Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:05

Аксёнов оламдан ўтди


Собиқ иттифоқдаги бир неча авлод китобхон¸ Аксëновни ўз севимли ëзувчиси деб билади.
Собиқ иттифоқдаги бир неча авлод китобхон¸ Аксëновни ўз севимли ëзувчиси деб билади.

Таниқли рус ëзувчиси Василий Аксёнов узоқ йиллик бетобликдан сўнг оламдан ўтди. Аксёнов Кремл таъқибига учраб¸ СССР фуқаролигидан мосуво қилинган ёзувчилардан бири эди.

Василий Аксёнов 2008 йилнинг январ ойида юрак xуружига учраганидан буён ўз хаёти учун кураш олиб борди.

Ёзувчининг ўлими тўғрисидаги хабар унинг дўстлари, ҳамкасблари ва жаҳон бўйлаб миллионлаб китобхонларни ларзага солди.

“Знамя” журнали бош муҳаррири Наталья Иванова китобхонларнинг бир неча авлоди Аксёновни севишини айтади:

-“Севимли ёзувчи” деган ибора бошқа ёзувчиларга қараганда орамиздан ўтган Аксёновга кўпроқ ярашади. Аксёнов асарларининг қаҳрамонлари ўзига ўхшаган эди. Унинг ўзи ҳам китоблари ҳам мафтункор эди. Унинг ўқувчиларга бўлган муносабати ҳам бошқача эди. Одам унинг асарларини нафақат ўқиш¸ балки қайтадан мутоала қилишни истайди. Боиси¸ унинг роҳат билан ишлаши сирли тарзда ўқувчиларга ҳам ўтар эди, дейди Наталья Иванова.

Василий Аксёнов 1932 йилда Қозон шаҳрида таваллуд топган. 1960 йилда Ленинградаги тиббиёт дорулфунунини якунлангандан сўнг¸ Аксёнов ўз умрини адабиётга бағишлади.

Ёзувчи 1960 йилда “Ҳамкасблар” деб номланган илк асарини нашрдан чиқарди ва бу китоб Аксёновга шуҳрат келтирди.

Бир йилдан сўнг чоп этилган “Юлдузли чипта” деб номланган асар эса Аксёновни мамлакатнинг етакчи ёзувчиларидан бирига айлантирди.

Эрта машҳурликдан қанотланган Аксёнов бир нечта роман, қисса ва қисқа хикояларни нашрдан чиқарди. Унинг бир қанча асари “Юность” журналида ҳам чоп этилди.

Аксёновнинг яқин дўстларидан бири ёзувчи Владимир Войнович гапиради:

- Биринчи асарлариёқ Аксёновга шуҳрат келтирди. Ҳануз эсимда “Ҳамкасблар”, “Юлдузли чипта” асарлари китобхонлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетган эди. Аксёнов совет режими билан иноқ бўлганда ёки бу режим билан можарода бўлиб, мамлакатни ташлаб кетганда ҳам бу машҳурлик уни ҳеч қачон тарк қилмади, дейди Владимир Войнович.

1980 йилда Аксёнов турмуш ўртоғи билан АҚШга сафар қилди. Ушбу сафар давомида Москва режими ёзувчини совет фуқаролигидан мосуво қилади.

Совет ҳукуматининг бу ҳаракати ёзувчи ва совет режими ўртасида қарийб 10 йил давом этган тортишувга якун ясади.

70 -йиллар бошида ёзувчига “аксилсовет” тамғаси босилиб, унинг китоблари мамлакат ҳудудида мутлоқ таъқиқлаб қўйилди.

Шунга қарамасдан ёзувчининг айрим асарлари яширин йўллар билан четга чиқарилди ва нашр қилинди.

1989 йилга келиб эса Совет иттифоқи Аксёнов асарларига жорий этилган таъқиқни бекор қилди. Бир йил ўтиб эса¸ ёзувчининг фуқаролиги ҳам қайта тикланди.

Василий Аксёнов 9 июл куни Москвадаги Ваганьковский қабристонида дафн этилади.
XS
SM
MD
LG