Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:46

Ўзбекистонда камбағал йўқ


Ўзбекистонда деразасига шиша қўйишгада қурби етмайдиганлар¸ кам таъминланган оилалар деб аталади.
Ўзбекистонда деразасига шиша қўйишгада қурби етмайдиганлар¸ кам таъминланган оилалар деб аталади.

Ўзбекистон аҳолисининг каттагина қисми зўрға кун кўраëтганидан зорланиб турган ҳозирги кунларда¸ расмий ҳужжатларга кўра¸ мамлакатда қашшоқ тугул¸ камбағал ҳам қолмапти.

Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисининг 19 фоизи ўта камбағаллик шароитида яшамоқда. Бу маълумот БМТнинг Тараққиёт соҳасида минг йиллик мақсадларини амалга ошириш тўғрисидаги янги ҳисоботидан олинди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун томонидан 6 июл куни Женевада, БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши сессиясида тақдим этилган ҳужжатда айтилишича, бу йил минтақадаги ишли камбағаллар сони 23 фоизга етиши мумкин.

Бу рақам 1997 йилда 26 фоизни ташкил қилган бўлиб, 2007 йили 21 фоизга тушиб қолган эди.

“Ўта камбағаллик” тушунчаси ўзбекчада бир сўз билан, “қашшоқлик” сўзи билан ифодаланади.

Ўзбекистонда камбағаллар йўқ. Қашшоқлар эса, аллақачон битирилган!

Ҳар ҳолда расмийлар бирон жойда, бирон марта бу ҳақда гапирмаган.

Лекин Ўзбекистонда кам таъминланган оилалар бор.

Кам таъминланган оилаларга ҳукумат ва ҳокимиятларнинг тарғиб-ташвиқ босими билан ҳомийлар биттадан сигир беради.

Масалан, мамлакат Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сайтининг хабар қилишича, 2009 йилнинг биринчи чорагида “республикада аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш мақсадида кам таъминланган оилаларга 2701 бош қорамол бепул тарқатиб берилди”.

Хўш, мамлакат бўйлаб қанча “қорамолталаб”, яъни кам таъминланган оила бор?

“Кам таъминланган” деган тушунчанинг аниқламаси борми?

Бу саволлар жавобини излаб кун бўйи Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигига сим қоқдик. “Бор отангга, бор онангга” қилишди – телефон рақамлари билан боқишди. Сўнгги рақам факсники бўлиб чиқди.

Факс эса, одатда саволга жавоб бермайди.

Шундан сўнг оддий ўзбекистонликлардан сўрадик “кам таъминланган” деган тушунчанинг аниқламасини.

Сирдарёлик Карим аканинг айтишича, кам таъминланган оила БМТ бош котиби айтган ўша “ўта камбағал”, яъни қашшоқ оиладир.

Карим ака собиқ маҳалла оқсоқоли. Демак, мавзуни жуда яхши билади.

- Кам таъминланган оилаларни мен ўзимча қашшоқлар деб ўйлайман¸ дейди Карим ака.

Қашшоқлардан сал дадилроқлари ҳам бўлади. Улар камбағаллардир.

- Жамоат тартибида ëки давлат органларида ишлаб¸ энг кам ойлик олганларни камбағаллар деб ҳисоблайман мен¸ дейди Карим ака.

Карим акадан камбағал қанчаю, қашшоқ қанча, деб сўрадик.

Карим ака: Мен маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасида ишлаган пайтимда¸ бизда 580 та оила бор эди. Ўшанда фуқаролар сони 2800 нафар эди.

Озодлик: Қанчаси кам таъминланган эди?

Карим ака: Менинг давримни эътиборга оладиган бўлсак¸ адашмасам 18 та кам таъминланган оила бор эди. Ариза билан чиқиб¸ аризалари ижобат бўлган оилалар.

Озодлик: Камбағаллар деганимизчи? Ҳалиги ойликка яшайдиганлар.

- Камбағаллар бизнинг маҳаллада¸ адашмасам¸ 30-35 фоизни ташкил этади¸ дейди сирдарёлик Карим ака.

Энди Андижон атрофидаги қишлоқлардан биридаги аҳвол билан танишайлик. Бу ишда бизга тингловчимиз Муҳаммаджон ака ёрдам беради.

Муҳаммаджон ака: Камбағал деганда¸ менинг назаримда¸ ўзининг кунлигини кунда топиб еб яшаëтган одам. Унда ортиқча нарса бўлмайди.

Озодлик: Энди қашшоққа ўтамиз.

Муҳаммаджон ака: Қашшоқ энди бу ҳозирги айтганга ҳам ярамайдигани. Яъни ўзининг кунлигини кунда топиб ейишга ярамайдиган одам¸ менинг назаримда¸ қашшоқ.

Озодлик: Қишлоғингизда қанча одамни камбағалларга¸ қанча одамни қашшоқларга қўшиш мумкин?

Муҳаммаджон ака: Қашшоққа 25-30 фоиз одамни қўшиш мумкин.

Озодлик: Қашшоққа.

Муҳаммаджон ака: Ҳа¸ шундай. 50 фоиз одам камбағал даражада кун кечиради. 15 фоиз ўртаҳол ëки яхшига яқин даражада яшайди. Мен ўз атрофимга назар солган ҳолда айтаяпман.

Озодлик: Қашшоқлик билан камбағаллик йил сайин озаяяптими ëки кўпаяяптими?

Муҳаммаджон ака: Кўпаяяпти. Ҳозир одамлар қанақа иш бўлса, қилаяпти. Ўтган йил 30-40 сўмдан қуйилаëтган хом ғиштлар ҳозир 16-20 сўмдан қуйилаяпти. Икки баробарга арзон.

Озодлик: Демак¸ ишчи кучи икки баробарга арзонлаб кетди.

- Ҳа¸ шундай¸ дейди андижонлик Муҳаммаджон ака.

Ишчи кучининг икки бараварга арзонлагани ишсизлар сонининг икки бараварга кўпайганидир, дейиш мумкин.

Қашшоқлик ва камбағалликка қарши кураш дегани эса, ишсизликка қарши кураш деганидир.

Хўш, қанча ишсиз бор Ўзбекистонда?

Бу саволга жавобни БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти Москва бюросининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Ольга Богдановадан сўрадик.

Унинг айтишича, ишсизлар сони тўғрисидаги маълумотларни Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлар мунтазам эълон қилиб туради, бироқ афсуски, Ўзбекистон бўйича, бундай маълумотлар бизда йўқ, деди Ольга Богданова.

Демак, Ўзбекистонда ишсизлик йўқ ва бундан келиб чиқадики, қашшоқликка қарши курашишга ҳожат йўқ.

Ўзбекистонда ишсизлар йўқ. Банд бўлмаган аҳоли бор ва улар учун мунтазам равишда бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказиб турилади.

Лекин ҳолва деяверган билан оғиз чучимаслиги ҳам бор гап.

Бутун республикадаги вазиятни оддий ўзбекистонлик билиши мушкул. Лекин ўзининг қашшоқ ё қашшоқ эмаслигини билиб олиш имкони бор.

БМТ андозалари бўйича, бир кунлик тирикчилиги учун 1 доллару 25 цент сарфлай олмайдиган киши қашшоқдир.

Демак, 5 кишидан иборат оилага бир ойда 185-190 доллар кирмаса, бу оила қашшоқдир.

Сал кўпроқ кирса, камбағалдир.

Азиз тингловчи, мана энди ўз даромадингизни ҳисоблаб кўринг.
XS
SM
MD
LG