Линклар

logo-print

Қурмонбек Бакиев АҚШнинг Манасдаги ҳарбий базаси ўрнида “Юк транзити маркази” ташкил этиш борасидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади ва бу "ҳийлаи шаърий" билан ўз олдинги қарорини ўзи силлиққина бекор қилди.

Бу қонун 2 июл куни имзоланган бўлса ҳам, бу ҳақдаги расмий хабар фақат 7 июл куни кечга яқин тарқатилди.

Қирғиз матбуотидаги хабарларга кўра, АҚШ ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида имзоланган Бишкекдаги Америка ҳарбий базаси ўрнида “Юк транзити маркази” ташкил этиш борасидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун тасдиқлангани ҳақида Россия делегацияси билан ўтказилган учрашувдан сўнггина расмий ахборот тарқатилган.

Қирғиз матбуотининг ҳукуматдаги ишончли манбаларга таянган ҳолда маълум қилишича, 20 кишидан иборат делегация таркибида Россия Мудофаа вазири Анатолий Сердюков ҳам бўлган.

Россия делегацияси президент Қурмонбек Бакиев билан ҳам учрашган.

Бироқ Кремл расмийларининг Бишкекка ташрифи ҳақида қирғиз ҳукумати расмий маълумот тарқатмаган. Президент матбуот хизмати эса Россия делегациясининг Қурмонбек Бакиев билан учрашгани ҳақидаги маълумотни тасдиқламади, айни пайтда рад ҳам этмади.

Мазкур ҳолат бишкеклик сиёсатшунослар орасида турли тахминларни пайдо қилди. Сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев фикрича, Кремл расмийлари Бишкекда қирғиз ҳукумати вакиллари билан АҚШ базаси ҳақида якуний маслаҳатлашувларни ўтказган бўлишлари мумкин.

- Россия кейинги икки йиллик стратегик йўналишида ўз олдига иккита муҳим масалани мақсад қилиб қўйган. Бу АҚШ ва Европа иттифоқи билан иложи борича тиғиз ва очиқ муносабатларни ўрнатиш.

Бугунги кунда АҚШнинг асосий бош оғриғи толибонга қарши кураш ва Исроил давлатининг йўқ бўлиб кетишига йўл қўймасликдир. Толибонга қарши кураш масаласида Россия ўз таъсир доирасидаги ўлкалар орқали АҚШга кўмак кўрсатиши мумкин, дейди сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев.

Бироқ бишкеклик сиёсатшунос Назира Тошхўжаева расмий Бишкек ва Кремл АҚШ ҳарбий базасининг Қирғизистондаги ҳозирлиги масаласида сиёсий ўйин қилди, деган фикрда.

Қирғизистон ҳукумати АҚШ базасининг мамлакатдан чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилинишига Вашингтоннинг авиабаза учун тўланадиган ижара ҳақини оширишдан бош тортганини сабаб қилиб кўрсатган эди.

- Ҳукумат бундан авваллари ҳам яхшигина ҳақ олар эди. Бироқ жамоатчиликка ижара ҳақи оз, деб уқтирилди. Жамоатчилик фикри шакллантирилди.

Кремл эса вазиятдан фойдаланиб, Бишкек ва Вашингтон ўртасида ўртамчилик қилгандай, ўзини АҚШга ишончли ҳамкордай кўрсатишга уринди, дейди сиёсатшунос мазкур воқеани эсга оларкан.

Назира Тошхўжаеванинг айтишича, АҚШ базасининг Қирғизистонда мақоми ўзгартирилган ҳолатда қолдирилиши масаласининг айнан 23 июл куни ўтадиган президентлик сайлови арафасида ҳал этилгани ҳам бу фикрни қувватлайди.

- Ҳозир мухолифат сайловлар билан банд. Сайловлардан кейин мухолифат бу қарорга қарши жамоатчиликни намойишларга олиб чиқади, деб ҳисоблайди бу сиёсатшунос.

Бироқ сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев АҚШ базасининг Қирғизистондан чиқарилишига қирғиз мухолифатининг асосий қисми ўз вақтида қаршилик қилганини айтади.

Унинг фикрича, АҚШ базасининг Қирғизистондан чиқарилиши тўғрисидаги қонуннинг қайта кўриб чиқилиши минтақа хавфсизлиги учун муҳим эканини мухолифатчилар яхши тушунадилар.

- Бу база фақат Қирғизистон учунгина эмас, Тожикистон учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам керак.

Бишкекдаги база толибонга қарши курашда, Афғонистонда етиштирилаётган наркотикларни йўқ қилишда муҳим аҳамиятга эга эканини ҳамма тушуниб турибди, деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев 2009 йилнинг 3 февралида Москвага расмий сафар билан борган ва АҚШ базасининг Қирғизистондан чиқарилиши тўғрисида баёнот берган эди.

Орадан кўп ўтмай, қирғиз парламенти бу борада қонун қабул қилди ва янги қонунга биноан АҚШ ҳарбий базаси 20 августгача мамлакатдан чиқарилиши керак эди.

Бироқ 22 июн куни Қирғизистон ва АҚШ ҳукуматлари авиабаза тўғрисидаги янги шартнома имзоладилар. Бу шартнома 25 июн куни қирғиз парламентида тасдиқланиб, 2 июл куни президент Бакиев томонидан имзоланди.
XS
SM
MD
LG