролик жамияти ўз ҳиссасини қўшиши керак. Инсон ҳуқуқлари чегара билмайди. Шунинг учун ҳам хорижий давлатлар фуқаролик жамиятлари бу муаммога диққат қаратишлари керак, деди Азиза Абдурасулова.
XS
SM
MD
LG