Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:27

Обама Россия мухолифатига далда берди


Обама билан учрашувдан сўнг Озодликнинг Москва студиясида меҳмон бўлган Россия мухолифатчилари¸ АҚШ маъмуриятидан кўп нарса кутмаëтганларини таъкидладилар.
Обама билан учрашувдан сўнг Озодликнинг Москва студиясида меҳмон бўлган Россия мухолифатчилари¸ АҚШ маъмуриятидан кўп нарса кутмаëтганларини таъкидладилар.

Москвада фуқаролик жамияти вакиллари ва мухолифатчилар билан учрашган АҚШ президенти Барак Обама уларни тушкунликка тушмасдан¸ демократия учун курашни давом эттиришга чақирди.

Россия бош вазири Владимир Путин билан учрашув ва Россия Янги иқтисодиëт академияси битирувчилари олдида қилган чиқишидан сўнг Барак Обама АҚШ ва Россия ноҳукумат ташкилотлари раҳбарларининг форумига ташриф буюрди. Москва форумига йиғилган фуқаролик жамияти лидерлари Обама билан “Метропол” меҳмонхонасида учрашди.

Учрашув чоғида АҚШ президенти қисқа маъруза қилиб, унда ижтимоий мулоқотнинг нақадар муҳимлиги қайд этди ва фуқаролик жамияти қуйидан юқорига қараб ривожланиши лозимлигини таъкидлади.

Икки мамлакат жамоатчилик ташкилотлари вакиллари икки кун мобайнида инсон ҳуқуқлари, мутбуот эркинлиги, экология¸ маҳаллий ўз-ўзини бошқариш, таълим ва тиббиёт каби олти йўналишда гуруҳларга бўлиниб ишладилар. Ҳамкорликдаги иш натижалари бўйича улар ўз тавсияларини ишлаб чиқдилар ва уни АҚШ президентига топширдилар.

- Россия ва АҚШ фуқаролик жамияти вакилларига қаратилган нутқида Барак Обама Дмитрий Медведевнинг фуқаролик жамияти ҳар иккала давлат турмушида ҳам ўта муҳим рол ўйнашини тушунишини, бунга Россия президенти билан ўтказган сўнгги икки кун мобайнида амин бўлганини айтди. Мен “АҚШ президенти хато қилмаяпти” деб ишонишни жуда хоҳлардим.

Бошқа томондан эса Дмитрий Медведевнинг бугун “Метропол”даги фуқаролик саммитига келмагани унинг мамлакатларимиз учун ўта муҳим бўлган жараёнларда фуқаролик жамияти ролига етарлича баҳо беролмаётганидан дарак беради.

Обаманинг нутқига келсак, у фуқаролик жамияти фаоллари (жамият тараққиётида) нақадар муҳим рол ўйнашини кўп маротаба таъкидлади. У кучли ва самарадор фуқаролик жамиятисиз кучли давлат қуриб бўлмаслиги ҳақида гапирди, деди Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг тадқиқотчиси Татьяна Локшина.

Форумдан сўнг президент Обама “Риц Карлтон” меҳмонхонасида мухолифат партиялари вакиллари билан учрашди. Тадбирда Россия коммунистик партияси раҳбари Геннадий Зюганов, “Яблоко” лидери Сергей Митрохин, “Правое дело” ҳамраиси Леонид Гозман, “Солидарность” ҳамраислари Борис Немцов ва Гарри Каспаров, Республика партияси собиқ раҳбари Владимир Рижков, компартия вакили Елена Лукьянова ҳамда “Справедливая Россия” вакиллари Илья Пономарев ва Елена Мизулина иштирок этдилар.

Учрашувда, асосан, рус мухолифатчилари сўзладилар, Барак Обама эса уларни тинглаб, айрим фикрлар юзасидан ўз мулоҳазаларини айтди. У “бугунги учрашув муайян мулоқотнинг дебочаси” эканини айтди. Айни пайтда у бугунги мулоқотдан қандайдир радикал қарор ва баёнотлар кутиш ўринсиз бўлишини ҳам қистириб ўтди.

- Биз билан учрашувда президент Обама нафақат Россияда, балки бошқа бир қатор давлатларда ҳам фақат расмийлар билангина эмас, жамоатчилик вакиллари билан ҳам учрашганини, бу ўз сиёсати принципи эканини очиқ айтди. Бу жиҳатдан Обама маъмуриятининг моҳиятан фақат расмийлар билан ишлаб, Россияда мустақил фуқаролик жамияти ва мустақил мухолифатни кўпинча эътиборга олмаган Буш маъмуриятидан фарқи катта.

Биз учрашувда мамлакатимиздаги демократия ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг долзарб масалаларни кўтардик. Гап ЮКОСнинг иккинчи иши, сўз эркинлиги, эркин сайловнинг йўқлиги, мухолифат партияларни рўйхатдан ўтказиб бўлмаётгани, митингларнинг куч билан тарқатилаётгани ҳақида борди.

Гарри Каспаров Барак Обамага мамлакатимиздаги сиёсий маҳбуслар рўйхатини берди. Ўйлайманки, бугунги учрашувимиздан кейин президент Обамада биздаги “суверен демократия” нима экани ҳақида, мамлакатимизда мухолифат ва фуқаролик жамияти қандай қийинчиликларга тўқнаш келаётгани ҳақида аниқ тасаввур пайдо бўлиши керак, деди учрашув иштирокчиларидан бири бўлган Владимир Рижков.

Айни пайтда рус мухолифатчилари президент Обамадан катта ёрдам умид қилмаётганлари, америкаликлар рус демократларига жилла қурса халақит бермаслиги лозимлигини таъкидладилар.

- Биринчидан, агар бизни Кремлнинг қуйруғи сифатида кўришса, бизга жуда қаттиқ халақит берган бўладилар. Аммо, Худога шукурки, Обама бундай қилмаяпти, Буш шундай қилганди.

Иккинчидан, Обама “Россия жуда ўзига хос ўлка ва унга ўзига хос демократия керак”лиги ҳақидаги, биз бошқалар хоҳлаган нарсаларни хоҳламаслигимиз ва демократияга тайёр эмаслигимиз ҳақидаги эртакка ишонса, бизга қаттиқ халақит бериши мумкин. Мен Обамадан бу гапларга ишонмасликни сўрадим. Руслар ҳам худди бошқа одамлар кабидир, улар ҳам эркин демократияга бошқалардан кам ишонмайдилар, деди “Правое дело” ҳамраиси Леонид Гозман.

Айни пайтда рус мухолифатчиларининг қайд этишларича, Обама мамлакатда мавжуд муаммолардан хабардорлиги ва улар президент Медведев билан бўлган икки томонлама музокараларда муҳокама қилинганини айтган. Бундан ташқари, АҚШ президенти мухолифатчиларни сабрли бўлишга ундаган.

- Президент Обама беш-олти йил Сенатда мухолифат сафида ишлагани ва республикачилар унинг бирор қадам босишига имкон бермаганларини эслади. Обама: “Мен баъзан қўлимдан ҳеч нарса келмаслигини ўйлаб, ҳафсалам пир бўлиб кетарди. Аммо ҳар биримиз Сизиф (юнон мифологияси қаҳрамони – таҳр.) каби тоққа тош думалатиб чиқаверишимиз керак, чунки ҳар қандай катта ўзгариш кичик ҳаракатлардан бошланади. Ишончни йўқотмаслик, тушкунликка тушмаслик, скептик ва циник бўлмаслик лозим ҳамда ишни давом эттиравериш керак”, деди. Менимча, унинг бу хулосаси кўп нарсани англатади. Бу билан у демократия ва инсон ҳуқуқларига ишонган кишилар курашни давом эттираверишлари лозимлигига ишора қилди, деди Владимир Рижков.

Рус мухолифатчилари фикрича, АҚШ президенти Барака Обаманинг 7 июл куни қарийб кун давомида фуқаролик жамияти ва мухолифатчилар билан бирга бўлгани фақат кўр ва карлар сезмаслиги бўлган катта сигналдир.
XS
SM
MD
LG